Мазкур ташаббус олимлар кенгашида тортишувларга сабаб бўлган. Тайёрланган дастур лойиҳасини қайта таҳлил этишга қарор қилинган. Институт муаллими Давронбек Насибхонов шундай дейди: - Биз ўрганмоқчи бўлаётган ва ўрганаётган Муҳаммад Солиҳ 1980-йиллар ўрталарида янги овоз билан, янги бир услуб билан шеъриятга кириб келган. У ўзбек адабиётида янги бир оқимни, ўзича янги бир йўналишни, Солиҳ мактабини яратган шоир. Ростдан ҳам Муҳаммад Солиҳ адабиётда жуда катта фигура. Ва буни биз йўкотиб қўядиган бўлсак, талабаларимиз ҳам жуда кўп нарсани йўкотади. Балки Ўзбекистонда ростдан ҳам таъқиб бордир, балки ростдан ҳам қўрқишаётгандир. Лекин бу дегани биз ҳам қўрқишимиз керак, дегани эмас-ку. Бизга ҳали ҳеч ким таъқиқламади-ку. Нима учун энди биз ўз-ўзимиздан Муҳаммад Солиҳни адабиётдан чиқариб ташлашимиз керак?
Ўйлайманки, буни ҳеч ким таъқиқламайди, таъқиқлай олмайди ҳам. Биз Муҳаммад Солиҳни шоир сифатида, шоир бўлганда ҳам ўзбек адабиётидаги катта бир фигура сифатида ўрганаяпмиз. Ва менимча, бу ерда сиёсатнинг ҳеч қандай алоқаси йўк.
Биз талабаларга унинг шеърларини таҳлил этишда ёрдам бераяпмиз. Бу шеърлар нима мақсадда ёзилган? У мустақиллик учун курашган шоир эди. Совет зулмидан кутулиш учун, ўзбек тилини, туркий тилни бир мустақил тил бўлишига интилган шоир эди. Эрк деб яшаган шоир эди. Унинг ана шу гояларини талабаларга етказаяпмиз, унинг ижоди билан таништиришга ҳаракат қилаяпмиз.
- Қандай йўл билан? Дарслардами?
- Дарсларда афсуски, катта соат ажратилмаган. Нафақат Муҳаммад Солиҳ, бошқа шоирлар, хусусан Рауф Парфи ижодига ҳам кўп дарс соатлари ажратилмаган. Шунинг учун тўгаракларда, дарсдан ташқари адабиётни севадиган талабалар орасида уларга маълумот беришга ҳаракат қилаяпмиз.
Дарсларни оладиган бўлсак, "Ҳозирги адабий жараён" курси 80-йиллардан бугунги кунгача бўлган даврни қамраб олади. Курсда икки шоирга бир пара, яъни саксон минут вақт ажратилган. Дарсдан ташқари тўгаракларда эса ўзимизнинг ихтиёримиз,- дейди Давронбек Насибхонов.
Ижод ва шахсият
Институт муаллимаси Муяссархон Холматова ижодкор ижодини унинг шахсидан алоxида ўрганиш керак, деган ёндашув бўлиши лозимлигини айтади:
- Дастур тайёр бўлмаганлиги учун дарс жадвалига қўйилганича ҳам йўк бу курс. Шу жиҳатдан ҳам Муҳаммад Солиҳ таҳлил арафасида. Унинг шеърияти ўша даврдаги шеърият қаторида арзигулик шеърият. Бизнинг асосий вазифамиз ҳам уни шоир сифатида ўргатиш. Масалан, фалончи шоир ароқ ичар экан, шунинг учун унинг ижодини ўрганмаслик керак, ёки кўп хотинли экан, унинг асарларини ўрганмаслик керак, дегандек ёндашувда бу. Унинг шеърияти зўрми уни ўрганиш керак. Унинг шахсий ҳаёти ёки унинг сиёсий фаолияти бизни қизиқтирмаслиги керак, - дейди Муяссархон Холматова.
Институт расмийлари Муҳаммад Солиҳ ижодиётини ўрганиш ташаббусига салбий муносабат билдирадилар. Айни мулоҳазада расмий Тошкент назаридан ҳадик акс-садоси кўринаётгандек. Институт ректори Равшанбек Турсунов гапиради:
- Бизда ўкув режаси бўйича "Ҳозирги адабий жараён" курси бешинчи курснинг иккинчи ярмида ўқитилади. Қирғизистон таълим тизими стандартларига мос равишда биз ўкув дастурларини Ўзбекистон дастури асосида тузамиз. Чунки бу ўзбек филологияси курси.
"Ҳозирги адабий жараён" курсини ўтиш бўйича лекция, амалий машгулот соатлари кафедра йиғилишига муҳокамага қўйилганида бир неча ижодкорлар ижодини ўтиш ёки дастурга киритиш бўйича мунозара бўлган. Улар орасида Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Солиҳ, Хуршид Даврон, Қамчибек Кенжа каби шоирлар бор эди. Мен ўша ерда ҳам Муҳаммад Солиҳ ижодини ҳозирча ўкув дастурига киритмай турайлик, деган фикрни айтганман, - дейди институт раҳбари.
Таъқиқланган шоир
Қўшни Ўзбекистонда Муҳаммад Солиҳ шеърияти таъқиқланганига ўн йилдан ошгани маълум. Қаламкаш китоблари кутубхоналардан йиғиб олиниб йўк қилингани, дарсликларга кириб колган шеърлари эса йиртиб олингани айтилади.
Кузатувчиларга кўра, ҳозирги Қирғизистонда адабиёт ва санъат масалаларида сиёсат устуворлигига барҳам берилган ва мамлакатда расман тазйиқ, босим, таъқиб эxтимоли йўк, дейиш мумкин. Айни пайтда Давронбек Насибхонов мунозараларга сиёсий тус бериш эxтимолини инкор этмайди:
- Ўзбек гуманитар-педагогика институтида Муҳаммад Солиҳнинг ижоди ўрганилар экан, деган нарсага ҳайрат билан қарашнинг ўзи нотўгри, деб биламан. Энди мен қўрқадиган нарса шуки, бу масала сиёсийлашиб борадиган бўлса, бизнинг раҳбаримизга қандайдир босимлар бўлиши мумкин. Натижада биз мана шу курсни ўтолмай коламизми, Муҳаммад Солиҳ ижодини ўрганолмай коламизми, деб қўрқаман.
Аслида демократик давлат бўлган Қирғизистонда бундай бир тазйиқ ёки таъқиб бўлиши кулгили. Бу масала сиёсийлашмаслигини хоxлайман. Шоирми, адабиётми, уни мафкурага богламайлик, сиёсатга богламайлик,- дейди Давронбек Насибхонов.
Маҳаллий таҳлилчилар айтишича, сўз эркинлиги бир қадар ривож топган Қирғизистонда мухлис эxтиёжи мавжуд бўлган ижодкор йўлида фақат бир тўсиқ бўлиши мумкин. У ҳам бўлса, баъзи бир мулозимлар эс-xушига сингиб кетган шўролар давридаги таъқиқлар асоратидир.
Мўмин Бекзод (Қирғизистон)