Бош сахифа

Лойиха ҳақида

Хабарлар

Мақолалар
 
Бадиий адабиёт

Бош саҳифага қайтиш


 
 

ШЕЪРЛАР

 
 
 
Ушбу матн
1054 марта ўқилди.
 
 
Хостинг от uCoz
 

Қайга кетдинг ташлаб ўзингни?
 
Юсуф Расул 1971 йилда Тожикистоннинг Панжакет туманида таваллуд топган. Тошкент Давлат Университетини журналистика факултетини тамомлаган. БиБиСи, "Америка овози" ва Британиянинг IWPR нашрида мухбир бўлиб ишлаган. Айни пайтда Швецияда яшайди. www.isyonkor.ucoz.ru интернет саҳифаси муҳаррири, мустақил журналист.

Юсуф Расул

Шеърлар

Рауф Парфи хотираси

Рауф Парфи ўтиб кетди...
Қолиб кетди орқада ҳаёт...
Қолиб кетди шеър, адабиёт...

Неки қолди бирма бир ўтди...

Субҳи содиқ...
Кимса билмасдан
Зерикарли дунёни ташлаб,
Маъюс кўзлар, дилларни бошлаб
Шоир кетди борса келмасга...

Қуролланган дўстлари қолди
Садоқларда тугаб ўқлари,
Фалакларга етиб оҳлари...

Оллоҳ берди, қайтариб олди...
Шоир кетди...

Видо

Мана шоир бўлолмадик...
Кунлар ҳам ўтди...
Чўкиб қолди қалбимизга не - не дунёлар.
Биз излаган ул маъволар бирма - бир йитди,
Фақат қолди афсус, ўкинч, номсиз рўёлар.

Бироқ ҳарчанд урунмайин унутолмаман,
Ул муътабар шеър сеҳрини, сенинг кўзингни.
Эй, Илоҳдан келган мужда, эй, ширин хаёл,
Қайга кетдинг, қайга кетдинг ташлаб ўзингни?

Акам Шухрат хотирасига

Сўзлагин, қайларга бош олиб кетай,
Тунгами, кунгами сочай қалбимни,
Сенинг кўз ўнгингда йўқолай, йитай,
Айт, қандай топширай сенга умримни?

Айт, ахир, қайларга кўмдинг жисмимни?
Нега мен гирёнман, ҳайрон, девона?
Нега сен унутиб қўйдинг исмимни?
Нега мен ўзимга булдим бегона?

Сочларинг анбардир, рўйинг суманбар,
Хаёлларинг банддир қайга жувонмард?!
Сўзларинг титроқдир, кўзларинг фироқ,
Сочларинг байроқдир, йўлларинг йироқ!

Сенингми- кўк, ҳилол, менингми -тупроқ,
Сенингми -ишқ, висол, менингми- фироқ?
Сенингми- бу олам, менинг- паноҳим,
Сенингми -шунча ғам, менинг гуноҳим?

Айт, ахир...Айт ахир... Айт ахир...
Саодатга

Мен сени кимларга қолдирдим гулим,
Наҳотки билмадим, бу вужуд- хоин.
Бир кун адо қилар сени кўзларим,
Бир кун хароб қилар юрагим тайин.

Мен сени кимларга бердим севгилим?
Наҳотки ишондим телба кўнглимга?
Наҳотки ишондим,
Наҳот ишондим,
Сендек фариштани ёлғон умримга?!

Ҳолат

Руҳим заминига кузак чоғларда
Сарғайган япроқдай тўкилиб хаёл,
Сен кетсанг...
Тун чўккач ўша ёқларга
Адирлар югурар кўтариб ҳилол.

Сукунат бағрида оғир тин олиб,
Субҳидам уйғонган ажиб чоғларда,
Менинг бу девона юрагим қолиб
Дарахтлар йиғлайди кузги боғларда.

"Лисон ут Тайр"га ёзув

Қушлар - бу заминдан кўкка ўрлаган
Ожиз инсонларнинг унсиз фарёди.
Қушлар - ўз дардини биров билмаган
Ориф инсонларнинг муқаддас ёди.

Ким ўз асроридан бехабар ўтган-
Тозалай билмаган кўнгил кирини.
Бу улуғ тилсимни заҳматла ечган
Фақат қушлар билар Ҳақнинг сирини.

Кузги боғ;

Илкис кўтарилган қушлар галаси
Бизнинг руҳимизни талаб, суғуриб
Олиб кетадилар ҳув кенгликларга
Мовий хаёлларга белаб, йўғириб.

Қарайсан, куз- ҳорғин, афтода, ғариб,
Сенинг кўнглинг каби маҳзун, паришон.
Қарайсан, менинг ҳам кўзларим ёруғ,
Қарайсан, атрофда алданган ҳижрон.

Қарайсан, ишқ-ўлат ҳайдаган кўнгил
Эркталаб қушларнинг қанотларида
Кўтарилиб борар заминдан узоқ
Хаёлдай бокира самовотларга.

Қарайсан, ўзингдан йироқларга жим
Кетиб бораётган ўзингга ҳолсиз.
Қарайсан қушларнинг шивирларига
Алданган руҳингга мажолсиз.

Қарайсан...
Қарайсан, топа олмайсан,
Излаганинг кимдир, йўқотганинг ким?!.
Ўлим пойлаб турган эшикка томон
Йўл узоқ, кўринмас ўзга бир манзил..

Сўнгги макон

Бир узун кўчанинг бир узун сочли
Бир маҳзун чеҳрали гўзал санами.
Бу қишлоқ тор бизга, юргин кетайлик
Ҳув олис шаҳарга бошлагин мани!

У олис шаҳарнинг тош босган, ғариб,
Ҳиссиз дийдалари ҳайдаса бизни,
Қўрқма кенгликларга кетамиз чиқиб,
Азобдан қутқариб юрагимизни.

Агарда севгилим, агар тоғ тошлар,
Қийнаса, яшашга бермаса имкон.
Бизда бир илож бор, илож бор ахир
Менинг юрагимни этгали макон!

Юрак аҳди

Йироқлар ҳам йироқлашади,
Узаяди уззукун тунлар.
Сени бекор сўроқлашади-
Юрагимдан ўтаётган кунлар.

Бир ичикиш дилни элайди,
Дил ўрайди бир энтикишни.
Хаёлларим мендан сўрайди
Фақат, фақат сен келишингни.

Бироқ кундан, тунлардан ғолиб
Юрак аҳди - сенсиз кетмоқдир.
Ҳижрон - қолмоқ қайғуни олиб,
Ҳижрон - асли ўзни билмоқдир.

Тошкент - Швеция.1992-2006 йиллар.

2006-06-01, 20:36

 
 


 

 
   
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Муаллифларнинг фикри таҳририят нуқтаи назари билан тўғри келмаслиги мумкин.
Матнлардан фойдаланганда уларнинг
www.jadidlar.orgдан олингани кўрсатилиши шарт.