Кеча 2 июн куни "Немис тўлқини" радиоси машҳур ўзбек ҳофизи Дадахон Ҳасановни қамоққа олинганлиги ҳақида хабар тарқатганди.Бироқ бу хабар ўз тасдиғини топмади.Халқаро Ёзувчилар Парламенти аъзоси, ўзбек диссиденти, ёзувчи Сафар Бекжоннинг айтишича у ҳозир ўз уйида. -"Немис тўлқини" радиоси нега бу ёлғон хабарни тарқатгани сабабини тушуна олмаяпман. Балки бу қандайдир тушунмовчилик, ёки радио обрўсини тўкиш учун қилинган ҳаракатдир, дейди Сафар Бекжон.
Ёзувчи Сафар Бекжон деярли ҳар икки уч кунда Дадахон Ҳасанов билан суҳбатлашиб турганини айтади.
Маълум бўлишича шу кунларда Дадахон Ҳасанов билан боғлиқ тергов жараёнлари ниҳоясига етган. Иш судга оширилган. Бироқ судни қачон бошланиши маълум қилинмаган.
-Тергов пайтида машҳур ўзбек ҳофизи ва шоири Дадахон Ҳасановга конститутциявий тузумга тажовуз қилганлик, президент шахсини камситиш, ноқонуний ташкилотлар тузиш ва унга аъзо бўлиш каби айблар билан жиноий иш очилган эди. Маълум бўлишича тергов пайтида Дадахон Ҳасановга қўйилган айбловлар ўзгартирилмаган, дейди Сфар Бекжон.
Дадахон Ҳасанов "Озодлик" радиосига берган интервюсида ўзини соғлиги ёмон эканлигидан нолиган эди. Шунга қарамай машҳур ўзбек ҳофизи тушкунликка тушгани йўқ.
-Дадахон ака ўзини айбдор деб билмагани, ўз ҳатти ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлигини билгани учун ўзини руҳан озод ҳис қилмоқда, дейди ёзувчи Сафар Бекжон.
Юсуф Расул, мустақил журналист, Швеция.