Бугун шоир Холдор Вулқон Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг аъзолигидан чиққанлигини эълон қилди. Шоир ўзини Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзолигидан чиқиши сабабини шундай изоҳлайди:
"2005 йилнинг 13 май куни Андижон шаҳрида Каримов ва унинг режими даҳшатли жиноятлар содир этди. Абдулла Орипов раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси бу жиноятни қўллаб қувватлади. Шу сабабли мен ўз ихтиёрим билан Ёзувчилар Уюшмаси аъзолигидан чиқишга қарор қилдим",- дейди Холдор Вулқон биз билан суҳбатда.
Холдор Вулқон Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганди.
Айни пайтда Бишкек шаҳрида қочқинликда яшаётган шоир Ватанини тарк этиши сабаблари ҳақида гапиради:
"Ўзбекистондан чиқиб кетишимга Андижон воқеалари пайтида халқаро журналистлар билан ҳамкорлик қилганимдан боис бошланган тазйиқлар сабаб бўлди. Мен халқаро журналистлар билан бутун дунё Андижон фожеаси ҳақида билиши учун ҳамкорлик қилгандим", дейди шоир.
Халқаро Ёзувчилар Парламенти аъзоси, ўзбек диссиденти, ёзувчи Сафар Бекжон Холдор Вулқонни Ёзувчилар Уюшмасидан чиққанлигини кутилаётган норозилик акцияларидан бири деб атади.
"Бу биз кутаётган акциялардан биридир. Бундай акциялар бундан кейин ҳам жуда кўп бўлади. Режимни маддоҳига айланган бу Уюшмадан чиқиб кетиш шарафли иш эканлигини бундай кейин кўп ижодкорлар тушуниб етади деб умид қиламан", -дейди Сафар Бекжон.
Айни пайтда Канадада яшаётган журналист ва ёзувчи Исмат Хушев Холдор Вулқонни бу жасоратли қадами билан табриклашини билдирди.
"Бу жуда катта жасоратли қадамдир. Худди шунга ўхшаш қадамни Ўзбекистонда шоира Гулчеҳра Нуруллаева ҳам Уюшма билетини отиб юбориш билан амалга оширганди. Бу воқеадан кейин маҳаллий ўзбек газеталарида маломатли мақолалар эълон қилинганди. Бундан кейин бошқа шоир ва ёзувчилар ҳам кўзларини каттароқ очиб, бу каби лўттибоз уюшмага оммавий бойкот эълон қилиши керак", дейди Исмат Хушев.
Журналистнинг айтишича ўзини халқ ёзувчиси, халқ шоири деб юрганлар аллақачон бу Уюшмадан воз кечишлари керак эди. Чунки бу Уюшма ва унинг раиси Абдулла Ориповни ўзбек халқига хоинона муносабатда турганлиги Андижон фожесидан кейин янада яққолроқ намоён бўлди.
"Мамадали Маҳмудовга ўхшаш фидойи ва истеъдодли ёзувчисини ҳибсда сақланиб қолишида бефарқ қараб турган бу Уюшма ва унинг раиси Абдулла Орипов бутун ўзбек халқининг чексиз қаҳру ғазабига муносибдир. Биз Абдулла Ориповнинг раҳматли Эмин Усмон ҳақида "Озодлик" радиосига берган интервюсида "Эмин Усмон ким ўзи? Биз уни танимаймиз", деган гапларини ҳали унутганимиз йўқ", -дейди Исмат Хушев.
Холдор Вулқон истеъдодли шоир, ёзувчи ва журналистдир. У 1959 йилда Андижон вилоятининг Олтинкўл туманига қарашли Маслаҳат қишлоғида таваллуд топган. 1975 йилдан бадиий ижод билан шуғулланиб келади. Тошкент Давлат Университетининг филология факультетида таҳсил олган. Ўзбекистондаги газета ва журналларда ишлаган. Турли йилларда уч шеърий тўплами нашр этилган. 3 роман, 5 қисса, 2 драма, бир неча поэма ва ҳикоялар, юмористик асарлар муаллифидир.
Юсуф Расул, мустақил журналист, Швеция.