Бош сахифа

Лойиха ҳақида

Хабарлар

Мақолалар
 
Бадиий адабиёт

Бош саҳифага қайтиш


 
 

ШЕЪРЛАР

 
 
 
Ушбу матн
1522 марта ўқилди.
 
 
Хостинг от uCoz
 

Андижонда ўлди минглаб бегуноҳ, бечоралар
 
Холдор Вулқон истеъдодли шоир, ёзувчи ва журналистдир. У 1959 йилда Андижон вилоятининг Олтинкўл туманига қарашли Маслаҳат қишлоғида таваллуд топган. 1975 йилдан бадиий ижод билан шуғулланиб келади. Тошкент Давлат Университетининг филология факультетида таҳсил олган. Ўзбекистондаги газета ва журналларда ишлаган. Турли йилларда уч шеърий тўплами нашр этилган. 3 роман, 5 қисса, 2 драма, бир неча поэма ва ҳикоялар, юмористик асарлар муаллифидир. Айни пайтда қуғинликда Бишкек шаҳрида яшайди.

Шеърлар

Қонга ботмиш Андижон дод, устига юз доддир ,
Бегуноҳ эл буғзида воҳ , ханжари муздоддир.

Мустақилликдан қувонган элни алдаб сотдилар,
Қанча пок орзу умидлар еллара барбоддур.

Мустабид шоҳ большевик гоҳ , гоҳи буржуй, меншевик,
Ул қасамхўрликда шайтон қавмига устоддир.

Шоҳини мақтайди моллар, кетларин ликиллатиб,
Нозли ҳоким баччаларнинг қомати шамшоддир.

Яйрамай юрсанг жаҳонда мен чидай қандоқ, Элим ?
Бағри қон шоир болангнинг буғзида фарёддир.

Андижонда ўлди минглаб бегуноҳ, бечоралар,
Ўлтирар тахт узра қотил, ул ҳамон озоддир.

Сойгузарда оқди қон, ёмғирда қолди мурдалар,
Ёнига ҳеч ким йўлолмас, барча беимдоддир.

Чекма оҳ ,Вулқон алар бўлди шаҳиди Карбало,
Ким шаҳидлар, мулки жаннат, жойлари ободдир!

2006 йил 11 май.

Жаллод қўшиғи

Андижоннинг “Сойгузар”ига
Ўхшар менинг бужур иягим.
Мен қиришни яхши кўраман
Бундай ишга йўқдир суягим.

Ўсган нарса ҳасадим қўзғар,
Сочим ғашга тегяпти ёмон.
Этайлик бир сартарош ёллаб
Сочимни ҳам қўймайман омон.

Бош кўтарган қора кучларни
Қиртишласам, қанча қирсам оз.
Эрта индин қириб ташлайман
Киприк билан қошларимни ҳам.

Ватан

Сен агар буғдой бошоқ бўлсанг сомонингман Ватан,
То абад бошинг омон бўлсин, товонингман Ватан.

Барча яхши, барча оқил, барча доно файласуф,
Қимтиниб бир чеккада юрган ёмонингман Ватан.

Чор тараф зулмат, туман, увлайди минг минглаб шоқол,
То саҳар гулхан ёқиб чиққан чўпонингман Ватан.

Барча жим, тилсиз писиб мум тишлаганда хайқириб,
Ҳақ сўзин дор остида айтган забонингман Ватан.

Бўлмасин оввора ёв, ойболта қайраб қатлима,
Қатл этиб ўлдирса ҳам, ўлмас омонингман Ватан.

Юрта Вулқон чўққидек, бошим булутлардан баланд,
Ёв учун мангу ўтиб бўлмас довонингман Ватан.

Қудратингга қойил...

Қурьонлар кўмилиб, қулаб масжидлар,
Халқнинг қонин сўрди қизил оч битлар.
Бугун динга кирди ҳаттоки итлар,
Қудратингга қойил Парвардигорим.

Ишонган шоҳимиз ёвларга малай,
Айт, энди мен кимнинг оёғин ялай?
Ватандан айрилиб қолдик ҳар қалай,
Қудратингга қойил Парвардигорим.

Қодирийни қийнаб сотганлар қани?
Чўлпоннинг қонига ботганлар қани?
Зобитлар ёт деса ётганлар қани?
Қудратингга қойил Парвардигорим.

Қулоғи шалпайган бу содда қўйлар
Қизил қаришқани чўпон деб ўйлар.
Вулқон энди дардин кимларга сўйлар?
Қудратингга қойил Парвардигорим.

Бўлмас

Ўқиб беш вақт номоз, дину диёнат қилмасам бўлмас,
Кечиб ўздин тамом тарки ҳаловот қилмасам бўлмас.

Буюклар устидан кулган мараз шайтонсифатларнинг
Уриб бўғзига ханжарлар жароҳат қилмасам бўлмас.

Ақл ўргатса олимга ювиқсиз чўчқалар э, воҳ,
Эшитгач сўзларин қирқ кун таҳорат қилмасам бўлмас.

Валилар, шайхулисломлар ётар Иблис тузоғинда,
Басе “Оллоҳу Акбар!” деб ғазовот қилмасам бўлмас.

Зулматда ёзилган шеър

Ёп ёруғ зулмат ичра
Қора рангли қорлар ёққанда.
Мен қоронғу хонага кириб
Печкага қалайман оппоқ кўмирни.

Сўнгра ёғаётган қора қорларга
Деразадан ғамгин термулиб
Сен яхши деган ёмон одамлар ҳақида,
Сен ёмон деган яхши одамлар ҳақида
Ўйлай бошлайман.
Шундай қаршилайман қора тонгларни...

Абдулага...

Кимлардир мадҳия, одалар ёзиб
Ватанни мақтаса, кўкка кўтарса
Ҳушёр бўл, ўғлим
Чунки одатда
Нарсани мақтарлар
Сотиш олдидан.

2006 йил январ,
Бишкек шаҳри.

Нодирага

Эй сабо, еткур хабар, қондир жигарлар пораси,
Нодира отли гўзал қизнинг кўринмас қораси.

Тоғу тош қирлар аро чўғдек қизарган лоламас,
Ҳажридин қонлар талаш бўлган юраклар йораси.

Айладим тарки ватан Лайлони севган Қайс каби,
Дарбадар шоир дилим дашти Хўтан оввораси.

Айланиб кездим жаҳон, хуржунга жойлаб шеьрларим,
Айланар мендек мудом ернинг яшил саййораси.

Келмади йо, Раб, ҳамон уч юз Амирконий динор.
Шунчалар олисмикин Интерокимлар ораси?

Пул тулолмай хужрага уйсиз кезарсан,эй рафиқ,
Қўлларинга санчилар тутсанг атиргул Хораси.

Бандаларга тикма кўзким, учмасин елларга Сўз ,
Ҳақ таоло меҳрибон, Ҳақдин топилгай чораси.

Бир нафас Вулқон, қара тандирга ўхшайдир само,
Ул бўзарган ой эмас, куйган кўнгил зоғораси .

2006 йил, 26 май

Ёлғизлик қўшиғи

(Устозим Муҳаммад Солиҳга)

Тўкилар пойонсиз ғийбат гиломи,
Намчил зулматларда занглайди ҳилол.
Псевдохудолар жовдусин кўриб.
Ранги оқармаган муаззин Билол.

Баҳор ҳам баъзида рухсат сўрамай,
Иш қилар биз тузган қонунга хилоф.
Тунда чегарадан ўтиб боғларга,
Кийдира бошлайди ям-яшил ғилоф.

Зил-замбил қўрғошин туманлар аро,
Босиб ўтдим йўллар илонин қанча.
Китоблар кўчкисин остида қолдим,
Юлдузлар кипригин кўксимга санча.

Вақтнинг оч қолган боласин ейди,
Елимгул Маддоҳи - сақов булбуллар.
Оқшом деразани очсам,жўр бўлиб,
Интервью сўрайди микрафон гуллар.

Бўримикан дейман ва йоки шамол,
Йилғинзорлар аро мунгли улиган,
Совуқ ойналарга бунча бош урдинг,
Ухласангчи ахир, шамол хулиган.

Аччиқ чиқиллайди деворда соат,
Кейин эса бирдан жикиллай бошлар.
Намчил хилватларда ҳиқиллар йомғир,
Дарчаларнинг суқир кўзида йошлар.

Узоқ -узоқларга чопар пишқириб,
Темир йўлнинг учқир пўлат самани.
Қоп - қоронғи олис дашлар ортида,
Маъюс чироқларнинг олмос чамани.

2006 йил, 26 май, ярим тун,
Бишкек шаҳри .

Шаҳар ёмғири

Чақмоқ лазеридан ёришиб кетар,
Олис самоларнинг гезарган лаби.
Ёмғир ювиб кетган гулзорлар аро,
Ўйларим чўкади «Титаник» каби.

Ювилган майдонда қарсиллар ёмғир,
Ўрмалар лойқа сув илони селда.
Муз солинган қопдай сўлим ҳаволар,
Борлиқ гўдак каби юпанган елда.

Ёдимга тушади олис болалик,
Чақмоқ, қасирғалар, селлар сурони.
Ёмғирдан кейинги боғлар устида,
Гуриллаб эсарди чумчуқ бўрони.

Узоқларда қолди дарё жарлари,
Юлгунлар, туқайлар соғинган дўстим.
Шоир бўлиб назм дарёларида,
Жарларга тирмашиб қийналиб ўсдим.

Баланд жарлар каби қаватли уйлар,
Олмос чироқларин маъюс ёқарлар.
Чироқ маржонига термулар ғамгин ,
Гиёҳдонда ўсган тунгабоқарлар.

Хотиржам одам

Ёмғир пичирлайди қулоқларимга,
Кўчада одамлар лаваси оқар.
Темир сувараклар қатнаган йўлга,
Ўйчан йўловчилар паришон боқар.

Кўзларимни чақди аччиқ тутунлар,
Қайрилдим ёмғирли кимсасиз боққа.
Ялдо тунларида қораламадан,
Сочу соқолимни кўчирдим оққа.

Мен ҳам бита жонли кийим илгичман,
Соябон орзуси бағримни ўйган.
Анча бўлди йўллар ғадир-будур деб,
Киймимда дазмол қатнамай қўйган.

Такаббур эмасман, ухлагим келса,
Остимга буйра ҳам тушайвераман.
Бу ердан ҳайдаса ўгай замона,
Хотираларда ҳам яшайвераман.

Уксиниб юрмайман бўлмаса уйим,
Бўлмаса сигирим, бўлмаса эчким.
Хотира бўйсунмас бошқармаларга,
Хотирадан мени ҳайдолмас ҳеч ким.

Зиёрат

(Рауф Парфи хотирасига)

Қаровсиз қабримда ажинагуллар,
Озод шамолларда чайқалиб ётар.
Ёлғизлик ва жимлик салтанатида,
Қаро шомлар тушиб, оқ тонглар отар.

Далалар ортида чақнайди чақин,
Телба ошиқлардек шивирлагувчи,
Йиғлоқи ёмғирлар мавсуми яқин.
Симда қалдирғочлар нотаси қатор.

Стриптиз булутлар тўдаси Шошқин.
Негадир йиғлагинг келар баҳорда,
Руҳингда сел каби талотум, тошқин.
Йиғлаб термуласан ажинагулга,

Унга неларнидир келар суйлагинг.
Урнингдан турасан кетмоқчи бўлиб,
Тиконга илиниб қолар куйлагинг.

(1998 йил, бахор).
Муҳожир монологи

(Туғишган инимдай қадрдон, истеъдодли шоир ва журналист
укам Юсуф Расулга)

Ҳақ гапни айтганим айбимми менинг?
Нима гуноҳ қилдим, айтинглар, нетдим?
Баланд қорли тоғлар ортида қолган,
Олис Панжикентни соғиниб кетдим .

Онам мени туққан қишлоқда ҳамон,
Алвон булутларга қуёш ботарми?
Сабо дувуллатиб шудрингин тўккан,
Йилғинзор томонда тонглар отарми?

Кечир сени ташлаб кетдим, болалик,
Мустабид шоҳ каби қуладим тахтдан.
Умримнинг кимсасиз мовзалейида,
Ўзимни тутолмай йиғладим бахтдан.

Гувиллайди ваҳший одам ўрмони,
Кети кўринару, кўринмас боши.
Қуёшни ёнғиндан қутқариш шартмас,
Энг хавфли ёнилғи кўзимнинг ёши.

Хотиротнинг бўм-бўш омборларида,
Бугун навбатчиман, қуриқчи, посбон.
Қуёш манглайидан қамашди кўзим ,
Менга бундай боқма, киприксиз осмон!

Ой оқшом бўғзида ўлмаган оҳак,
Чириб кетмасайди кўзларим – дейман.
Лахтак булутларга термулиб ўйчан,
Бўшлиқларни ямлаб, ҳавони ейман.

Олис Панжикентда қораяр оқшом,
Швед тупроғида ўсмайди жанбил,
Хуррам кўршапалак парвози унсиз,
Юлдузлар бошимда баҳайбат қандил.

29.04.2006 йил, Бишкек шаҳри.

 
 


 

 
   
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Муаллифларнинг фикри таҳририят нуқтаи назари билан тўғри келмаслиги мумкин.
Матнлардан фойдаланганда уларнинг
www.jadidlar.orgдан олингани кўрсатилиши шарт.