4 июн куни "Қувғиндаги ўзбек ижодкорлари Уюшмаси" деб номланган янги ташкилотнинг таъсис конференцияси бўлиб ўтди. Ташкилот таъсисчилари турли ижтимоий сиёсий сабабларга кўра Ўзбекистонни тарк этган ижодкорлар: ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, рассом ва санъаткорлар ҳамда илмий изланувчилардир.
Интернет орқали олиб борилган конференцияда таъсисчилар гуруҳи аъзолари: Канадада яшаётган журналист ва ёзувчи Исмат Хушев, Швецариядан халқаро Ёзувчилар Парламенти аъзоси Сафар Бекжон, адиба Қурбаной Камол қизи, Норвегиядан шоир Мақсуд Бекжон ва Марзия Ибодуллоҳ, Швецияда яшаётган журналистлар Қудрат Бобожон, Тўлқин Қораев, Юсуф Расул ва шоир Муҳиддин Қурбонов ҳамда Оммавий Ахбарот Воситалари мухбирлари иштирок этишди.
Интернет конференция қатнашчилари турли йилларда ва турли сабаблар билан Ўзбекистондан чиқиб кетган ижодкорларни бирлаштирувчи, уларни молиявий, ҳуқуқий ва маънавий томондан қўллаб қувватлайдиган ташкилотга эҳтиёж ортиб бораётганини таъкидладилар.
Таъсис қурултойи иштирокчилари ҳамон Каримов режими ҳибсхонасида қолаётган атоқли ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмудовни бир овоздан Уюшманинг фахрий раиси этиб сайладилар.
Таъсис қурултойида Уюшма Низоми қабул қилинди ва ташкилий масала кўрилди.
Журналист ва шоир Юсуф Расул Уюшма раиси, Исмат Хушев ва Мақсуд Бекжонлар раис ўринбосарлари этиб сайландилар.
Таъсис конференциясида Уюшма тафтишчилар комиссияси ва ҳайъат аъзолари сайланди.
Исмат Хушев Қувғиндаги ўзбек ижодкорлари Уюшмасининг www.Jadidlar.org адабий бадиий интернет саҳифасининг бош муҳаррири этиб тайинланди.
Қувғиндаги ўзбек ижодкорлари Уюшмаси матбуот маркази