Бош сахифа

Лойиха ҳақида

Хабарлар

Мақолалар
 
Бадиий адабиёт

Бош саҳифага қайтиш


 
 

ШЕЪРЛАР

 
 
 
Ушбу матн
1287 марта ўқилди.
 
 
Хостинг от uCoz
 

Ўзбекистон деган юртда...
 
Эллик уч ёшга кирдим,
Тоғ-тоғ бўлди гуноҳлар.
Алданиб, жафо кўрдим,
Зиддимга кўп гувоҳлар.

Дарсда илк бор танитди,
Бу Ленин-Сталин деб.
Аллоҳ номин унутдим,
Куфр маошини еб.

Қўшиқ айтдим довдираб,
Туғён ичра тўкилиб.
Арбоб келса қалтираб,
Салом бердим букилиб.

Сомон тиқди пўстимга,
Дўст тутинган каззоблар.
Хотиралар устимда,
Қалбим эзиб азоблар.

Давом этар хали ҳам,
Урра!!! Урра! ... садолар.
Дохийларга бўлиб жам,
Қўшиқ айтар гадолар.

2000 йил.

***
Асрим хархашаси жонимга тегди,
Бошимни оғритар ғалва- ғовурлар,
Одамлар бутларга бошларин эгди,
Кўпайди аллоплар, кисса авурлар.

Бойлар пул санайди, оддий халқ эса,
Бир бурда нон излаб жонидан тўйган.
Даврни мадҳ этган радио, газета
Ва арбоб сўзлари ҳаммаси ёлғон.

Оламон гангир бош-Гипноз чалғитган,
Бир ширин хаёлда уйқу элтмоқда.
Бошлиққа махлиё-қадрин унитган-
Эл бошида гипноз давом этмоқда.

Ёлғон куй таралар, ёлғон сиёсат,
Қамертон бир теқис уриб турибди.
Миршаблар изғишиб оч бўри сифат,
Уйғоқ одамларни излаб юрибди.

1998 йил.

Тоғбой Абдураззоқ

“А.ОРИПОВ”га

У аввал мадҳ этар эди «Союзни”,
Бугун Мустақиллик оғзидан тушмас.
Ишонманг, денгиз деб атаса сизни,
Банда-ю ожизсиз -сиз денгиз эмас.

Шоирлар мақтайди бугун сизни ҳам,
Иймондан лоф уриб, сўзлари чалкаш.
Мунофиқ кимаслар асли муттаҳам,
«Аллоҳ!» -деб қасамни ичувчи «алкаш».

1999 йил.
“Ўзбекистон деган юртда”

Қўчаларда одамлар хор,
Тиламчидан киши безор,
Шайтонларга тўла бозор,
Ўзбекистон деган юртда.

Ҳар қадамда олиб сотар,
Савдо қилсанг алдаб сотар.
Ишонганинг сени сотар,
Ўзбекистон деган юртда.

Ўзга элга йўл ёпиқдир,
Раҳбарлари бетавфиқдир,
Имомлари мунофиқдир,
Ўзбекистон деган юртда.

Элим дея ёниб қуйган-
Аёллари жондан тўйган.
Ўз-ўзига олов қўйган,
Ўзбекистон деган юртда.

Тўғри бўлсанг холингга вой,
Тиламчига ўхшайди бой.
Куфр, иймон қоришган жой,
Ўзбекистон деган юртда.

Фирқалари хилма хилдир,
Сайловлари бир ҳазилдир.
Матбуоти қип-қизилдир,
Ўзбекистон деган юртда.

Ҳар қадамда таниш-билиш,
Узатмасанг битмас бир иш,
Бошлиқлари дакан чолиш,
Ўзбекистон деган юртда.

Бургутларин боғри қондир,
Булбуллари безабондир,
Чумчуқлари қаҳрамондир,
Ўзбекистон деган юртда.

Мўъминлари тутқун бугун,
Олимлари қувғун бугун,
Муаммолар тугун бугун
Ўзбекистон деган юртда.

Эл бошида ушлаб қамчи,
Хокимларни қўрир соқчи.
Бир мўъминга бир айғоқчи,
Ўзбекистон деган юртда.
Ахли жохил униб ўсар,
Оқилларни йўлин тўсар.
Бошлиқлари қалла қесар,
Ўзбекистон деган юртда.

Миршабларга бўлма дучор,
Қуш зоти ҳам қўркиб учар.
Шеърин ўқиб Тоғбай қочар,
Ўзбекистон деган юртда.

22 март 2001 йил
****

Сотқинлар сотдилар Чўлпонни,
Фитратни ҳам Кодирийни ҳам.
Яйрашиб кийдилар чапонни,
Ўрнига ўтириб хотиржам.

Айибсиз тамғалар босдилар,
Исломпараст, туркийпараст деб.
Сўрамай оқилни осдилар,
Ахли жохил, ҳам ақли паст деб.

Бугун ҳам юртига сиғмади,
Абдували, Мухаммад Содиқ.
Хақиқат излаган йиғлади,
Йиғлагай хуқуқин йўқотиб.

“Вахобий» деб тош отар хаққа,
Топшириқ бажарган муллалар.
Қаёққа кетябсиз, қаёққа?!...
Эй, тўнғиз каллали саллалар?!...

25 март 2001 йил.
Душманларим танишларимдан,
Дўстларим ҳам шулар ичида.
Айғоқчилар тўғри ишимдан,
Ваҳимада юришар чидаб.

Чала савод омма чопишар,
“Урра!” деган томонга қараб.
Билимсизлар қўпроқ тортишар
Билганларга оёгин тираб.

Кишанланган фикр, тафаккур,
Ҳамма нарса соҳта ва қусур.
Уламолар бугун сақов, кўр.
Расмийлари шайтонга асир.

Сайратмалар ўтмишни эслар,
Ўтган азиз- хордир тириклар.
Замонага Қуръонни мослар,
Аҳли китоб- янги мушриклар.

12 декабрь 2001 йил.

Айғоқчилар тушган изимга,
Ҳадиқдаман итдан ва питдан.
Лаънат айтиб бундай тузимга,
Кетгим келар ёлғончи юртдан.

Қасамхўрлар қўлида Қуръон,
Фирибгарлар юртнинг сардори.
Қони кам халқ яшар бедармон,
Беморларга етишмас дори.

Юртбошини мақташар тинмай,
Асарларин ўқитар қистаб.
Оч қоринга чалишар карнай,
Янги ғоя яратмоқ истаб.

Фарз намозин билмаган шайтон,
Аллоҳ!,-дея кўкракка урар.
Ундан зўрроқ Путин ва Буш ҳам,
Ибодатга -черковга борар.

Ўзбекистон бир уруғ-аймоқ-
Деб маддоҳлар тахсинлар ўқир.
“Иймондандир Ватанни севмоқ”,-
Деган ёлгон хадисни тўқир.

Қелажакка ишонч йўқ қилдай,
Нарх наволар ошмоқда қунда.
Қадрсиз халқ-қадрсиз пулдай,
Хазон бўлиб яшайди бунда.

10 февраль 2002 йил.

Дўстим, хақсизликдан чекма изтироб,
Тўхматга гирифтор сен эмас битта.
Эли-юрт ғамида адолат истаб,
Қатоғон бўлганлар кўпдир бу юртда.

Дарбадар этдилар Ибн Синони,
“Даҳрий”лик тамғасин босиб ўша он.
Имом Бухорийдек буюк сиймони,
Юртига сиғдирмай қувғин қилди хон.

Отани ўғилга душман кўрсатиб,
Мирзо Улуғбекнинг бошин уздилар.
Иймонсиз хоинлар бир бирин сотиб,
Бир юртда бир неча давлат туздилар.

Яшайди ҳали ҳам устаси фаранг,
Шайтонни ушлашиб қонин ичганлар.
Соҳта сўз, соҳта кўз юзи ранг-баранг,
Бир-бирин алдашиб, ўпиб, қучганлар.

Олға!-деб қўл чўзар бугунги доҳо,
Қандайдир ноъмалум томонга қараб.
Тўрт томон қоронғи олдинда гоҳо,
Чақмоқдай ялтираб кўринар сароб.

3-4 январь 2003 йил.
Калима янгради:
- Ла а илаҳа иллаллоҳ!
Шайтонлар ингради,
Бутлар йиқилди ногоҳ-
Ла…а илоҳа иллаллоҳ!

Мўъминлар тиллашди,
Фикрлар бирлашди.
Қалбларга ўрнашди-
Ла…а илоҳа иллаллоҳ!

Мушриклар аламдан,
Чидолмай “Каломдан”
Қочишиб саломдан
Жунбўшга келишди.
Ла…а илоҳа иллаллоҳ!

Мўъминнинг қуроли ,
Байроғин шиори.
Бойлик, бисоти, ори-
Ла…а илоҳа иллаллоҳ.

Хавлиқма бандасан,
Ночорсан, қайтасан,
Буюрса айтасан,
Ла…а илоҳа иллаллоҳ!

2 март 2003 йил.
ЁЗ

Қушлар учар далага,
Ёз келганга ўхшайди,
Энди кимлар яйрашиб,
Айтинг қимлар қақшайди?

Хуноб бўлди одамлар,
Қаламушу –сичқондан.
Дон қўрийди миршаблар,
Уни эккан деҳқондан.

7 июнь 2003 йил.

Андижон дорвозаси,
Ёнидаман биродар.
“Хуш келибсиз шаҳримга!”-
Деган аёл расми бор.

Ҳаркун чиқиб қўчага,
Термуламан Мафтункор
Бундай аёл юртимда,
Ягонадир бетакрор.

Тўла соғлом қомати,
Боқишлари беғубор.
Нур ёғилиб юзидан.
Назар ташлар бу дилдор.

Ўз ёрига содиқлар,
Бўлса ҳамки вафодор,
Қўз ташламай илож йўқ
Бир эмас бир неча бор.

Андижонлиқ бу малак
Расмдаги бир тумор.
Аслида қиз-жувонлар,
Бугун камқон ва бемор.
Пллёнканинг остига
Чигит эккан пахтакор-
Нон тополмай қорнига
Иш излаган мардикор.

“ФАРОҒАТХОН”га

Фалак гардиши-ла яшаймиз бунда,
Ахир дунё иши теп-текис эмас.
Рахмсиз тақдирдан нолиш бехуда.
Орзулар ушланмас фақат у хавас.
Ғарибмиз дунёда ўзгалар сезмас,
Айтинг ким ўзини санайди?
Тентаклар мактанар доим маст-аласт!…
Холиқ бу дунёда бизни синайди.
Оқиллар хаёти оғу ва фироқ,
Ноилож айримлар тушган тузоққа.
Гўзаллар қоқилар ҳаётда қўпроқ ,
Алданиб, севинчи бормай узоққа.
“ОЛИМ БЎРИ” га

Шоирлар бор дил малҳами,
Шоирлар бор халқнинг шўри.
Ўттиз йилда танилибди
Чола шоир Олим Бўри

Кўниқмайин бу хаётга,
Қалам учи қилиб камлиқ,
Шантаж қилди “Мохият”га
Қириқ икки миллион сўмлиқ.

Судга берди газетани
Жазоланг, деб барчасини.
Орқасидан тўралари.
Олқишлашар Лайчасини.

3-сентябрь 2003 йил.

“Сози йўқ созандалар”

Аллоҳ, дейди керилиб,
Шайтон сифат бандалар.
Ваъз айтишар берилиб
Сози йўқ созандалар

Аллохнинг каломини
Пуллаган газандалар,
Ютишар иймонини
Сози йўқ созандалар.

Хадис, деб ёлғон тўқир,
Минбарда арзандалар.
Уйма-уй мавлюд ўқир
Сози йўқ созандалар

Бўхтон тўқиб тош отар,
Хақ томан шармандалар.
Хақ гап айтганни сотар
Сози йўқ созандалар

Тўти қушдай сайрашар,
Бўлиб қулги хандалар.
Хорамдан еб яйрашар
Сози йўқ созандалар.

Шайтонга асир тушган
Имомлар армондалар.
Ақли кам, боши ишган
Сози йўқ созандалар.

Ҳар куни зиёфатда
Сархушу кашандалар.
Не дейди қиёматда,
Сози йўқ созандалар.

Исломнинг душмани бу-
Мунофиқ, кушандалар.
Ёнар дўзаҳда мангу
Сози йўқ созандалар

13-декабрь 2003 йил
“Ўзбекистон – келажак буюқ давлат”

Келажаги буюк давлат?
Ҳа ишонинг бу ҳақиқат!
Келар бир кун тўкар савлат.
Орзу қилган ўша давлат.

Ваъдабозлик бўлмас унда
Чироқ ўчмас куну-тунда,
Ҳамма хурсанд ўша кунда
Байрам қилар, бўлар ханда
Бехавотир яшар банда,
Келган куни ўша давлат.

Қўшниларга йўл очилар,
Пойқадамга гул сочилар.
Туркман, Тожик йўл очилар
Қирғиз, Қазок, Турк –сочилар.
Қиз борми, деб келин излар,
Келган куни ўша давлат.

Нозу-неъмат хирмондадир,
Ҳамма бир тан бир жондадир
Фирибгарлар чирмандадир
Хасадгўйлар армондадир.
Мунофиқлар шармандадир,
Келган куни ўша давлат.

Тан сотилмас, жон сотилмас,
Ёлгон сўзлаб дон сотилмас,
Дори-дорман, қон сотилмас,
Мухтожларга нон сотилмас.
Пул деса виждон сотилмас,
Келган куни ўша давлат.

Зуровонлар бир кун қақшар,
Тўралар ҳам отдан тушар,
Бой камбағал дўстга ўхшар
Шоху годай бирга яшар.
Қутлар бизни шунда башар
Келган куни ўша давлат.

8 апрель 2004 йил.
Машриқда жон берар бугун мусулмон,
Юртимда ҳар қуни тўй ва томаша.
Кўкракка мушлаймиз- бор дея иймон,
Исломдан лоф уриб минбарлар оша.

Мўъминни ёвузлар итга талатса
Деймиз:-Биздан эмас, улар вахобий.
Асал, деб тўнғизнинг ёғин ялатса
Кофирни мақтаймиз аташиб доҳий.

Иймонли мўминлар бугун хибсда
Авом халқ устида сафсатабозлиқ.
Жаннат!-деб дўзахга етаклар бизда.
Мунофиқ имомлар қилиб устозлик.

12 май 2004 йил.
Ғашимга тегмагин мунофиқ, маддоҳ
“Союз” да қоламиз-деган сен эдинг
Истиқлол!-деб бугун қўлингда қадах
Қўтариб турибсан борми айт бурдинг?!

Сен ўзи ким эдинг уялмай айтчи,
Қандай куй чалинса шунга ўйнадинг.
Кечаги Коммунист- бугун миллатчи
Миллат-деб миллатни эзиб ўйнадинг.

Дам Русга боқасан, дам Амриқога,
Ниятинг тушунмай яшаймиз маъсум.
Тўралар бўлиниб турли фирқага
Сенга бош эгишар – юзда тубуссум

Кун санаб ўтамиз қолмади тоқат,
Келажак буюкмас –ёлгон ҳаммаси!
Сархадлар тўсилган-миналар қат-қат,
Ўзбекистан –Қашшоқ ҳалқлар турмаси.

15 октябрь 2004 йил.
“ХУРШИДАХОН” га

Хохишим қўлингда -сенга асирман
Уйқусиз кўзларим йўлда интизор.
Рохатин йўқотган телба шоирман,
Шайдоман, васлинга этма мени зор.

Иложим йўқ сенга эргашдим,
Доимо васлингни қумсайди қалбим.
Аёлсиз, сўққабош санқиб юргандим
Хонамни ёритдинг эй мохитобим!

Ошиқман, вафодор бўлгин азизим,
Ногахон хижронга ташлама зинхор.
Гар хохиш билдирсанг- уйланай ўзим
Авайлаб, ардоқлаб яшайман нигор.

Март 2006 йил.
Мунофиқ, чўтир юзи,
Ғирт ёлғон айтган сўзи.
Бетайин асли ўзи
Ўзбекистон Президенти.

Номидир Ислом Карим,
Муттаҳам бир бешарим.
Бузуқ қон, фасод, йиринг
Ўзбекистон Президенти.

Рахмсиз қўлда қилич
Калла кесар шошилинч.
Қонсираб қолган йиртқич
Ўзбекистон Президенти.

Отинг!- деб сийнасидан,
Гўдаклар миясидан.
Буюрди уясидан,
Ўзбекистон Президенти.

Халок бўлди минглаб жон,
Қон йиғлади Андижон.
Қотил!-деб қарғар жахон
Ўзбекистон Президенти.

Бошдан чиқмас киннадай,
Хавф солгувчи минадай,
Еб тўймас, оч кўз, гадой
Ўзбекистон Президенти.

Йўқол!Бас кунинг битсин,
Шахидлар рухи тутсин,
Сендайларни ер ютсин,
Ўзбекистон Президенти.

Мажнун Бедный

Улар турли аймоқ, леқин битта ҳалқ
Эрклари қўлида танир хақини.
Қорани қора дер, оқни кўрса оқ.
Кўриб хавас қилдим қирғиз халқини

Биздачи, бир-бирин ковлаган авом
Отаси ханафий, ўғли “Воҳобий”.
Шайтонга хамд айтар баъзида имом,
Баъзан яқинлашар ҳаққа китобий.

Баъзан шарпалар ҳам солар вахима,
Бехосдан хақ гапни айтиб қўрқамиз.
Маъноли қўзларга қилишиб имо
Деймиз: “Қараб кўрчи тинчми орқамиз?”.

Ғафлатда яшаймиз ненидир кутиб,
Хақиқат бир кадам –ўртада парда.
Бугун туш курябмиз ўзни унитиб,
Кўзимиз очилар эрта сахарда.

7 июнь 2006 ийл. Қирғизистон
Тоғбой Абдураззоқ

 
 


 

 
   
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Муаллифларнинг фикри таҳририят нуқтаи назари билан тўғри келмаслиги мумкин.
Матнлардан фойдаланганда уларнинг
www.jadidlar.orgдан олингани кўрсатилиши шарт.