Нуке Олмониянинг Ўзбекистон билан мулоқотни сақлаб қолиш сиёсатини оқлайди
Олмония ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Гюнтер Нуке Ўзбекистонда тазйиқлар тобора кенгайиб бораётганлигини таъкидлаб, расмий Тошкент нотўғри йўлдан кетаётганлигини айтган.
Шу ҳафтада Гюнтер Нуке Ўзбекистонда сафарда бўлди. Жаноб Нуке Шарқий Олмонияда туғилиб ўсган ва 1989 йили Германия Демократик Республикасининг қулаши даврида инсон хуқуқлари фаоли бўлган. Андижон ҳодисалари ортидан Ўзбекистон ва ғарб давлатлари ўртасида муносабатлар совуқлашган бўлса ҳам Олмония Ўзбекистон ҳукумати билан турли даражларда диалог услубини сақлаб қолган. Термизда ҳануз Олмония ҳарбий базаси фаолият юритмоқда. Аммо жаноб Нуке Ўзбекистонга сафаридан сўнг мамлакатда тазйиқлар тобора кенгайиб бораётганлигини таъкидлаб, Ўзбекистон нотўғри йўлдан кетаётганлигини айтган.
Лекин айни вақтда олмон ҳукуматининг Тошкент билан мулоқотни сақлаб қолиш сиёсатини ҳам ёқлаган. Би-би-си Гюнтер Нуке билан суҳбатда унинг хулосалари нималарга асослангани ҳақида сўради.
Гюнтер Нуке: - Бундай ташрифнинг муҳим томони ўша ернинг ўзида бўлиб, ахборот тўплашдир. У ердаги одамларнинг фикр ва хавотирларига қулоқ солиб, кейин буни расмийлар билан ҳам муҳокама килиш. Менинг ўзим Олмония Демократик республикасида туғилганман ва ГДРдаги диктаторлик шароитида яшаб кўрганман. Мен совет коммунистик тузуми қандай ишлашини яхши биламан ва эҳтимол, шунинг учун ҳам собиқ совет жумҳуриятларида нималарнинг ўзгаргани ва нималарнинг ўзгармасдан қолаётгани менга яхшироқ кўриниши мумкин. Жуда кўп ҳукумат раҳбарлари, масалан Туркманистон ва Ўзбекистонда, 1980-йилларнинг ўрталарида коммунист раҳбарлар сифатида ҳокимиятга келишган.
Мени хавотирга солаётган нарса шуки, бир пайтлар демократия ва сиёсий эркинликлар йўлини танлаган мамлакат ҳозирда бошқа йўлдан бормоқда ва репрессия воситаларидан кўпроқ фойдаланмоқда
Гюнтер Нуке
Би-би-си: - Сизнинг-ча, улар совет даврида қандай ишлаган бўлсалар, ҳозир ҳам шундай иш юритишаяптими?
Гюнтер Нуке: - Менимча, бу мамлакатлардаги одамлар, совет давридаги репрессияларда қандай усулларнинг қўлланганини ҳали ҳам яхши билишади.
Тўқсонинчи йилларнинг бошларида баъзи ижобий ўзгаришлар бўлган, аммо сўнгги йилларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам орқага кетиш кузатилди. Ва бу фақат Андижондан кейин эмас. Мени хавотирга солаётган нарса шуки, бир пайтлар демократия ва сиёсий эркинликлар йўлини танлаган мамлакат ҳозирда бошқа йўлдан бормоқда ва репрессия воситаларидан кўпроқ фойдаланмоқда.
Би-би-си: - Яъни Сиз Ўзбекистонда собиқ шарқий Олмониядаги вазиятга ўхшаш бир вазиятни кўрдингиз, шундайми?
Гюнтер Нуке: - Биласизми, диктаторликлар бир-биридан у қадар фарқ қилмайди. Улардаги жамиятни назорат қилиш, мустақил фикр ва фаолиятни чеклаш йўллари ҳамма вақт бир хил. Фақат бу усуллар фарқли даражаларда ишлатилади, холос. Агар сиз беш Марказий Осиё давлатларига назар ташласангиз, фарқли жавобларни топасиз. Ўзбекистон минтақадаги аҳолиси энг кўп давлат ва биз учун ўз нуқтаи-назаримизни ўша ернинг ўзида изҳор қила олишимиз жуда муҳим. Бу каби ташрифлар билан биз Олмония федерал ҳукуматининг Ўзбекистонга қизиқиши борлигини кўрсатиб қўймоқчимиз. Жумладан, Олмония ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари вакили ҳам Ўзбекистондан умидини узмагани ёки у ердаги вазиятни фақат ташқаридан кузатиб турмоқчи эмаслигини билдириб қўймоқчимиз. Бизнинг мақсадимиз Ўзбекистондаги одамларнинг шароитларида сезиларли ўзгаришлар ясалишини кўришдир.
Би-би-си: - Сиз Ўзбекистон қамоқхонасига ташрифингиз чоғида Санжар Умаров ёки Муътабар Тожибоева сингари таниқли маҳбуслар билан ҳам учраша олдингизми?
Гюнтер Нуке: - Мен у ерда "Озод деҳқонлар" партияси фаоллари ва бошқа мухолифат гуруҳлари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳамда махсусан, "Оналар ўлим жазосига қарши" ташкилоти раҳбари Тамара Чикунова хоним билан учрашдим. Булар мустақил мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаолларидир ва мен учун уларнинг овозларини эшитиш жуда муҳим. Улар мен билан суҳбатда вазиятнинг жуда ҳам ачинарли манзарасини чизишди, шунингдек, ўзбек қамоқхоналаридаги аянчли аҳволни тасвирлаб бердилар. Мен баъзи даҳшатли маълумотларни ҳам олдимки, уларни текшириб кўришга имконим бўлмади. Менга маҳбуслар билан тўғридан-тўғри учрашишга рухсат берилгани йўқ.
Би-би-си: - Сиз Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари билан учрашувлардан қандай таассурот олдингиз? Ўзбекистон ва Ғарб ўртасидаги ҳозирги кайфият ҳақида нима дея оласиз?
Ўзбекистонда фуқаролик жамияти унчалик кучли эмас, аммо у бор ва биз уни ҳимоя қилишимиз ва мустаҳкамлашимиз керак. Токи кўзга кўринган фаоллар қамоққа ташланмасин, токи мустақил ташаббус ва мустақил фикрлаш ривожлансин
Гюнтер Нуке
Гюнтер Нуке: - Менимча, Олмония жуда ҳам муҳим бир бўшлиқни тўлдирмоқда. Биз учун у ердаги мухолифат вакиллари, шунингдек, ҳукумат расмийлари билан суҳбатлар асносида Ўзбекистон билан мулоқотларни давом эттиришимиз керак ёки йўқлигини ойдинлаштириш жуда муҳим эди. Биз суҳбатлашган одамларнинг ҳаммаси бу мулоқотларнинг ижобий нарса
эканини айтишди.
Бу дегани одамлар Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистон ҳукумати билан алоқаларни ушлаб туришини исташади деганидир ва мен ҳам бу мулоқотларнинг давом этишини истайман. Мен учрашувларда кўп марта ўзбек томонидан ҳам аниқ ҳаракатларни кўришни исташимизни айтдим. Аммо расмийлар менга Бирлашган Миллатларнинг қийноқлар бўйича маърузачиси Тео ван Бовен сингари одамларга эшикларни очиб беришгани, қийноқлар борасида аниқ чораларни кўрганликлари, 2008 йилдан бошлаб ўлим жазосини бекор қилишни режалаётганликлари, аммо бу ҳаракатлар халқаро ҳамжамият томонидан ижобий қадамлар сифатида эътироф этилмаганидан шикоят қилишди.
Менимча, Олмония ҳукумати учун бу мулоқотларни давом эттириш жуда муҳим. Шунда биз Ўзбекистондаги мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаолларига кўпроқ ёрдам бера оламиз. Ўзбекистон борасида қаттиқроқ резолюцияга эҳтиёж бор, деб ўзимизни овунтириб, кейин ҳеч нарса қилмай, қайтага Ўзбекистоннинг ҳам яккаланиб қолишидан ҳеч қандай фойда йўқ. Бу бизнинг манфаатимизда эмас.
Би-би-си: - Аммо бундай ҳукумат билан мулоқот қилишнинг ахлоқий томонлари ҳақида ҳам мунозаралар бор. Сизнинг-ча, бу мулоқотларнинг чегараси қанчалик бўлиши керак?
Гюнтер Нуке: - Мен шарқий Олмониядаги мухолифат фаоли сифатида у ерга ташриф буюрган хорижликларнинг ҳукумат мулозимларини четлаб ўтишларини истамаган бўлардим. Аммо мен шу билан бирга, расмийлар билан учрашган меҳмонларнинг мухолифат вакиллари билан ҳам учрашишларини истардим. Аммо ҳамма вақт ҳам бундай бўлмаган. Фақат бир томонлама, расмийлар билан мулоқотлар бўлган. Бу эса, худди фуқаролик жамияти йўқдай, таассурот қолдиради. Ўзбекистонда фуқаролик жамияти унчалик кучли эмас, аммо у бор ва биз уни ҳимоя қилишимиз ва мустаҳкамлашимиз керак. Токи кўзга кўринган фаоллар қамоққа ташланмасин, токи мустақил ташаббус ва мустақил фикрлаш ривожлансин.