Насрулло Сайидов муҳожир дўстлари билан, Бишкек. Инсон ўз умри давомида нималарни кўриб, гувоҳи бўлмас экан. Шундай воқеалар бўлар эканки, инсон руҳиятига қаттиқ таъсир қилиб, унда дунёга янгича қараш, янгича шижоат пайдо қилар экан.
1980 йили Самарқанд Давлат Архитектура ва қурилиш институтини битирдим. Йўлланма билан Навоий шаҳридаги бир қурилиш трестига ишга юборишди. Бу трест НУС деб номланиб, фақат Москвага бўйнсинар ва уни Зарафшон, Учқудуқ ва Зафаробод шаҳарларида қурилиш ташкилотлари бор экан.
Мени Учқудуққа юборишди. Учқудуқ шаҳридаги 3 қурилиш монтаж ташкилоти (СМУ-3) менинг илк иш жойим бўлди.
Ташкилот асосан Учқудуқдаги тилла конлари рудасидан тиллани ажратиб оладиган заводни қураетган экан. Мени шу қурилишни бир участкасига уста қилиб тайинлашди. Бошлиғим бир шовинист рус кишиси эди. Бу ташкилотда асосан руслар, украинлар ва белоруслар ишлар экан. Ўзбеклар деярли йўқ бўлиб, 3-4 та қозоқ қоровул бор эди, холос.
Миллатнинг камситилишини мен ўшанда англаганман. Тилла бизники бўлса ҳам, ўзбекларни одам ўрнида кўришмасди. Менда, ўшанда бу камситилишларга нисбатан исён пайдо бўла бошлади.
Балким ўшанда мендаги миллатчилик туйғуси уйғонгандир.
Мен уларнинг орасида ишлаб, анча нарсага ақлим ета бошлади. Улар билан кўп тортиша бошладим.
Бир кун биз қурилиш қилаетган жойда катта йиғин бўладиган бўлди. Йиғинда Москвадан меҳмонлар келиши кутилмоқда эди. Менга йиғин бўладиган зални тайёрлаш ва бино олдида байроқларни кўтариб, ўрнатиш топширилди.
Йиғилиш бўлишидан бир кун олдин мен бинони тайёрладим ва кечга яқин, берилган икки байроқни осдим. Байроқларни бири СССРнинг қип-қизил байроғи ва иккинчиси Ўзбекистоннинг байроғи эди. Мен уларни бир хил баландликда, тепа-тенг баландликда осдим.
Ўрис раҳбарлар ичиб олиб, ҳаммаси уйига кетган эди. Эртага йиғилиш бўлиши керак бўлган жойда мендан бошқа ҳеч ким қолмади. Эрталаб ҳар томондан меҳмонлар кела бошлади. Москвадан ҳам 3-4 та каттакон келди. Бир пайт Москвадан келганларни бири байроқларни осилишига эътибор қилибди ва жанжал кўтарибди.
Кейин менга айтишларича, Ўзбекистон байроғи СССР байроғидан пастроқда осилиши шарт экан, мен уларни бир хил баландликда осибман. Шунча уринишди, флагшток ишламади, натижада йиғилиш ўтгунча байроқлар шу тартибда қолди.
Йиғилиш тугаб, ҳамма тарқалгач, менга ҳужум бошланди. Ташкилот раҳбаримиз ва яна 3-4 таси мени ўртага олиб, ҳақорат қила бошлади ва Ўзбекистон мустамлака эканлиги ҳақида гапира кетди. Кейин, ўзимдан Ўзбекистон байроғини пастга туширишимни талаб қилишди.
Мен ҳамма нарсани тушундим? Мен байроқни туширмадим ва уларни уч ҳарфдан иборат бир нарса билан сийлаб юбордим? Эртасига мени ишдан ҳайдашди.
Шу сабаблими, менда миллий мустақиллик учун курашиш кайфияти пайдо була бошлади. Меҳнат дафтарчамни олиш пайтида бошлиғимизга зарда билан, бир нарсани ваъда қилиб юбордим:
"Мен Ўзбекистон байроғини ўша, сенинг СССР байроғингсиз албатта кўтараман. Буни мен албатта қиламан", - дедим.
У бу гап учун умрим қамоқда чириши ҳақида гапирди ва меҳнат дафтарчамга муҳр босиб, улоқтирди.
Мен Бухорога, уйимга қайтдим. Учқудуқдан Армияга олишмасди, Бухорога қайтгач мени Армияга олиб кетишди, уйланганимга эса энди 45 кун бўлган эди холос.
Йиллар ўтиб 1990 йил келди. Қарасам туманимиздан Муҳтарама Наврўзова деган бир димоғдор, колхоз раисини Ўзбекистон Олий Кенгашига депутатликка номзодини кўрсатишибди. Ёнига бир ўкитувчини номигагина унга рақиб қилиб кўрсатишган.
"Райком" секретари Ҳошим Сатторов (Вобкент туманида) катта бир йиғинда ҳаммани М. Наврўзовага овоз беришга даъват қилиб:
"Опа, биласизлар, бир неча бор халқ депутати бўлган, Москвадан топширишди ва у албатта депутат бўлади. Ҳаммангиз ташкилотингиз билан унга овоз берасиз", деди буйруқ оҳангида.
Ўша кеча ухлай олмадим, чунки Наврўзовани ҳамма ёмон кўришини билардим. Бу ифлослик қачонгача давом этар экан?
Эртага ўзим ишлайдиган коллективда (ПМК) шу масалани муҳокама қилдик ва улар мени номзодимни Наврўзовага алтернатива қилиб, Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатлигига қўйишди.
Анча ур- йиқит, курашлардан сўнг депутат бўлдим. Райком секретари Х.Сатторов эхтиётсизлиги учун ишдан олинди.
Бутун СССР ҳудудларида миллий мустақиллик шабадаси эса бошлади ва мен буни ҳис қила бошладим. Чунки, энди сиесатни анча мунча тушуна бошлагандим.
1990 йил март ойида ўтган Ўзбекистон Олий Мажлисининг 1-сессияси асосан ташкилий бўлди. Кейинги сессия 1990 йил 18 июнда бошланди. Сессияга мен қўлтиғимда байроқ билан борган эдим. Буни ҳеч ким билмасди. Нима бўлмасин, мен Учқудуқдаги ўрис раҳбаримга 10 йил олдин берган ваъдамни бажаришим шарт эди. Қолаверса, вазият ҳам етилиб келган эди.
Нима бўлса ҳам, ўша Учқудуқда зарда билан гапирганимда, фаришталар "Омин", деган эканми, Оҳим Оллоҳга бориб етди шекилли, мен Ўзбекистон Олий Мажлиси сессиясида (1990 йил 20 июнь куни) Ўзбекистон байроғини алоҳида кўтаришга (СССРнинг қизил байроғисиз) эришдим.
1990 йил, 20 июн, Ўзбекистон мустақиллиги декларацияси қабул қилинган кун
Кимлардир, "Нима бўпти, шунга шунчами?", дер. Бу ҳам балки тўғридир. Лекин ўшанда мен жуда енгил тортганман, елкамдан тоғ ағдарилиб кетгандай бўлган. Чунки, бу дақиқаларни мен узоқ кутганман.
Ваъдани устидан чиққанлигим бахтидан анчагача сармаст бўлиб юрдим. Лекин мавжуд тузум тепасида ўтирганлар мени ҳаракатимни тўғри қабул қилмадилар. Ноҳақ "жазолаш" йўлига ўтдилар ва ҳозиргача "жазолаб" келмоқдалар?
Айтмоқчи яна битта "ваъда" бор.
Ўзбекистонда озод, демократик, эркин жамиятни албатта қурамиз! Шундай кунлар бошланганида, Оллоҳ насиб қилган бўлса, албатта кўриб, гувоҳи бўласиз!
Оллоҳ умрни берган бўлса, бас.
Насрулло Сайидов,
Ўзбекистон Парламентининг собиқ депутати.