Саидаҳмад Сиддийқий - Ажзий
(1864-1927) Миллий уйғониш даврининг йирик вакилларидан бири, шоир.
Саидаҳмад Сиддиқий — Ажзий 1864-йил Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани, Халвойи қишлоғида ҳунарманд оиласида таваллуд топган. Ёшлигида отаси вафот этиб, бобоси қўлида вояга етган. Янгаси қўлида савод чиқарган. Кейин Самарқанд ва Бухоро мадрасаларида таҳсилини давом эттирган.
Сиддий шарқ классик адабиётини қунт билан ўрганади, араб, форс, озарбайжон ва кейинчалик рус тилини ўзлаштиради.
1880-йиллардан ўзи хам аньанавий усулдаги шеьрлар машқ қила бошлади. Бироқ замонасининг буюк кишиларидан бири сифатида эьтироф этилишига унинг маьрифатчилик фаолияти ва ижоди сабабдир.
1901-йил ҳаж сафарига отланади. Бир қатор Шарқ мамлакатларида бўлиб, ислом дунёсидаги янгиликлар билан танишади, бир неча муддат Жиддада Русия элчихонасида тилмочлик қилади. Сўнг Москва, Петербург шаҳарларини айланиб, Тифлисга ўтади. Ниҳоят Самарқандга қайтиб, 1903-йил Халвойи қишлоғида янги мактаб очади.
Шоир кейинги бутун ҳаётини ана шу муқаддас ишга сарф этди. Ўзи очган мактабда табиий фанлар, араб ҳамда рус тилларидан сабоқ берди, дарсликлар тузди. Сиддиқий вақтли матбуот нашрларида ҳам фаол иштирок этди. Ватан, илм-маьрифатга бағишланган мақолалари билан Қозон, Оренбург ва Кавказдаги нашрларда ҳам қатнашди. 1914-йили ўз ташаббуси билан "Зарафшон" номли кутубхона очди. 1910-йилларда шоир "Айн ул-адаб" ("Адаб кўзи") ва "Ганжинайи ҳикмат" ("Ҳикматлар хазинаси") номли ўзбек ва тожик тилларидаги икки шеьрий тўпламини ҳамда "Мирьоти ибрат" ("Ибрат ойнаси"), "Анжумани арвоҳ" ("Руҳлар йиғини") номли достонларини яратди.
Сиддиқий 1917-йили "Иттифоқ" ташкилоти томонидан шаҳар думасига вакил қилиб сайланди. Самарқанд мусулмон шўросининг раис муовини, вилоят адлия нозири бўлиб ишлайди. Лекин у 1921-йилдан барча расмий ишлардан воз кечиб, қишлоғида, ўзи очган мактабда муаллимликни давом эттиради.
1926-йили қаттиқ касалланиб, 1927-йилнинг июл ойида Самарқандда вафот этади.
Абдуқодир Шакурий
(1875-1943)
Маьрифатпарвар, педагог Абдуқодир Шакурий 1875-йилда Самарқанднинг Ражабамин қишлоғида боғбон оиласида туғилди.
Шакурий эски усулдаги мактабни тамомлаганидан кейин Самарқанд шаҳридаги мадрасага ўқишга кирган. Шакурий рус гимназиясига бориб, унинг ички тартиб қоидалари ва ўқитиш усуллари билан танишади. Шундан муаллимда ўз халқининг болалари учун ҳам шу тартибдаги янги мактаб ташкил қилиш орзуси пайдо бўлади.
Абдуқодир Шакурий Самарқанд гимназиясида кўрган ва ўзи орзу қилган янги ўқитиш усуллари Россия жойларида яшаган бошқа туркий халқларда ҳам мавжудлигини газеталардан билиб олади.
Шакурий дўстлари ёрдамида Қўқон шаҳрига боради ва у ерда янги мактабдаги ўқитиш усуллари билан танишади. Самарқандга қайтиб келгач, ўз қишлоғи Ражабаминда 1901-йилнинг кузида биринчи янги усул мактабини ташкил қилади. Шакурий мактабининг шуҳрати кенг тарқала бошлади, ўрта Осиёдаги бошқа мактаблардаги кишилар диққатини жалб этди.
Шакурий фақат ўқитувчилик қилиш билангина чекланиб қолмаган, У ўз мактаби учун дарсликларни ўз маблағлари ҳисобига нашр қилдирган. Масалан, унинг "Раҳнамойи савод" ("Савод қўлланмаси") деб аталган китоби шу тариқа чоп этилган. Шакурий дастлаб қизлар учун ҳам янги усулдаги мактаб ташкил қилган. Унда ўзи раҳбарлигида рафиқаси муаллималик қилган. Кейинчалик ўғил ва қиз болалар гуруҳини бирлаштириб ўқита бошлаган.
1921-йилда Самарқанд шаҳридаги 13-мактабга мудир қилиб тайинланади. У болаларни тарбиялаш, ўқитишга ғайрат билан киришди, кўп йиллар давомида шу мактабнинг мудири ҳамда она тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлиб ишлади.
1925-йилда А.Шакурийнинг ташаббуси билан қишлоқ аҳолиси ўз маблағлари хисобига тўрт синфли янги мактаб қуриб ишга туширади.
Абдуқодир Шакурий 1943-йилда вафот этади.