Мирзо Ҳаким,
Тожикистон.
Чегарада
Чегара. Симтикан. Учмайди пашша.
Иккига бўлинган ер шари – тарвуз.
Бир томон пахтазор, бир ён кенг даштда
Висол деган алам юради ёлғиз.
Бунда улар «Салом», қаҳ-қаҳ урар пул,
Нигоҳинг жароҳат олар ғазабдан.
Устингдан кулади пулга бўлган қул,
Чўнтагинг ковлайсан тушмай асабдан.
Ҳужжатинг текширар бургуткўз зобит
Қилкўприк устида турасан қалқиб.
Биласан, кўнглинг тўқ, бўлсанг ҳам обид,
Қалбингни кемирар васваса талқин.
Сония –
асрдек, имиллайди вақт,
Томир уришларинг қошувмас, карра.
Кўзингга кўринар гўё бир хилқат,
Имлаб чақиради –
ўқийсан сура.
Қўлингга оласан, ҳужжатинг мана,
Паспортинг ўзингдек –
унда йўқ хатар.
Қуш каби енгилсан, учгинг келса-да,
Учмайсан, кўксингда чегара –
ханжар!
2004
Ёхуд…
Сўнгги пиёлани зўрға сипқордим,
Тишлар орасидан ўткардим қийин.
Билмадим, гўёки миямни ёрди,
Васвосга туширган шайтони лаъин:
Кимдир кўзимга кўринар дўстдай,
Кимларга нисбатан тошар ғазабим.
Тўкин дастурхонда нимадир кўстдай,
Дафъатан хаёллар бузар асабим.
Шишада жимгина ўлтирган малъун,
Ичимни кемирар зангдек, эговдек.
Қўлимда сезаман мен шернинг кучин,
Панжамни ураман атрофга ёвдек…
Мажнунлик одамга азалдан ҳамроҳ,
Аллоҳнинг ҳукмига ким ҳам бўйсунмас?
Ё кўп ичиб олган аслида бу дунё,
Ёхуд мен бир ўзим бўлдиммикин маст?
2003
Туш
Шошилиб турибман. Келмас автобус.
Гўё ер ёрилиб қулаган жарга.
Назаримда бугун бўш мошин –
қақнус,
Одамга имтиҳон –
чиққан мaҳшарга.
Соатим миллари олар бўғзимдан,
Жўжадай чирқиллар ўтар дея вақт.
Асабим бузилиб, бўшаган создай,
Туйқусдан ўзимни сезаман карахт:
Атрофимда юрар болта-ю ўроқ,
Жилмайиб қўл берар Павлик Морозов.
Тепада ҳилпирар қип-қизил байроқ,
Оломон остида адолат, инсоф.
…Уйғониб кетаман, Худога шукур,
Тушимга кирибмиш алмисоқ тузум.
Кўксимга тупуриб, дейман ташаккур,
Тушимда синайман…
Ўзимни Ўзим.
2000
Яшайверсин кўплар қатори
Матқовулнинг уч яшар бор ўғли,
Бўрсиқдай –
Исми ҳам Тўхли.
На юради, на гапиради,
Мавжуд муаммолардан хоп-холи.
Боши қотар Матқовулнинг
Ахир,
Шундай ажаб замонда,
Ҳаммa юрса забонда,
Унинг ўғли соқов, гунг…
Духтур ҳам, табиб ҳам
Иши қилмас кор.
Отанинг дарди
Ўғилникидан зўр.
Топмай чора Матқовул
Чиқарди бир хулоса:
Нима қипти,
Ҳамма қатори
Яшайверсин…
балиқдек
Дами ичида –
Оғзи берклар мамлакатида…
2000
Балиқ
Балиқни кўргансиз:
Қўрқитсангиз,
Ё ўзи истаса,
Ўқдек сузади.
Ва, чарчамас,
Чарчаса-да, терламас,
Бўғилиб нафаси қайтмас.
Энг муҳими,
эмас ҳовлиқма.
Чунки одамдагидек
Бўлмайди унда ўпка.
Шу боис,
Ўпкаси тўлмайди –
йиғламас,
Ўпкалик қилмайди –
гинаси йўқ.
Қўлтиқламас ўпкани –
Билмайди нима чapчоқ…
Боз,
Миқ этмайди ҳеч қачон,
Чунки эмас у
Одамлардек қизиққон!
Шунинг учун
унинг мамлакатида
балиқчалар
қилишмас исён!
Фожеа
Уммонда, дарёда бўлса қуруқлик
Унинг номин дейдилар орол.
Бугун жаҳон аҳли кўзи ўнгида
Табиий номини олмоқда Орол!
Худога шукур
Бугун қишлоқда яна дув-дув гап,
Немис деган дўст, яъни, Ҳотамтой
Тарқатмиш гўё ойда бир марта
Егулик:
шакар, ун, макарону мой…
Катта урушда қириб немисни
Орден олганди Матқовул полвон.
Бугун душмани айлаб илтифот
Ўсал қилмоқда, ўсалки чунон.
Кўксига туфлар ва орденни юлар,
“Ғолиб” Матқовул йиғлар - боши хам.
Ўлиб қолмабди,
Худога шукур,
Сўнгги ўқидан отилган душман…
Фразеология
Дўппи торлик қилганда –
Қўша кўринар кўзга.
Ичинг мушук таталаб
Айланмас тилинг сўзга!
Шунда қовун тушириб,
Қиласан думни хода.
Ўпканг кетади тўлиб…
Тупурасан дунёга!!!
Оқар сувнинг қадри
Шоирга дедилар: - Қон босиминг паст,
Кўпроқ ичгин, иссиқ новвот чой.
Шеърингда шира кам, етмас руҳият,
Тушкунлик дардига йўлиқдинг қачон?
Шеърларига солди қиём, мураббо,
Равшанлик ҳам қўшди – мисоли офтоб.
Дастурга айлангач, шеърлари ҳатто
Кўзин очиб мардум –қилди инқилоб.
-Сиз энди буюксиз, даҳои азим,
Бахтимизга омон -- яшангиз узоқ!
--Чиллашир шоирча касофати-ла
Ҳаётимиз энди хўп ола-қуроқ…
Ғафлат аралашган шуури танг эл
Шоирни отдилар олиб тўшакдан…
Қиссадан ҳисса шул: бўлибди қачон
Оқар сувнинг қадри баланд кўлмакдан!?
Шўрлик
Шўрлик деганлари шўр майдон эмас –
Ўн дафъа ювилгач бўлгай соз тупроқ.
Ёмғирда шалаббо бўлган кабутар,
Ё полопонини йўқотган чумчуқ
Ҳам эмас шўрликнинг ташбеҳи бироқ.
Шўрлик деганлари юз элатли халқ,
Пахтакор Момо Ҳавво ва Одам Ато –
Дунёда тенги йўқ асил Ҳотамтой,
Садқа айлар жонин савобталаб бек—
Косаси қоп-қора –ўзбегим ШЎРЛИК!!!
2000
Эртаси ўлик
Майдонлар шўрланса – тозарар сув-ла,
Кўйлакни шўр босса – жазоси совун.
Бечора шўрликнинг ғамин ким ўйлар
Наҳотки қисматда битик бўлса шум?!
Дод солиб йиғлашга қолмагай ҳожат,
Орзулар қуш каби учса ҳавода.
Агар-чи дуолар топса ижобат –
Сен нечун қулдайин Ватан – маъвода?
Занжирни парчалаш осонмас шерга,
Эркпараст дегани эмас эрмаклик.
Бевошвоқ ҳангилар кулишса элга,
Пахта майдонида қурбон эркаклик –
Арзонқўл фуқаро қайга урсин БОШ,
Унинг фарёдидан ёрилмаса ТОШ –
Билингки, бу элнинг эртаси ўлик,
Юлдузсиз осмони, тутилган қУЁШ!!!
ўзБЕКНИНГ ВАЗИФАСИ
Хаёлан кезаман овлоқларни жим,
Руҳимга руҳ берар сокинлик майин.
Эсимдан чиқарсам қалб сўроқларин,
Парқудай енгилман – мушкли гулдайин.
Кимсага ёқмагай ақлим, суробим,
Адолат палласи десам чилпарчин.
қолмади ватанда алпдек Фарҳодим,
Ҳоким Темур Малик, Ширину Барчин.
Ёқамдан олади ифлос кир ёқа,
Таҳорат сувини симирган маддоҳ –
Ва дерки гўёмиш ҳаёт шунақа,
Тақсимот бошида турибди Аллоҳ.
Бўрининг боласи бўлар бўрича,
Тулкиники эса албатта маккор…
Атрофга тикилар писиб ўғринча
Хулоса чиқарар даҳодай беор:
- ўзбекнинг тақдири манглайда эмас,
қорнига ёзилган – қисмати битик.
Ҳурликни ёқтирмас – ўзи зулмпараст,
Молбошлар ортидан югурган хўтик…
Унинг нигоҳида хоинлик зуҳур –
Зуҳурдир миллатни тутмоқ зулматда.
Элининг бағрида топган қўл ҳузур
Ишонаман ҳали музлар, албатта!
Илондек аврама қўли қон жаллод,
ўзбек соддалигин писанда aйлаб.
Аждодлар руҳидан жон олган авлод
Кулингни совурар ўчоққа қалаб.
ғафлат уйқусида ётаверма, дўст,
Тургилки навбатинг келган, ай беким!
Темурнинг руҳи шод, ватанни озод
қилмоқлик вазифанг бўлсин, ўзбегим!
2001
БАХТИ қАРО ХАЛқ
Оқшом тушди чўккалаб.
Меҳмоннинг тор кўнглини
Таталайди Хавотир.
қўналға йўқ пинакка –
Тентирар Анқо гир-гир…
Йиғлаб-йиғлаб этгач тарк,
Бахти қаро қолди халқ!
Энди бунда Оқшом, Тун
Хўжайиндир ва маскун!?
ВАТАН
Ватан деган сўзни ёзиш мумкинмас –
Майда -- илонизи ҳарфларда кичик.
Улуғ боболарнинг руҳи кечирмас,
Ватаннинг қисмати бўлса қайғулик.
Ватан баландпарвоз сўзга муҳтожмас,
Муҳтожмас – таърифга, алқашга.
Ватан – тўкис бир cўз --
зангламас, кўчмас
Мулк –
этилган мaҳкум
халқ-ла яшашга.
Ватан тушунчаси – бу олтин бешик,
Ҳаёт қўшиғини куйловчи юрак.
қалбларда қон ила битилган бешак –
қорачиқ гавҳари –
ВАТАНдир демак!
2001
КўзМУНЧОқ
ўғлим, олиб юр кўзмунчоғингни,
Ёмон шарпа кўп: отар кўз билан,
Нигоҳ ўқлари урмаса сени –
Йиқитар, айтсам, ширин сўз билан.
Билагингдаги кўзмунчоқларинг
Асрар балодан, бадхоҳ кўзлардан,
Шайтони лаъин дарсини олган
Алвастинамо ялмоғизлардан.
Ишонмасанг ҳам бу хурофотга
Шан қуръон каби қўймагил қўлдан.
ўқдай урилсин бузуқи, ётга,
Сенга зирҳ бўлсин қуруқ-у ҳўлдан.
Мени кечиргил, сени унутдим,
Яратгувчи зот – ўзинг кўзмунчоқ.
қўлдаги тасбеҳ шунчаки удум,
Кўнгилга таскин – бир овунтирмоқ!
САВОЛ
Тўтиқушим, ажиб парранда,
Тўтилигинг тўтиё кўзга.
Шукри Худо, бизни сўксанг-да,
Тушунмайсан айтилган сўзга.
Одамлардек қилмайсан танда,
Дашномларинг, айтсам, астойдил.
Мен қойилки, эрксиз ватанда
Яна қандай яшайсан юз йил?!
ТУШ
Мен дарёга айтдим тушимни,
Олиб кетсин узоқ-узоққа.
Уйқуларда қилган ишимни
Айтиб берсин тилло балиққа.
Тилло балиқ, бермайсан жавоб,
Архивларинг тушга тўлгандир.
Кўргандирсан, бизда не азоб,
Болаларинг роса кулгандир.
ўзбекистон деган мамлакат,
Билсанг агар, катта тушхона.
Ҳаммага айт, тушунтириб айт,
Тушда – дўзах,
ўнгда кушхона…
Бугун ўзбек –
эмас ўзи бек,
Сандиқлари тушларига лиқ.
Орзу-ҳавас олтинмас –
жездек,
ўзи эса оддий бир балиқ.
Кечир мени, эй тилло балиқ,
Гапларимга ишонаверма.
Мадад қилай ўзбекларга деб
Сув остида кўп ёнаверма.
қўй, ухласин, чарчаган ўзбек,
Уйқусида кўрсин рангин туш.
Умри ўтсин серташвиш ёздек,
Ҳаёт эмас,
туши унга хуш!.
…Мен тушимда айтдим тушимни,
Дарёгамас – халқимга айтдим.
Тушда тушган катта тушумнинг
Билмам қачон қайтар қайтими?!
АКСИЛТАРБИЯ
Болани ўстирсанг, шундай ўстирки,
Зўр кўзбойлоғичдай топсин йўлини.
Оғирнинг устида, енгил остида
Юриб соҳиб бўлсин -- хуррам толеънинг.
Катталар олдида эгилсин долдай,
Эзиб ташласалар чиқармасин сас.
ўн ёшли болангни кўрсанг-да, чолдай,
қувониб хурсанд бўл, қувон ҳар нафас.
Келажакда боланг билмас тақчиллик,
Ҳар доим олдида ялоғи тўла.
Таҳорат сувини қилсин ичкилик,
Маддоҳлик жиғасин олиб-да, қўлга –
Куйласин подшосин, яласин тахтин;
Яловчи ҳеч қачон бўлмаган хор-зор,
ўн беш ёшида очилар бахти,
Ота-онаси-чун қурар қўшмазор!
Болани ўстирсанг, ўстир хоиндай,
Хоинларга доим кулган бахт, омад.
Куйинмасин элга зиғирча, жиндай,
Ҳаёти куяжак, куйгандек миллат!!!
ФИКРИЙ АСИР
Бизнинг авлод ўтган асрда
Яшаганлар бехудо, танти.
Яшаганлар қизил қасрда,
қизил рангнинг бўлиб дилбанди.
қизил аскар, қизил майхона,
қизил байроқ, фикрлар қизил.
Гавжум бўлар қизил чойхона –
Тинглар қизил…
Фикрлар қизил…
қизил рангни аждодларимиз
Худо рамзи дея билганлар.
Тутиб қолса «дажжол»лapимиз,
Камалакнинг пўстин шилганлар.
Aлвон ранг ҳам шунчаки бир ранг,
Унда йўқдир синоат ё сир.
Корридани олиб қаранг,
Буқа бўлмиш ол рангдан басир!
…Яшаганмиз қизил қасрда,
қорин тўқ-у фикрий асирда!
КИНОЯ
Мен туғилган кунда отам йиғлаган,
Онам ҳам йиғлаган ўпкаси тўлиб.
Онамга қўшилиб, аммам йиғлаган…
Мен ҳам йиғлаганман чеккада қолиб.
Бир ҳафта ўчоқлар кўрмаган олов,
Бир ҳафта совуқдан cовқотган сандал.
Виқорли бошини хам қилган ялов –
Хурсандчиликлар бир ҳафта мaҳтал.
Мен туғилган лаҳза тоғлар қовушиб,
Пайдо бўлган юлдуз баланд фалакда.
«Ота» вафотидан юрак увишиб,
Одамлар бўлишган жони ҳалакда.
Мен туғилган кунда йиғлаган Одам,
Худо «шукур» деган бўлганда мотам!
ЭРТАК
Ажнабий давлатдан келибди меҳмон,
Оддий меҳмон эмас, Ҳазрати олий!
Илтифот, марҳамат кўрсатиб мезбон,
Олқишга сазовор бўлибди лойиқ.
Ундан сўрабдилар кечки овқатга
Нима истайдилар подшоҳи аълам.
Жавобин эшитиб ошпаз бўлмиш танг:
Олим миясидан пиширсин таом.
Отангдан улуғдир, деганлар меҳмон,
Соҳиб буюрибди, даpров топилсин.
Манти-ю чучвара, ҳатто оби нон,
Олим миясидан бўлсин, ёпилсин.
Ҳолидан тойибди бори жаллодлар,
қолмабди ватанда бирон фузало.
Бу гапни эшитиб хурсандмиш қўшни –
Меҳмонликка келган ул ғаним подшо!
Эртакдан бул ҳикмат: бемия давлат,
Эмасдир салтанат—
ялтироқ савлат.
1998
ПАХТАЗОР МАНЗАРАЛАРИ
Далаларим – яшил пояндоз,
Нигоҳларга нур бергувчи она.
Яна нега этайин қиёс,
Ҳотамликда бўлсанг ягона.
Тепки ейсан оёқ остида,
Сендан ортиқ борми хокисор?
қаҳрамонсан, айтсам, аслида,
Ҳар қадамда этган жон нисор.
Далаларим –эй мулки азим,
Арзир атаб ёзсам достонлар.
қўли очиқ тупроққа таъзим,
Таъзим қилинг, унга инсонлар!
х х х
Далалар яна оппоқ,
Оқ чойшабли фаришта.
Олтинга дўнган чарчоқ.
Деҳқоннинг таманноси,
Умрин тўла маъноси –
Очилган лўппи чаноқ.
Пахтасидан кўнгли тўқ,
Пахтасидан вақти чоғ,
………………………….
х х х
Пахта терар ёш жувон,
Этаги тўла пахта.
Икки яшар болажон
Ухлаб ётар уватда.
«Уйғонма, ухла, болам,
Тушлар кўриб кечгача.
Завқ-шавқ билан ишласам,
Бўлади уч юзтача.
Ваъда қилган ҳосилот,
Мукофотга чит кўйлак.
ўғлоним, сен кўпроқ ёт,
қишда қиламиз тўйлар»
Бола ухлар уватда,
қайтиб турмас ҳеч қачон.
Буни сезмайди пахта,
Бехабардир ёш жувон…
х х х
Пахтазор – серюлдуз осмон,
Фонуси кўп –бесаноқ.
Ерга тушган Каҳкашон,
Порлайди юлдуз – чаноқ.
Бодроқ каби кўсаклар
Имлайди қисиб кўзин.
Хирмонлар ҳам юксалар,
Мисқоллар босса вазнни.
ғўза саф тортган қўшин,
Пахтазор – зарбдор жабҳа.
Дарғалар бошлар жангни,
Кетар зўр муҳораба!
х х х
Бир ўзи қолди далада танҳо,
Парвонаси йўқ, отаси –
одам.
Куз совуғига қилмайди парво,
Бесарпо поя –
яланғоч ҳотам.
Эрта ё индин олиб кетади,
Боғлаб белидан деҳқон уйига.
Томнинг устида орзу этади,
Хизмат қилай деб ўғил тўйига.
қУЛ қИЛМОқЧИ БўлСАНГ…
Бирон элни қул қилмоқчи бўлсанг,
Эктиргин пахта кенг ерлар очиб.
Фарки йўқ тупроқ – қумми, созми, санг,
Ундирсин ҳосил чигитни сочиб.
«Пахтанг оқ олтин, ўзинг олтин қўл»,
Дея алқагин,
ҳайдаб далага.
Пахтакор каби бўлмас арзонқўл,
У ишга сарвар, сен-чи, толага.
Пахтаси оппоқ, ўзи-чи, занги,
Йил-ўн икки ой тушмасин тердан.
Олтин сеники, унга жаранги,
Пахта ундирмоқ осонми ердан!
қилмоқчи бўлсанг, бирон халқни қул,
Авра илондек, кўп эксин пахта.
Эркак ноэркак, хотин бўлса тул,
Барибир мақта,
мақтайвер, мақта!
Мақтов қоғоздан қўйгил чўнг ҳайкал,
Хирмонин каби кўрсин узоқдан.
Яшаш манзили бўлсин ҳув, пайкал,
Фарзандлари ҳам чиқмас тузоқдан.
Шарт эмас энди, кийдирмоқ кишан,
қул бўлган ўзи пахтаси билан!
ИЗМЛАР ДАРДИДАН қУТИЛАР ЗАМОН
Болалигимдан қўрқмас ўсганман,
Аллоҳ китоби эди афсона.
Пионер деган бир атеистдан,
қўрққан боболар алҳазар, дея.
Комсомол бўлиб кўтардим байроқ,
«Шараф», «виждон-чун» бўлмоқда қурбон.
Унутмас ҳеч ким –
мен берган сабоқ –
Нелар қилмадим –
барчаси армон.
Иймон деган ҳақ кулнинг остида,
Чопдим чўққига –
қизил измга.
Кўзим олдини зулмат босди-да,
Интилдим яна –
коммунизмга.
Тенгдошим эди Павлик Морозов,
Кўплар орзуси –
қаҳрамон бола.
Отасининг қалби бермай дов,
Шўрлик йиғлаган қамоқхонада.
Чорак аср кам яшадим, бироқ,
Мозийнинг даҳшатин қолдириб дилда.
Билиб ва билмай қилишар сўроқ,
Жарга қулаган ёлғончи қибла.
Худога шукур, минг қатла шукур,
Саҳар-мардонда уйғотар азон.
ғафлат уйқусининг туши кўп оғир,
Измлар дардидан қутилар замон!