Баҳодир Файзи "Нью-Йорк Таймс" даги интервью
"Нью Йорк Таймс" газетаси ёзади: "Унча катта бўлмаган бир гуруҳ ўзбек ёзувчилари гуруҳи, иқтисодчилар ва расмий доиралар Ўзбекистон пахта плантациялари Москва қарамлиги остида эканлиги масаласини кўтариб чиқа бошладилар. Шоир ва Ёзувчилар уюшмаси котиби Муҳаммад Солиҳнинг фикрича, барча фожеалар Сталиннининг мамлакатни пахта мустақиллиги билан таъминлаш ҳақидаги кўрсатмасидан сўнг бошланган. СССРнинг бу "мустақиллиги" Ўзбекистоннинг қуллиги эвазига пайдо бўлди..." (The New York Times, 06.11.1988, Bill Keller)
1998-йилда бу гапларни айтиш жуда хавфли эди. Агар шу гапларни айтган Муҳаммад Солиҳ мабодо КПСС аъзоси бўлганида эди, у ўша заҳотиёқ партия сафидан ҳайдалган бўларди. Лекин, афсуски, Муҳаммад Солиҳ КПССга аъзо эмас эди ва уни Ёзувчилар уюшмасидан ҳайдашга қарор қилишди. Навбатдан ташқари Пленум чақиришди, лекин йиғилиш уни котиблик вазифасига муносиб деб топди.
Энди КГБ тарғиботдан амалий ишга ўтиша бошлади. Чунки унга ҳамкор ва ҳамфикр бўлган норасмий ташкилот ва унинг "қайта қуриш" шарофатидан маст бўлиб юрган йўлбошчиси Пўлатов хизматга доим тайёр эди. КГБ "Пўлатов гуруҳи"нинг (Кейин маълум бўлишича уларнинг аксарияти КГБнинг штатсиз ходимлари экан) жирканч ниятларини амалга оширишда актив ёрдам бера бошлади. Охир оқибатда КГБ шу йўл билан тобора оммалашиб бораётган халқ ҳаракатини тамомила парчалаб, йўқ қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди.
Маҳаллий турк-месхетинларига қарши уюштирилган иғвогарлик ҳаракатлари КГБнинг мафия билан уюштирган дастлабки ҳамкорлиги самараси эди. Ўшанда ҳукумат бунга дастлаб "Бирлик"ни айблаб чиқди. Лекин воқеа жойига етиб келган Муҳаммад Солиҳ ҳукуматнинг бу айблови асоссиз ва бўҳтон эканини ўша куниёқ "Литературная Россия"да ёзиб чиқди. Репрессияга бу гал йўл очилмади. Лекин КГБ бу билан ҳам қаноат қилмай, энди фожеа содир бўлиши лозим маконни яқинроқдан - Ғазалкентдан топди. Бу ерда ўша "яроқсиз ва ўтмас қурол" - Пўлатовдан фойдаланилди. У ўша жойга бориб, халқни очиқ ойдин исёнга, қўзғолонга чорлади. Шундан сўнг ҳукумат маъмурлари митингларни тақиқлаб, Тошкент вилоятидаги фаол "Бирлик"чиларни ҳибсга ола бошладилар. Лекин Пўлатовга тегинишмади. (Мухолифатнинг бошқа лидерларидан фарқли ўлароқ Пўлатов бирор маротаба ҳам ҳукумат томонидан ҳибсга олинмаган...)
Бу Горбачёвнинг "қайта қуриш" йилларидан бўён амалга оширилган биринчи репрессия эди. Оломоннинг кайфиятини яхши ҳис қила билган КГБ унинг фидойилигидан ҳам фидойи ҳамкасбларига қарши яхши фойдалана билди...
Пўлатовнинг "Радикализм"и унинг оломонга ёқиш истагидан келиб чиқади. Буни нафақат "Бирлик" раҳбарлари, балки хорижлик кузатувчилар ҳам эътироф этишади: "Пўлатовнинг машҳурлиги унинг зиддиятли характери ва халққа ёқишга бўлган кучли хоҳиш ва истагидан иборат худбинлик натижасидир",деб ёзади Билл Фиерман. (Сentral Asian Survey, Vol. 10. No 3. Bill Fierman p. 57 )
Масалан, Муҳаммад Солиҳнинг кутилмаганда "миллатчи" бўлиб қолган коммунистларни тартиб ва инсофга чорловчи чақириқларини КГБ оммага "халқ ҳаракатига хоинлик" деб тағиб эта бошлади. Бу жирканч ишни ҳам "Пўлатовчилар" оғзи билан амалга оширди...
Бу миллий лидерни обрўсизлантириш йўлидаги янги уриниш эди. Лекин бу гал уни икки йил олдингидек халққа хоинликда эмас, балки энди ҳукумат билан тил бириктиришда айблашди.
Муҳаммад Солиҳ шундай деган эди: "Лидер оломон ортидан эмас, аксинча, оломон лидер ортидан юриши керак. Шу боис "Бирлик" раҳбарларини оломон истакларидан қатъий назар, қон тўкилиши олдини олишга чақираман".
КГБ эса унинг бу сўзларини ёзувчилар орасида ўзича шарҳларди: "Кўряпсизми, йўлбошчиларингиз энди митинг ва намойишга қарши. У Каримовга сотилиб, уйли жойли, машинали бўлиб олди. Унга энди барҳам бериш керак!"
Кетиш
Машаққатли сиёсий курашнинг турли кирдикорларидан безган Муҳаммад Солиҳ парда орти ўйинларида уқувсиз бўлгани боис маълум муддат четга чиқишга қарор қилди.
Бу ҳақда унинг ўзи шундай деб ёзади: "Мен Миллий Ҳаракат Президиумининг 17 аъзосидан бири эдим. Биринчи таъсис Қурултойи ва унда "Бирлик" раиси сайлангандан сўнг унинг фаолиятида деярли иштирок этмаганман. Вақт бўлмаган. Ёзувчилар уюшмаси ишлари билан тамомила банд эдим. Котиб бўлганим боис ҳар куни публицистика ёзиш, одамлар - студент ва олимлар, ўқитувчи ва шифокорлар билан учрашувларга борар, улар билан мулоқотлар олиб борардим...
Ўша йилларда мен шеър ёзишни тамомила йиғиштирдим. Одамлар йиллар давомида ерга қадалган нигоҳларини ниҳоят қўрқмай баланд баландларга, кўм кўк осмон қаърига қадашлари менга шеъриятдан-да буюкроқ ажиб бир руҳ, ушалиши муқаррар ажиб орзу бахш этган эди.
Аслида айнан шу муқаддас орзуни йўқотмаслик учун ҳам мен "Бирлик"дан кетишга аҳд қилган бўлсам не ажаб! Ҳар қалай шундай бўлса керак. Ҳар қалай деганимнинг боиси шуки, бунинг бошқа сабаблари ҳам бўлган ва мен бу сабаблар ҳақида ўтган йилларда ҳам айтганман. Бугун бу гап сўзлар айтлганига етти йил бўларкан, "Бирлик"дан кетишимнинг сабаблари сиёсий эди деган жиддий важларим энди ўзимни қаноатлантирмаётгандек гўё. Одам озод бўлишни истаб қолади гоҳи ва кетишга қарор қилади. Тамом вассалом! Мен ўзимнинг ўша пайтлардаги ҳолатимни "Бирлик"даги дўстларим айнан шундай контекстда кўришлари ва тушунишларини истардим....
Аслида эса бунинг сабаблари қуйидагича эди: 1989 йилнинг август ва ё сентябрь ойлари менинг кабинетимга "Бирлик" Президиуми аъзоларимдан бир нечтаси келиб ҳаракат раиси Абдураҳим Пўлатовдан шикоят қила бошлашди. Мен уларга Пўлатовнинг ўзини ҳам чақиришларини, бировнинг орқасидан эмас, балки олдида ҳамма гапни айтишлари лозимлигини айтдим. Лекин улар бу масалани у билан муҳокама қилишни исташмади. Республикадаги жуда кўп нуфузли кишилар айнан Пўлатовнинг қўпол муомиласи учун ҳаракатдан кетаётганларини айтишди...
Аслида Пўлатовнинг Ҳаракат раислигига номзодини мен кўрсатган ва унинг сайланиши учун қўлимдан келган ҳамма ишни қилган эдим. Буни "Бирлик"даги ёзувчилар, унинг таъсисчилари яхши билишади. Шу боис ҳам мен шикоят қилиб келганлар олдида Пўлатовни ҳимоя қилиш баробарида қайсидир маънода ўзимни ҳам ҳимоя қилаётган эдим...
Раисни ёқтирмаганлар сафи кундан кун ортиб борар эди. Бир кун кутилмаганда Ҳаракат Президиумииниг бирваракайига тўрт аъзоси агар у вазифасидан олинмаса, истеъфога чиқишларини маълум қилишди. Мен Пўлатов билан суҳбатлашиб, вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилдим. Мен ундан одамлар тинчлангунга қадар маълум муддат четга чиқишини илтимос қилдим. У мени тушунгандек ва рози бўлгандек бўлди. Пўлатовнинг ёзувчилар уюшмасидаги кабинетимдан чиққанига ярим соат бўлар бўлмас ҳузуримга сафдошларим янги хабар билан келишди: Каримов Муҳаммад Солиҳ билан келишиб, Пўлатовни олиб ташлашга кўндирибди. Мен бундай иғво ва шантаждан лол қотиб қолдим...
"Муҳаммад Солиҳ "Бирлик" раҳбарлигини забт этмоқчи" деган навбатдаги иғводан сўнг мен ҳеч қачон "Бирлик" раислигини даъво қилмайман деган тантанали қасамёд билан ариза ёздим ва ўз фаолиятимни амалий иш билан давом эттириш ниятида Ҳаракатдан чиқдим...("Muhammad Salih in Turkish and Western Press” Аnkara, “Berikan”-2001 pp. 388- 396)
Бу ҳаракатларнинг барчаси КГБ нинг пухта ишлаб чиқилган режаси асосида мухолифатни парчалаб ташлаш ва янчиб йўқ қилиш умидида қилинган эди. "Бирлик"даги КГБ чилар гуруҳининг ҳатти ҳаракатлари оқибатида кўп ўтмай, яъни 1989 йилнинг охирига келиб, унинг сафида "Бирлик" ка асос солган кишилардан деярли ҳеч ким қолмаган эди. Муҳаммад Солиҳдан сўнг барча ветеранлар секин аста "Бирлик" Ҳалқ Ҳаракатини тарк эта бошладилар...
"Эрк" пайдо бўлиши
ЭРК партияси ўзининг биринчи Қурултойини 1990 йилнинг 30 апрелида чақирган эди. Ҳукумат бу янги партия тимсолида мухолифатдаги ўз иттифоқчисини кўришни орзу қилган эди. Лекин Муҳаммад Солиҳнинг Қурултойдаги маърузаси ҳукуматнинг бу орзуларини чиппакка чиқарди. Бу мутлақо янги Дастурдаги янги партия экани ва кўп эмас, оз эмас - мамлакат мустақиллиги йўлида йўлбошчи бўлишга жазм этгани маълум бўлди!
Муҳаммад Солиҳ маърўзасини ўқиб тугатаркан маҳаллий мухбирлар ҳам, Москвадан келган журналистлар ҳам баб-бараварига, худди буйруқ берилгандек Қурултойни тарк этишди. Эртайиси куни эса Ўзбекистонда ташкил топган янги сиёсий партия ҳақида ҳеч қаерда ҳеч қанақанги хабар чоп этилмади...
Рус тилидан Исмат Хушевнинг эркин таржимаси.