Болалик хотиралари (Биринчи суҳбат)
Сўзбоши ўрнида
Бундан роппа роса бир йил олдин таниқли ҳофиз, шоир ва сиёсатчи Дадахон Ҳасанов ҳақида бир китоб ёзиш илинжида у киши билан суҳбатлашган эдим. Дастлабки, суҳбат пайтида Дадахон аканинг умр йўллари, болаликдан тортиб то шу кунгача (2005 йил баҳори) кечган ҳаётлари ҳақидаги ҳотираларини ёзиб олдим. Иккинчи ва учинчи учрашувларимизда ҳофизнинг ҳаёт ва дунё моҳияти ҳақидаги фикрлари, ижтимоий, фалсафий қарашлари ва у киши билан боғлиқ суратлар, ҳамда матбуотда чиққан жамики мақолалардан нусха олмоқчи эдим.
Дадахон ака бир неча марта менга қўнғироқ қилиб суҳбатни давом эттиришни сўрадилар, бироқ минг афсуски иш билан адармон бўлиб (ўша пайтда Уруш ва тинчликни ёритиш институтида ишлардим) Дадахон аканинг олдиларига бора олмадим.Орадан кўп вақт ўтмай, Андижон воқеалари бошланди ва бизни Тошкентдаги офисимиз ёпилди. Кўпчилик журналистлар каби мен ҳам, мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлдим.
Бугунги кунда Тошкентда Дадахон Ҳасановга нисбатан ақл бовар қилмас айбловлар билан жиноий иш очилгани, барча каби мени ҳам ларзага солди. Анча вақтдан буён Тошкентда қолган дея гумон қилиб юрган, Дадахон ака билан қилинган суҳбатлар ёзилган қалин дафтаримни орадан олти ой ўтгач турмуш ўртоғим Саодат Пўлканова катта қийинчиликлар билан бўлсада, олиб келишга муваффақ бўлганини эшитиб жуда мамнун бўлдим. Кейинчалик эшитсам, Дадахон ака мен мамлакатдан чиқиб кетгандан сўнг ҳам бизни уйимизга қўнғироқ қилиб, уйдагилар ҳолини сўраб турган эканлар.
Мен доимо, Дадахон Ҳасанов олдида ўзимни бурчдор деб ҳис қиламан. Ўзимни шундай улуғ ҳофиз, буюк инсон билан ҳамсуҳбат қилганига Яратганга ҳамду санолар айтаман.
Йиллар ўтади, Ўзбекистонда ҳам яхши кунлар келади. Бугун Дадахон акага нисбатан қилинаётган қаттол режимнинг адолатсизликлари учун албатта КИМдир жавоб беради. Умр бўйи ўзи айтганидек қора рўйхатдан тушмай келган, севимли ҳофизимиз Ўзбекистоннинг бугунгидек сохта қаҳрамонлари эмас, ҲАҚИҚИЙ ҚАҲРАМОНЛАРИ рўйхатидан биринчи рақам билан ўз ўрнига эга бўлади.
Шудай қилиб, бугун Дадахон Ҳасанов билан қилган суҳбатларимни қисмларга ажратиб, сиз азиз ўқувчилар ҳукмига ҳавола этишга қарор қилдим.
Дадахон Ҳасанов қачон, қаерда, қандай оилада таваллуд топган? Қаерда, кимлар билан ўқиган? Санъатга, сиёсатга қандай кириб келган? Сиёсий қўшиқлари қандай яратилган? "Бирлик" халқ ҳаракати қандай ва қай вазиятда ташкил этилганди? Ҳофизнинг оиласи ва фарзандлари...
Суҳбатларимизни кузатиб боринг ва бу борада ўзингизни қизиқтирган саволларга жавоб топгайсиз деб умид қиламан.
Ҳурмат билан Юсуф Расул, журналист, Швеция.
Болалик хотиралари
(Биринчи суҳбат)
Юсуф Расул; Дадахон Ҳасанов ўзбек халқининг севимли ҳофизи, эрк ва озодлик куйчиси, ўтюрак шоир...Дадахон Ҳасанов ўзбек мухолифатининг отаси, "Бирлик" халқ ҳаракатининг асосчиси...
Сизга бериладиган таърифу таснифлар шу қадар кўп, бироқ кўпчилик Дадахон Ҳасановнинг шаҳсий ҳаёти, унинг қандай оилада камол топганини яхши билмайди. Суҳбатимизни дастлаб, ўзингизни болалик чоғларингиздан бошласак...
Дадахон Ҳасанов: Мен 1941 йил ноябр ойида (паспортимга 15 март деб янглиш ёзилган) Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Арабхона қишлоғида оддий деҳқон оиласида туғилганман. Қишлоғимиз яқинида араблар тепалиги деган бир жой бор, шу боис мен туғилган жой шу ном билан атаб келинади. Отамнинг исму шарифи Ҳасанов Шокир, онам Ҳасанова Қумринисо эдилар.
Отам Қўқондаги механизация билим юртини тамомлаган, ўша пайтдаги жамоа хўжалигида олдин мироб, кейинчалик ҳосилот бўлиб ишлаганлар.Отам бир муддат жамоа хўжалиги раиси ўринбосари бўлганлар, охирги йилларда Олтиариқ туман сув хўжалиги бошлиғи вазифасида ишлаганлар.
Немис фашист босқинчилари СССРга бостириб кирганда, отам 1942 йилнинг октябрь ойида урушга кетиб қайтиб келмаганлар. Кейинчалик эшитсам, Россия ўлкасидаги шимолий-шарқий фронтда хизмат қилган эканлар. 1943 йилнинг 15 мартида "Великий" Новгород шаҳри яқинидаги Залуга райони, Шатова қишлоғида ҳалок бўлганлар.Отам вафот этганларида мен эндигина, икки ёшга тўлган мурғаккина чақалоқ бўлганман.
Ю.Р.:Оилада неча фарзандсизлар? Ака-укаларингиз, сингилларингиз борми?
Д.Ҳ.; Ҳа, бир акам, икки опам бор. Акамнинг исмлари Алижон, опаларим Мўътабархон ва Тамарахонлар...Ўша пайтларда, Тамарахоним халқ ичида анча машҳур бўлган экан. Шу сабабли, кичик опамга шу номни қўйганлар.
Ҳозир акам ҳаётлар. У киши олим, педагогика фанлари доктори, профессор Алижон Ҳасанов. Тошкент Давлат консерваториясида ва Маданият институтида мусиқа фанидан дарс берадилар. Опаларим эса жамоа хўжалигида деҳқончилик қилиб яшаб ўтишди. Уларни санъатга алоқаси йўқ. Бизни авлодимизда ҳам санъаткорлар бўлмаган дейишади.
Қишлоғимиздаги мактаб саккиз йиллик эди. Саккиз йил шу мактабда саводим чиқиб, тўққизинчи ва ўнинчи синфларни Олтиариқ тумани марказидаги мактабда хатм қилдим. Қишлоқ билан туман маркази ораси 15 километр эди, қатнаб ўқиб, 1959 йилда ўрта мактабни муваффақиятли тугатишга муяссар бўлдим.
Ю.Р. Дадахон Ҳасановда шеъриятга, санъатга меҳр қачондан бошланган?
Д.Ҳ. Менда дастлаб шеъриятга меҳр уйғонган. Эллигинчи йиллар охирлари эди. Бир куни тасодифан қўлимга ўзбек адабиёти хрестоматияси тушиб қолди. Унда Навоий, Атойи, Саккокий, Машраб, Ҳувайдо каби шоирлар ижодидан намуналар берилган эди. Дастлаб, шу китобни ўқиб адабиётга ишқим тушди. Шундан сўнг, Саъдий Шерозий, Рўдакий асарларини ўқидим. Буни қарангки, улардан илҳомланиб ўзим ҳам шеър ёза бошладим.
Биринчи шеъримни 1959 йилда ёзганман. Бу шеър "Онамга" деб номланиб, ўша пайтдаги Олтиариқ туман газетасида босилиб чиққанди. Орадан тўрт йил ўтиб марказий нашрлардан бири "Ёш Ленинчи" газетида "Севгилим" деган машқим эълон қилинди. Бу шеър қандай ёзилган бўлса шундай босилган, бирор жойига қалам тегизилмаган.
Ю.Р. Демак, мактаб даврида ёзган назмий машқларингиз таҳрирталаб бўлмаган. Мактабдан кейинги ҳаёт ва ижод йўлингиз қандай кечди?
Д.Ҳ.; Юқорида айтганимдек, мен 1959 йилда Олтиариқдаги 1- сон ўрта мактабни битиргач (бу мактаб Пушкин номи билан юритиларди), шу йили Тошкент Давлат Университетининг филология факультетига ҳужжатларимни топширдим. Бироқ биринчи йил омадим чопмади, иншодан "йиқилдим".
Орадан бир йил ўтиб, яъни 1960 йил яна шу факультетга ҳужжатларни топширдим. Бу гал ҳам омадим чопмади, иншодан ўтдим, бироқ оғзакидан ўта олмадим. Ниҳоят учинчи йил деганда, 1961 йили ўқишга киришга муваффақ бўлдим.
Мен уч йил ўқишга қатнаб юрган кезларда, яъни 1959- 61 йилларда туман мактабларида пионерлар етакчиси ва ўқитувчи бўлиб ишладим. У пайтларда таниш билишчилик йўқ эди, билиминг бўлса ишлайверардинг. Иш жараёнида тинмай ижод қилдим, шеърларим, мақолаларим туман ва вилоят газеталарида босилиб турди.
Ю.Р.: Университетда ўқиш жараёни ҳаётингизда қандай излар қолдирган?
Д.Ҳ.; Мен 1961 йилдан 66 йилгача, ТошДунинг журналистика факультетида таҳсил олдим.Бизни пайтимизга келиб филология факультетидан журналистика ажралиб чиққанди ва биз шу факультетга ўтказилдик.
Мен шу беш йил ичида ватанимни, юртимни танидим. Мен учун Университет катта ҳаётий мактаб бўлди. Бу ерда гўёки, қайтадан туғилгандек эдим. У ерда катта катта шоирлар билан учрашувлар бўларди. Газета ва журналлар таҳририятларига бориб турардик. Бу жараёнда адабиёт, бадиият дунёсига қандай кириб қолганингни ўзинг ҳам билмай қолар экансан.
Мен ўша пайтда бугунги кунда Ўзбекистонда таниқли бўлган Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Гулчеҳра Нуруллаева каби шоир ва шоиралар билан бир курсда ўқиганман. Сафар Барноев, Зоҳир Аълам,Омон Мухторов, Шукур Холмирзаев каби ёзувчилар билан ҳам бир пайтда таҳсил олганмиз.
Ёдимда бор, ўша йилларда Шукур Холмирзаевнинг "Оқ отли" деган қиссаси эълон қилинган ва анча машҳур бўлиб кетганди. Бизни факультетимизда Уйғун, Зулфия, Азиз Абдураззоқ, Миртемир домла каби шоирлар билан учрашувлар бўлиб турарди.Ўша пайтдаги шеърият мушоиралари, ҳанузгача ёдимда сақланиб қолган. Айниқса, ўша пайтдаги Пушкин боғидаги учрашувлар, шеърият кечаларини эслайман. Шоирлардан дастхат олишга қизиқардик.
(Давоми бор)