Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тошкентда иқтидорли ёш кинорежиссер Искандар Агзамовнинг бундан бир неча кун аввал ўлдириб кетилгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлаган. Искандарнинг ўлдирилиши юзасидан тергов ишлари бошланган.
“Скан Мульти” тахаллуси билан танилган 28 ёшли режиссёрнинг жасади қотилликдан бир неча кун ўтиб, 25 июнь куни Дархондаги уйида топилган.
Расмий маълумотларга кўра, жиноят сабаблари ҳозирча номаълум ва тергов ишлари олиб борилмоқда.
Қотиллик Искандар Агзамовнинг янги фильми намойиши арафасида юз берган.
Тез кунларда кино экранларига чиқиши кутилаётган "Хўжа Насриддин - ўйин бошланмоқда" деб номланган бадиий фильм кино танқидчилари томонидан юқори баҳоланган.
Би-би-си ўзбекистонлик кинорежиссёр Рустам Саъдиев билан Искандар Агзамовнинг фожиали ниҳоя топган ҳаёти ва ижоди ҳақида суҳбатлашди.
Рустам Саъдиев: - Искандар бугунги куннинг ўзига хос, авангард бир йўлни танлаган режиссёр эди. У менинг учта фильмимда бош оператор бўлиб ишлаганди. Бу фильмлар – “Наҳотки сен...”, “Кўзларинг маъюс...” ва “ Муҳаббатнинг йўллари“. Унинг режиссурадаги илк ижод намунали видеоклиплар эди. Ўзбекистон эстрада юлдузларига видеоклиплар ярата бошлаганди аввалига, кейин ўзимнинг фильмимни олишим керак деган ёрқин орзули бир ижодкор эди.
Би-би-си: - Искандарнинг кино соҳасида махсус маълумоти йўқлигига қарамасдан, иқтидорли бир режиссёр сифатида ўртага чиқаётганди, деб айтишмоқда. Айтингчи, унинг бошқа режиссёрлардан кинога ва ижодга ёндашувда фарқи нимада эди?
Рустам Саъдиев: - Фарқи... биласизми, Ҳолливудда Питер Жексон деган режиссёр бор. У доим шу режиссёрнинг ижоди билан қизиқарди. Ўзбекистонда ҳам шу каби яхши ва компьютер техникасига асосланган фильмлар яратишни орзу қиларди. Гарчанд, Искандар кино соҳасида ҳеч қандай бир олийгоҳни битирмаган бўлса ҳам ҳар бир замоннинг шунақа бир Искандари бўлади.
Би-би-си: - Искандарни жуда кўп мухлислари ва дўстлари хотирлашмоқда. Аммо унинг ҳам душманлари бўлган деган фикрлар айтилмоқда. Айтингчи, шу ёш ижодкорнинг ҳам душманлари бўлганми?
Рустам Саъдиев: - Мен бундай деб ўйламайман. Чунки... душман орттириш мумкин. Умуман, ижод жараёнида биласизми, кичик бир зиддиятлар бўлиши мумкин. Гоҳида режиссёр билан, гоҳо рассом билан... Бу нормал мулоқот. Ижод жараёнида ҳар доим бунақа ҳолатлар рўй беради. Аммо мен бу ҳолатни унинг ўлимига сабаб деб ўйламайман.
Би-би-си: - Искандарнинг ҳали биринчи фильми ҳам расман экранларга чиқарилмаганди. У нималарни орзу қиларди ва умуман ўзбек киноси учун унинг ўлими қанчалик катта йўқотиш?
Рустам Саъдиев: - У Ўзбекистон киносига катта бир оқим олиб кираман, деган орзуда эди. У “ римейк”лар яратаётганди, яъни ўзимизнинг миллий қаҳрамонларни замонавий бир манзарада олмоқчи эди. Аммо... Менинг назаримда, ўзбек санъатида катта бир йўқотиш бўлди Искандарнинг ўлими...