Бош сахифа

Лойиха ҳақида

Хабарлар

Мақолалар
 
Бадиий адабиёт

Бош саҳифага қайтиш


 
 

ШАХСЛАР

 
 
 
Ушбу матн
1049 марта ўқилди.
 
 
Хостинг от uCoz
 

Муҳаммад Солиҳнинг ёшлиги
 

Муҳаммад Солиҳ беш ёшида ўқиш ва ёзишни ўрганди. Расм чизиши ғоят севсада, шеъриятга бўлган ҳаваси янада кучли эди... Илк шеърият таҳсилини бувиси Шукурхон Онанинг оқшомлари ёддан айтган достонларидан олди. Она ўнлаб достонларини ёддан билар, имкон топгунича ёд айтарди...

Муҳаммад Солиҳ ўзининг "Йўлнома" китобида бу ҳакда шундай дейди:

"Энам "Хоразм тарихи" дея бизга ҳикоя қилган китобнинг кейинчалик "Китоби Дада Қорқут" эканини билдим..."

Муҳаммад Солиҳ: «Минг тўққиз юз қирқ тўққизнинг йигирманчи декабрида ўша пайтларда Урганч, бугуннинг Янгибозор туманида Беклар овўлида туғилибман. Отам Мадамин Бек, раҳматли Бегжон Бекнинг ўғли, ўн ёшида отадан етим қолган. Шўролар ҳукумати 1928 йилда Бегжон Бекнинг ер-сувини мусодара этган, ўзини йўқ қилган.

Ижтимоий келиб чиқиши сабабли отамни совет мактабига олишмаган, бутун маьлумоти "ҳафтияк" ва кейинчалик ўқигани ЧСБ (чала саводликни битириш) курси даражасида қолган. Лекин 1942 йилда урушга кўнгилли бўлиб кетган. 1943-да ярадор бўлиб қайтган, соғайганидан сўнг, 44-нинг бошида яна урушга кетган. Мен ундан: "бу ҳокимият аждодларимизни йўқ қилди, нега урушга кетдингиз?", деганимда, у: "овулда фақат хотинлар қолган эди, отамлашадиган улфат йўқ эди, зерикканимдан кетдим," дер эди, раҳматли.

Сталинни жуда ҳурмат қиларди, аммо унинг 1945 йилда сўйлаган "Ғалаба нутқи"ни "аввал Буюк рус халқи...", деб бошлагани, отамнинг айтишича, "кўнгилларни бир пахса пастга тушириб" юборган. Шунга қарамай, 1953 йил 5 март куни жуда қайғули эди. Мен буни равшан эслайман, чунки ўша куни тупиғимдан бир эшакари чақиб олган эди. Худди Сталин ўлимининг хабарчиси каби. Бу хабар "47" маркали радиомиздан ҳам келди ва уйдагилар хабарни кўшниларга айтишдан қўрққандилар...

Отамнинг диний тарбияси йўқ эди. Аммо фотиҳа сурасини биларди, сўнгги йилларда намоз қила бошлаган эди. Оллоҳ ўз раҳматига қовуштирсин.
Онам, Қаландар Сариқнинг кизи Оқилахоним, совет мактабида тўрт синф битирган, умри бола тарбияси ва меҳмонларга овқат пишириш билан ўтган. Отам улфатчиликни севарди. Онам ҳам диний тарбия олмаган, аммо ҳар оқшом, уйқу олдидан шу калималарни шивирларди:

"Ётгаймиз, ё Оллох,
Тургаймиз, иншооллох
Турар-турмас кун бўлса,
Ла илаха иллаллох!"

Онам шариатнинг ҳалол-ҳаром тамойилига мутассибларча амал қиларди...
Бувим Шукур энанинг диний маьлумоти мукаммал эди. У ҳадисларга кирмаган диний афсоналаргача билар ва уларни ҳикоя киларди... Энам "Хоразм тарихи" дея бизга ҳикоя қилган китобнинг кейинчалик "Китоби Дада Қорқут" эканини билдим.
1956 йилда мактабнинг биринчи синфига бордим ва мислсиз сабр билан яна ўн йил қатнадим... Бу "мажбурий хизмат" йилларида мени овунтирган нарса мутолаа эди.

Овулдан уч чақирим узоқда, эски район марказидаги МТС (машина-трактор стансияси)нинг кутубхонаси бор эди. Бу кутубхонанинг битта мудири ва иккита муштарийси бор эди. Мудир олтмиш ёшлардаги бир кампир, муштарийлар - тракторчи Саьдулла ва мен. Кутубхона, ичи қоронги ва дунёдаги энг сокин кутубхоналардан бири эди. Китоб ҳиди одамни сархуш қиларди. Уларни пайпасларкан, хоҳлаган китобни олиш, бир эмас, бешта, ҳатто ўнта олиш мумкинлигини ўйлаб шошиб қоларди киши..

Яна бир эслайдиганим, кутубхонанинг деворларига ёпиштирилган, сарғайиб кетган плакатлар. Уларда атом бомбаси тушганда "противогаз"ни кийиш усуллари ва портлаш тўлқинидан бекиниш намуналари кўрсатилган эди.

Мен кутубхона жавонларини пайпаслар экан, дунёда Кариб буҳрони вужудга келганини билмасдим. Жон Кеннедининг буйруғи билан американ ҳарбий кемалар Куба ороли сари йўл тутгани, Хрушчев "бобом"из эса, бошида қолган сочларини ҳам юлаётганидан асло хабарим йўк эди. Дунё учинчи жаҳон урушига ҳозирланар эди. Мен эса, ўз урушимни бошлаб юборган эдим. Китобларда...

Одамлар "мен дунёга нима учун келдим?", деб ўзларидан сўрашга қўрқадилар. Мен ҳам қўрқардим. Етмишинчи йил бошларида фаранг олими Блез Паскалнинг китобидаги бир фикр диққатимни тортди, тахминан маьноси шундай эди: "Инсон ўзининг бир пайтлар нақадар юксакликдан йиқилганини англаши учун бу дунёда яшайди".

Бу диний фикр мендаги қўрқувни деярли йўқ қилди. Қўрқув - жоҳиллик меваси. Мен етмишинчи йилларнинг интеллектуал жоҳилият талабаларидан бири эдим ва Паскалнинг фикри менга буюк кашфиёт бўлиб кўринган эди.
Албатта, Қур;они Карим борлигини билардим. Аммо унда нафақат инсоният тарихи ва келажаги, балки, ҳар бир "қуриган япрокнинг тарихи" ҳам ёзилганини билмасдим. Агар билганда эди, ақлимга сиғдира олмасдим, чунки бу ҳодиса инсон ақлига сиғмайди.

Бу Китоб пойига етиб келгунча юзлаб ширқ тўла китоб босиб ўтишга тўғри келди. Диний тарбиям йўқ эди, деб ўзимни оқламаяпман, буларни ёзаркан, тавба қилаяпман фақат.

Шеьр менинг тарбиячим эди. Аммо у таянч нуқтаси эмас эди. Эл қатори, мен ҳам бир таянч нуқтасига муҳтож эдим. Чунки, эл қатори мен ҳам адашганлардан бири эдим. ...

Эҳтирос қамчиси остида дир-дир
Титраётган туядай, тушов оёқда,
Юришга мажбурмиз, юрмоққа мажбур,
Билмай, Мағриб қайда, Машриқ қаёқда.
("Адашганлар қўшиғи", 1983)

Бу изтироб худди қадимги юнон файласуфи Пармениднинг изтиробига менгзар эди. Парменид шундай нола қиларди: "Эй, худолар, мен сиздан ҳеч нарса сўрамайман, менга фақат битта Собитлик беринг. Бу тинмай ўзгараётган, ҳар турли рангларда товланаётган беқарорлик денгизида менинг ёпишиб олишим учун бир оғоч - бир барқарорлик, бир собитлик беринг!", деб ёлворарди шўрлик.

Лекин унинг нолалари беҳуда эди, чунки, у собитликни Оллоҳдан эмас, худолардан сўраётган эди. Парменид политеизм (кўпхудолилик) замоннинг қурбони эди. Аммо ўзи англамаган ҳолда, Оллоҳни, бутун оламларни яратган ягона Оллоҳни - ягона таянчни излаётган эди.

Бундай таянчни совет даврида ўз динидан узоқлаштирилган одамлар ҳам излай бошладилар. Менга ўхшаганлар учун шеьр бу изланишда воситачи эди. Шеьр изланиш изтиробидан чарчамаслик учун бир танаффус эди. Шеьр ташқарисида чексиз, юракни орзиқтириб юборувчи бўшлиқ бор эди.

Бу бўшлиқ бизнинг жондан севган дунёмиз эди. Жозибаси қўркинчли дунё...
Қалб бир осойишталик истар, қутурган эҳтирос денгизида ҳалок бўлмаслик учун бир таянч истар эди. Инсонга муҳаббат, саньатга муҳаббат, ҳатто миллатга, ватанга муҳаббат ҳам қалбга бу таянчни бера олмасди. Қалб бир сўқир каби буюк изтироб ичида пайпасланар ва ўзининг Асл Кимлигини ахтарарди. Бир овоз унга "мен сенга ўқ томирингдан ҳам яқинман!", дея шивирларди, аммо у овоз соҳибини кўра олмас эди.

Бир куч бордир тепада шаксиз,
Бир улуғ қудрат бор, мавжуд муҳаққақ,
Йўқса, не ўзимни сезаяпман ожиз,
Йўқса, нега бунча титрайди юрак?
("Демак", 1983)

Етмишинчи йилларда бу мажҳул сезгини жуда кўп ёш шоирлар яшаганига аминман. Аммо бу сезги шеьриятда ҳеч қачон лейтмотив бўлмади. Гуё шеьр, ўз йўлидан, уни ёзганлар ўз йўлидан юрарди. Шеьр руҳоний бўлиши мумкин эди, аммо биз бундай бўлишимиз мумкин эмас эди.

Биз ғурурнинг асирлари эдик.
Тўғри сўзни сўйлаш ғурури, жасорат билан сўйлаш ғурури, ҳеч кимга ҳеч қачон бўйин эгмаслик ғурури, дўстга садоқат, душманга нафрат ғурури ва ҳоказо ғурурларнинг тутқуни эдик бизлар.

Хуллас, биз бир олижаноблар эдик. Лекин Қалб олижаноблигимизни тан олмас эди ва ўзига таянч ахтаришда давом этарди:

Биз, ахир, ҳеч кимни ўлдирмадик-ку,
Лекин нега бизнинг қўлларимиз қон,
Гуноҳ қуши турар бош узра мангу,
Ёнаётган авлиёдай чирпинар виждон?
("Адашганлар қўшиғи", 1983)

Чунки, бизнинг ўша саналган барча олижаноб фазилатларимиз ҳавода осилиб турарди. Бу фазилатларни қўядиган бир гуша, бир меҳроб йўқ эди. Бу фазилатларни қайд этадиган бир ҳакам, уни қабул қилиб оладиган бир раҳбар йўқ эди.

Биз бу жавоҳирларни ҳавоий ғурурга омонат этгандик. Қалб, шу боис ёнаётган авлиёдай чирпинарди, шу сабаб гуноҳ қуши кетмасди устимиздан. Биз яхшилик ва ёмонлик нима эканини билардик. Аммо яхшилик қиларкан, уни ғурур ризоси учун қилардик. Ёмонликдан ўзимизни тияркан, ғурур ризоси учун тиярдик. Лекин Қалб бу фаолиятнинг янглиш эканлигини биларди. У жиддийроқ иш билан машғул эди. У ўзининг қайси юксакликдан йиқилиб тушганини чамаларди. У ўзининг Қибласини ахтарарди. Қалб бутун оламларни бор қилган Оллоҳ ризосини истарди…»

 
 


 

 
   
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Муаллифларнинг фикри таҳририят нуқтаи назари билан тўғри келмаслиги мумкин.
Матнлардан фойдаланганда уларнинг
www.jadidlar.orgдан олингани кўрсатилиши шарт.