19.01.2006 18:53:26 Акам ота-онамнинг тўнғичи, суянгани эди. Дадам акамга бошқача бино қўярди. Аммо акам Андижон воқеаларидан кейин таъқиблар остида четга кетишга мажбур бўлди. Дадам эса акамнинг кетганига кўниколмай, йиғлайвериб, инсульт бўлиб қолди... Ҳозир нафратим жуда кучли, аламим ичимда. Бир шеър ёздим. Акам шеърлар ёзиб турарди.
Бу шеър қочоқ шоирнинг видолашув қўшиғи, балким акамнинг тилидандир. Аммо бу шеърни таҳрир қилишга ҳам, уни яхшилаб ёзишга ҳам тоқатим етмайди. Қабул қилиб олинг!
Шеър ёзмай қўйгандим анчадан бери,
Бу менинг энг сўнгги видо алёрим.
Азиз бўлса ҳамки, ҳар қарич еринг,
Маддоҳ бўлолмадим, кечир диёрим!
Бўғзимдан ўтмади бировнинг ҳаққи,
Қориндан ортмади ҳалол топганим.
Маддоҳ касбдошларим орденлар тақди,
Мен ўз виждонимга эшик ёпмадим! .
Бир менинг қўлимдан келмайди, билдим,
Ўзбекнинг менюси ҳануз нон-чойдир.
Ҳақиқат бўлмаса қолиб не қилдим,
Ҳақиқат ёзганлар ҳолига войдир.
Алвидо, мен ўсиб улғайган замин,
Алвидо, шаҳидлар кўмилган шаҳрим.
Бағрингда кофирдай яшашдан кўра,
Иймон-ла олисга кетмоқ истадим.
Ватан, кечир бу кун содиқ болангни,
Гарчи қучоғинг тарк этаман, бироқ,
Хомталаш қилмадим, бойликларингни
Олиб кетаяпман бир сиқим тупроқ.
Юзларингга оёқ босганлар ҳаққи,
Фарзандларинг қайтар бир куни албат.
Виждонини дорга осганлар ҳаққи,
Ватанга қайтарар бизни муҳаббат.
"Ҳурматли" юртбоши, сизга алвидо,
Бизни ватанфуруш атаманг, фақат!
Сизга ҳам бир айтар сўзим бор, якто,
Энг зўр ватанфуруш ўзингиз албат.
- Сиз халқин талаган манфур қароқчи,
- Сиз маддоҳ шоирлар куйлаган ботил!
- Сиз ўша ваъдабоз, машҳур алдоқчи,
- Сиз ўз "фарзанд"ларин ўлдирган қотил!
Гарчи олисдаман, қалбда ўч, исён,
Гарчи айро тушди Ватандан йўлим!
Севинманг, мен сизга башорат айтай,
Бир куни итдайин топурсиз ЎЛИМ!
Билмам бу кун ҳали яқинми, узоқ,
Мусофирликка ҳам ясалар якун.
Ўшанда турнадай солиб арғимчоқ,
Она юртимизга қайтурмиз бир кун.
Этни тирноқдан-да айириб бўлмас,
Ватан вужудимда бир жону тандир.
Қазоим етса ҳам бу орзу ўлмас,
Мендан қолар мерос – ёлғиз ВАТАНДИР!
Фурқат Мискин
Манба: «Эркин юрт»