17.04.2006 05:31:49
Минг йил яшайман ҳали
Тахтда сураман даврон.
Мен элга "меҳмон" эмас
Бу миллат менга меҳмон.
Бу мурдор халқ бошига
Соям ҳам солар маҳшар.
Ўлмасман, ҳатто ўлим
Мендан этади ҳазар.
Ажабмас халқ битгач ҳам
Юз йиллар даврон сурсам.
Шундан сўнг ажал келса,
Ворисим бўлсин мурдам!
11.04.06
Андижон кирғинини қўллаган, Андижонни ўз мулкидек билган Россия Президенти Путинга "ҳурмат" билан
Ўзбекистон онанггизнинг анорими?
Онанггизнинг анорига қурт тушдими?!
Ўзбекистон онанггизнинг гулзорми?
Онанггизнинг гулзорига ўт тушдими?!
Онанггизнинг ой юзими - номусими?
Онанггизнинг номусига доғ тушдими?!
Онанггизнинг ҳандалаги - зомисими?
Онанггизнинг зомисини тиғ тешдими?!
Чечен қони дарёси бор қўлинггизда,
Шу қўл билан золим бошин силадинггиз.
Озодликка хусумат бор дилинггизда
Мазлумларга мангу завол тиладинггиз.
Андижон бу Мирзо Бобур Андижони!
Туркистон бу Амир Темур Туркистони!
Сўраб куринг, отларининг туёғини
Ҳамон эслар момонггизнинг устихони.
Шербаччалар бир кун босар шер изини,
Бир кун қайта тузажакмиз ер юзини.
Арслонмиз, арслон ўз уясига
Эга этмас тўнғизхона тўнғизини
12.04.06.
Дадахон Ҳасанга
Тағин кундадасан бўғзингдадир тиғ
Тағин қўлларингга солинди кишан.
Заъфарон кеч куздай рангларинг сариғ
Қани она халқинг, Дадахон Ҳасан?!
Сиғинмадинг дея буюк қавмимга
Мени чиқаргандинг ёмонга-шумга.
Оҳ, бу кун дардингни айтасан кимга
Қани она халқинг, Дадахон Ҳасан?!
Тўйида куйласанг қарсак чалади
Қора кунларингда қочиб қолади.
Буюрса қўлингга кишан солади,
Қани она халқинг, Дадахон Ҳасан?!
Ўзани қуриган оқмасми тўлиб,
Ғурурдан қолган эл битади ўлиб.
Дубайга кетдими фоҳиша бўлиб,
Қани она халқинг, Дадахон Ҳасан?!
Ўзининг дардини уқмаган - халқми?!
Андижон чиққанда чиқмаган - халқми?!
Битта мустабидни йиқмаган - халқми?!
Қани она халқинг, Дадахон Ҳасан?!
Эркин Воҳиддек шоҳ тойидамикан,
Абдулла Орифдек пойидамикан.
Пойидан баландроқ жойидамикан
Қани она халқинг, Дадахон Ҳасан?!
Қулаган Осмоннинг чақмоғидирсан
Йиқитилган тоғнинг булоғидирсан.
Қирилган лашкарнинг байроғидирсан
Қани она халқинг, Дадахон Ҳасан?!
14.04.06.
Юсуф Жумаев
Манба: «Мусулмон Ўзбекистон»