Бош сахифа

Лойиха ҳақида

Хабарлар

Мақолалар
 
Бадиий адабиёт

Бош саҳифага қайтиш


 
 

ТАДҚИҚОТ

 
 
 
Ушбу матн
1025 марта ўқилди.
 
 
Хостинг от uCoz
 

Ўзбек мухолифати тарихидан лавҳалар (Давоми)
 
Баҳодир Файзи, АҚШ.

МУСТАҚИЛЛИК ДЕКЛАРАЦИЯСИ


Америкалик тадқиқотчилар Надия Дьюк ва Адриан Каратницкий "Тhe hidden nation" номли китобда 1989 йилги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидаги вазиятни шундай таърифлашади:

"Ёзувчилар уюшмасининг секретари Муҳаммад Солиҳ ўзбек халқининг хоҳиш иродасидан келиб чиқиб, унинг кўнглида чўкиб ётган дард-у, ташвишларини ҳукуматнинг истагига қарама қарши бўлса-да, ошкор ва ифода этувчи озодлик куйчиси эди: "Мен юртимизда юзага келган экологик фожеа билан пахта яккаҳокимлиги ўртасида узвий ва ажралмас бирлик ва боғлиқлик борлигини бугун ошкор айтмоғим лозим. Биз бу қуллик ва мутеълик оқибатида нафақат ерларимиз ва бойлигимиздан, балки халқимизнинг соғлигидан ҳам жудо бўлмоқдамиз” – деган эди у.

Мамлакатнинг янги сайланган биринчи секретари Ислом Каримов ҳақида эса илк маротаба шундай фикр билдирган эди: "Каримов анчайин демократик қарашларни ифода этмоқда. Кўрамиз. Унинг бу ҳатти-ҳаракатлари нечоғлик самимий экан. Ҳозирча яхши кунлардан умид қиламиз, холос.

Зотан, бизнинг умид қилишдан бошқа иложимиз ҳам йўқ..." ("Тhe hidden nation", 1990, Nеw Yorк, William Morris and Company INC)

1989 йил Муҳаммад Солиҳ учун халқ ичига кириш, унинг дарду ташвишларига шерик бўлиш йили бўлди десак муболаға бўлмас. Ажаб, табиатан камгап, одамлар эътиборидан ҳамиша ўзини четда тутиб туришга ҳаракат қилувчи йигит, кутилмаганда, ўзида одамлар билан мулоқотга интилиш фазилатини кашф этди. У шеърларида айтаётган нарсаларни одамлар тушуна бошлаганини кўриш ва ҳис қилиш идроки унга ажиб бир завқ бахш эта бошлаганди. Масалан, озодлик ҳақида....
Айни пайтда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг янги раҳбари Ислом Каримов ҳам оммавий-сиёсий жараёнларга тезлик билан мослаша борди. Хусусан, у ўзининг собиқ ўриндошлари Иномжон Усмонхўжаев ва Рафиқжон Нишоновлар каби сиёсий популизм ўйинларига ҳам жуда тез суръатлар билан эриша олди. У раҳбарликка сайланган заҳотиёқ, зудлик билан республикадаги барча халққа таниқли бўлган шоир ва ёзувчилар, олиму уламоларни ўз ҳузурига чорлаб, ўзбек халқининг бахту саодати учун улар билан ўла ўлгунча ҳамкорлик қилишга “тантанали” қасамёд қилди...

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ислом Каримовни биринчи бор учратган одам у ҳақда илиқ таассуротга эга бўлади. Бу самимий ва дилкаш кишига хайрли ва савоб ишларни амалга ошириш чоғи кимдир ҳамиша халақит қилаяпти деган мулоҳазага боради киши. Соддадил ва ишонувчан одамларни чалқитадиган айнан ана шу алдамчи фазилатидан у ҳамиша максимал даражада фойдаланиб келди...

Каримов, ўзининг ибораси билан айтсак, ҳеч қачон “ўзига хос ва ўзига мос” янги дастур ва лойиҳалар яратиш ва ё ўйлаб топишга вақт сарфламаган. У бу ғоя ва кашфиётларни ўз рақибларидан шундоққина олиб, уялмай-нетмай, ўз номидан бемалол ишлатаверган. Унга ҳеч ким эътироз билдиролмасди. Чунки, эътироз билдирувчи барча воситалар унинг ўз қўлида эди...
"Wall Street Journal" номли матбуот нашри мухбирлари 1998 йилнинг 31 август кунги "Central Asia’s emerging fase’s” номли мақолаларида шундай ёзган эдилар: "Солиҳ жаноблари билан Ислом Каримов жаноби олийлари эски танишлардир. Муҳаммад Солиҳ Горбачёв раҳбарлиги даврида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасини бошқарганида мустақиллик ва пантуркизм ғоялари кашфиётчиси эди. Каримов эса, бунинг акси ўлароқ, Ўзбекистон Компартиясининг саркотиби ва айни пайтда Москванинг республикадаги – “Московский сатрап”и, ўзбекча қилиб айтадиган бўлсак - “исковуч ити” эди. Бироқ, Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг, Каримов Муҳаммад Солиҳнинг баъзи бир пантуркизм ғояларига ўзини мослай бошлади".

Дарҳақиқат, Каримовнинг суюкли шиори бўлмиш - "Туркистан – бизнинг умумий уйимиз" Муҳаммад Солиҳнинг саксонинчи йиллар сўнггидаги нутқларидан сўзма сўз кўчирилган. Фақат Муҳаммад Солиҳ ўз шиорининг ҳаётийлигига ишонарди, Каримов эса - йўқ. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, у бир пайтлар ўз умрини бахш этган коммунистик ғоялар устидан қанчалар кулиб, масхаралаган бўлса, бу шиордан ҳам шунчалар ор қилгани аниқ. Ажабки, унинг ўз қўшниларига бўлган агрессив ва ножўя ҳатти-ҳаракатлари оқибатида Туркистон энг аввал Каримовнинг, шундан кейингина эса бошқаларнинг “умумий” уйи бўлиши мумкин экан...

1990 йили Каримов Республика Олий Мажлиси (Парламент) га аъзо бўлиш учун атиги беш фоизгина коммунист бўлмаганларга рухсат берди. Ана шу озчилик орасида Муҳаммад Солиҳ ҳам бор эди. Каримов аслида шу йўл билан Муҳаммад Солиҳ раҳнамо бўлган мухолифатни ўз тарафига оғдириб олишни мақсад қилиб қўйган эди. Лекин унинг бу нияти амалга ошмади. Депутатлик мандатини қўлга киритган Муҳаммад Солиҳ энди ўзини олдингидан ҳам эркинроқ ҳис эта бошлади. У ҳатто Совет Иттифоқидан ажралиш ҳақида очиқ-ойдин гапира бошлади...
Режим таҳликага тушиб қолди.

1990 йилнинг 20 июнида Олий Кенгаш ўз йиғилишини Мустақиллик Декларацияси ҳақидаги баҳс ва тортишувлар билан бошлади. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Ислом Каримов эса Олий Кенгаш залининг шоҳона пардалари ортига яшириниб олди. Худди шу муборак кунда Каримовнинг қаттиқ қаршилигига қарамай, ўзбек

Парламенти “Ўзбекистон мустақиллиги декларацияси”ни қабул қилди.
Декларация “ЭРК” партияси томонидан тайёрланиб, парламентга тақдим этилган эди.
Ўзбекистондаги русийзабон аҳоли «ЭРК” ка нисбатан “руслар ҳаракатига қарши” деган фикрда эди. Аслида эса «ЭРК” янги бош кўтараётган сиёсий гуруҳлар орасида “Ўзбекистонда руслар иштироки” масаласида энг мўътадили эди...

“Ўзбекистон мустақиллиги декларацияси” қабул қилингандан сўнг Америкада чиқадиган “Балтимор Сан” газетаси шундай деб ёзган эди: "Июнь ойида Марказий Осиёдаги бу улкан давлат ўз мустақиллигини эълон қилди. Аксар кишиларнинг фикрича бу демократик ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Бунинг оқибатлари эса нима билан тугаши эса номаълум. Миллатчилик руҳидаги диктатор тузуми ўрнатиладими? Ёки Ғарб давлатларидагидек демократия ва ошкоралик бўладими? Ва ё инқилоблар – этник, фуқаролик урушларими? Ўзини зиёли сановчи “ақл бошлар” 1966 йилги зилзилани бошидан кечирган , айни пайтда эса хусусийлаштирилган эски шаҳар тарафдаги ошхоналарнинг бирида қўй гўштидан тайёрланган кабоб-шашлик устида айнан ана шундай долзарб масалалар устида бош қотирардилар...

- Биз эртага нима бўлишидан хавотирдамиз,- деди Олий Кенгашнинг ўша пайтдаги раиси Мирзааҳмад Олимов,- миллатчилик тиқини (джин национализма) шишадан чиқарилди, энди уни ортга қайтариш мушкул...

Олимов жаноблари Коммунистик партияга яқин одам. Ундан хафа бўлмаса ҳам бўлади...
- Бизнинг халқимиз пахта плантациялари қулига айлантирилди, - деди "ЭРК" партияси лидери, шоир Муҳаммад Солиҳ: "Биз русларга айтдикки, агар тенг ҳуқуқли бўлса, марҳамат, биз билан яшайверинг. Ҳолбуки, республикада ҳамма яхши иш жойлари русларга берилган бўлиб, маҳаллий ўзбек кадрлари ишсиз эди..." (Scott Shane, The Baltimor Sun, 30.09.1990)

ПАРОКАНДАЛИК
Бу пайтга келиб фақатгина Литва ўз мустақиллигини эълон қилишга улгурди, холос. Бошқа республикалар эса ҳали бу даражага етолмаган эдилар. Республика Олий Кенгаши Мустақиллик деклорациясини фавқулодда қабул қилган куниёқ қаттиқ ваҳимага тушган Каримов ўша куниёқ Андижонга жўнаб кетган эди. У Москванинг бу воқеага муносабатини ўша ердан кузатишга қарор қилди. Тошкентда эса ҳамма Мустақиллик Декларацияси расман эълон қилинишини интизорлик билан кутар эди. Бироқ на телевидения ва на радио ўша куни бу хусусда бирор бир хабар эълон қилишмади. Фақатгина Москвадаги "Время" дастуридан «Ўзбек парламентида содир бўлган воқеа” ҳақида қисқагина маълумот берилди, холос. Шунда Муҳаммад Солиҳ Премьер Министр Шукрилло

Мирсаидов билан боғланиб, Парламент қарори зудлик билан эълон қилинмаса, пойтахт кўчаларида оммавий норозилик митинги бошланишини айтиб, пўписа қилди. Шу заҳотиёқ Каримов Солиҳга телефон қилиб, яқин орада мустақиллик ҳақида расман эълон қилишларини билдирди.
Ниҳоят эълон ҳам қилишди. Фақат, эртайиси куни. Ўшанда ҳам Декларация матни шундай таҳрир этилган эдики, гўё Ўзбекистон Иттифоқ бирлигига, агар у яхшилаб «янгиланса”, қарши эмас эмиш... Ана холос! Бу – халқ вакиллари қабул қилган қарорга тамомила зид нарса эди. Бир сўз билан айтганда бу - бориб турган сотқинлик эди!

РЕФЕРЕНДУМ

Москва Совет империясининг тез суръатлар билан таназзулга юз тутиши боис қаттиқ ваҳимага тушиб, республикаларга баъзи автономиялар бериш билан уни қутқармоққа беҳуда урина бошлади. Ҳолбуки, бу пайтга келиб парчаланиш тобора жадаллашиб борар, уни сақлаб қолишнинг сира иложи йўқ эди. Лекин шунга қарамай, «чиқмаган жондан умид» деганларидек, 1991 йилнинг март ойида “Янгиланган Социалистик Республикалар Иттифоқи учун” (За Обновленный Союз Социалистических Республик) мавзусида Референдум белгилашди.

"ЭРК" партияси Иттифоқни сақлаб қолишга қарши овоз беришга қарор қилди. Партия раҳнамоси Муҳаммад Солиҳ аразлардан кейин биринчи маротаба «Бирлик” штабига келиб Референдумда кучларни жамлаб, “бир ёқадан бош чиқариб” ҳаракат қилиш таклифини билдирди. Пўлатовдан бошқа ҳамма унинг асосли таклифига рози бўлиб, “ЭРК” нуқтаи назарини маъқуллашди. Лекин барибир якдил ҳаракат қилинмади. «Бирлик” раҳбарияти Референдум бўйича қарор қабул қилишни истамади. Унинг аъзолари эса мустақил фаолият юритиб, Референдумда «ЭРК”чилар билан бирга “қарши” овоз беришди...

Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) қабул қилган дастур бўйича "Янгиланган Иттифоқ учун” (За Обновленный Союз) нафақат республика раҳбарлари, балки норасмий гуруҳ ва ташкилотлар ҳам овоз бериши керак эди. Бу ўша пайт учун жуда муҳим эди. Бу СССР нинг лигитимлиги, ўзбекча қилиб айтадиган бўлсак, қонунийлигини сақлаб қолиш учун жуда зарур эди.
Мустақиллик учун курашаётган Муҳаммад Солиҳ гуруҳига қарши ўлароқ Пўлатовлар Совет Иттифоқини сақлаб қолган ҳолда демократия учун курашар эдилар. Улар: «Агар Ўзбекистон мустақил бўлса, демократия бўлмайди” деган фикрни илгари сургандилар...

Бу КГБ ўйлаб топган мустақиллик кўриниши ”модель независимости” эди. Айнан шунақа “кўриниш” ҳақида Пўлатовлар гуруҳи 1989-йилнинг охирларидан гапира бошлаган эдилар: "1989 йилнинг октябрида 9 нафар “Бирлик”чи ташаббуси билан Ҳаракат номидан чиқарилган Декларацияда, Ўзбекистоннинг ижтимоий ва сиёсий масалалардаги Иттифоқ олдидаги масъулияти Федерация асосида, иқтисодий соҳаларда эса конфедерация асосида белгилаб қўйилган эди." (Central Asian Survey, Vol.10. No.3, p.63)

Шу билан бирга кўпчилик, мустақилликни қўлга киритгандан сўнг маҳаллий диктаторлар ўз сарҳадларини демократиялаштиришга қаршилик қилишларини ҳам яхши билишарди. Бу ҳақда Муҳаммад Солиҳ ҳам гапирган эди: "Биз икки зулм ва исканжа остида яшаяпмиз – буларнинг бири Москва бўлса, иккинчиси – маҳаллий ҳокимиятдир. Ҳар қалай, аввал асосий зулмкор - Москвадан қутулиш керак. Кейин эса ўзимизнинг – маҳаллий зулмдан қутиламиз”.

Айнан шу Баёнот Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) нинг тизим ва структуралари томонидан Муҳаммад Солиҳни ҳукумат билан тил бириктиришда айблаш учун асос бўлиб хизмат қилди. Ундан кейин эса, Пўлатовларнинг “ЭРК” партияси ва унинг лидери Муҳаммад Солиҳга қарши олиб борган бутун «мухолифатдаги фаолияти”нинг асосий мазмуни, мақсад ва вазифасини ташкил этди.

Одатда совет кишиси маълум ва машҳур бир одам атрофида мунтазам ва уюштирилган ҳолда олиб борилган тазйиқ ва таъқибдан сўнг, истайсизми, истамайсизми, бу ерда КГБнинг қўли борлигини беихтиёр сезиб қолади. Айни пайтда мени ҳам баъзи дўстларимиз нохолисликда айбламасликлари учун чет эл матбуотида чоп этилган мана бу далилларни келтириб ўтмоқчиман: “1990 йилнинг баҳорида Муҳаммад Солиҳ биринчи маротаба Америка Қўшма Штатларига келганида «Туркистон” жамияти унга гўёки “Бирлик” учун деб компьютер совға қилган эди. Ҳолбуки бу пайтга келиб Солиҳ аллақачон «ЭРК” ни тузган эди. Эҳтимол шунинг учунми, ҳар қалай Тошкентда, КГБ ёрдамида, яна уни “Бирлик” ка берилган совғани ўзлаштиришда айблай бошлашди”.
(Сentral Аsian Survey, Vol.10. No 3, p 71 )

Бу миш-мишларни ҳам айнан ўша Пўлатов тарқатар эди.

(Давоми бор).

Рус тилидан Исмат Хушевнинг эркин таржимаси

 
 


 

 
   
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Муаллифларнинг фикри таҳририят нуқтаи назари билан тўғри келмаслиги мумкин.
Матнлардан фойдаланганда уларнинг
www.jadidlar.orgдан олингани кўрсатилиши шарт.