Ғафур Йўлдошев (Ҳатто тиланчини талаётган Ислом Каримов малайларига бағишланади)
Эшик қўнғироғи чалинганида, болалари мактабга, аёли ишга кетганди. Ноилож Шавкат Хонкелдиевичнинг ўзи эшикни очди. Йўлакда уст-боши кўримсиз, ёши элликлардаги бир лўли аёл турарди. Бу кишини кўрди-да, аёл қўлини дуога очиб, тилана бошлади.
Шавкат Хонкелдиевич умрида тиланчи тугул, отасига ҳам пул бермаган эди. Лекин ҳозир кайфияти дуруст, куни кеча меҳнат таътилини Туркияда ўтказиб қайтганди. Бу киши эринмай ичкарига қайтиб, битта юз сўмлик олиб чиқди. Пулни бергач, аёлнинг фотиҳасига қўшилган бўлиб, қўлини шунчаки қимирлатиб қўйди-да, қайтишга чоғланди.
- Хоҳлайсизми, фол очиб қўяман? – деб қолди лўли аёл бирдан.
- Майли, - деди Шавкат Хонкелдиевич унга синчков тикилиб.
Аёл қўлига тасбеҳ олди-да, кўзларини юмганича, бидирлай кетди:
- Бахтингиздон кўройми? Тахтингиздон кўройми?... Си-из-з турмушингиз яхши... ю-ю... амо-о.. бир аёол сизго иссиқ-совуқ қиғон... Исириқдан бир тутам, кўкнордан бир тутам огон-у, қабристон тупроғига аралоштиргон... уко си-из катто ишда ишлойсиз, боёги аёол си-из билон бирго ишлойди. У аёол иссиқ-совуқни чойингизга қўшиб ичиргон. Си-из билмогонсиз, ичиб юборгонсиз-да... Бахтингиздан кўрой-тахтингиздан кўрой... Ўша дойимо йўлингизни тўсиб кегон... Энди-и бир кило гўшт пулини манго беросиз, давосини ман айтоман... Бир кило гўшт уч минг сўм бўлоди...
Шавкат Хонкелдиевич лўли аёлга тақлид қилиб:
- Меники бергон... сизники айтгон. Айтинг-чи-ии, - деди.
- Ҳой-яшонг, тушунган одом эконсиз. Сизни дардингги-из менго – меники-и сизго...
- Ҳе-э, йўғ-эй...ахир хотин билиб қолса нима бўлади! - деб юборди Шавкат Хонкелдиевич.
- Хотинингизга билдирмойми-из. Эшитинг, би-ир юмолоқ чой, ет-ти-и танга садоқа, бир боғ исириқ ва би-ир кўйлакни олиб, отоларингиз кўмилган қабристондаги гўрковга беросиз... Чолларни чақири-иб, би-ир худойи ўткозасиз... Худойим оғирингизни енгил қилади-и, қани овми-и-ин...ннн!
Шавкат Хонкелдиевич тиланчига қўшилиб, фотиҳага қўл очди. Фотиҳадан сўнг аёл пулга мунтазир туриб қолди. Шавкат Хонкелдиевичнинг жойидан жилмаётганига ҳайрон бўлди. Бир муддатдан сўнг тағин бидирлашга тушди:
- Уко-о... бошингиздо иш кўп экон... шу мен айтгонларни би-ир қилинг, йўлингиз очилиб, ишлорингиз юришоди. 3 минг сўм садоқа қилосиз, яна яхшилоб-бб би-ирр дуо қиломан...
- Қани топинг-чи, мен қаерда ишлайман? – дабдурустдан сўраб қолди Шавкат Хонкелдиевич.
Аёлнинг оғзи очилди, ҳайрон қаради. Лекин ўзини тез қўлга олди-да:
- Хай-си-из айтим-ку, катто би-ир ишдо, - деди аёл.
- Фолингизга бу тушмадими?
- Ҳай сизники менго-меники сизго, бахтингиздан кўройми - тахтингиздон кўройми? Си-из катто би-ир ишдо...
- Тўхтанг-тўхтанг, мени чалғитманг, менинг қаерда ишлашимни фол очиб топа оласизми-йўқми?
- Уф-эй, балам полго бунақо нарсо тушмойди. Айтдим-у, катто би-ир иш...
- Унда, сиз энди индамай турасиз, мен сизнинг фолингизни очаман. Қани тасбеҳни менга беринг-чи, беринг-беринг! – Шавкат Хонкелдиевич кўзларини юмиб, мисоли фол очаётгандай, тасбеҳ ташлаб, аста гапиришга тушди: - Хў-ш, меники сизга – сизники менга... сиз лўлисиз, отангиз лўли, онангиз лўли, болаларингиз лў... ҳе-айтгандай, болаларингиз нечта эди?
- Тўртта бачам бор.
- Ана тўртта бачангиз ҳам ҳаммаси лўли, ўғлингиз ҳам қизингиз ҳам – ҳаммаси лўли. Эрингиз ҳам лўли. Эрингизни эшаги бор, эшакни аравага қўшиб, кўчада, «келди-кетди-ёв!» - деб «шара-бара» сотиб юради. Топдимми? Кўрдингизми, мени фолимга ҳаммаси тушади. Яна айтишим мумкин, сизга ҳеч ким иссиқ-совуқ қилмаган, қўрқмай яшасангиз бўлаверади...
Лўли аёл чидаёлмай ўзининг тилида бир нарсалар деб юборди. Шавкат Хонкелдиевич уни тўхтатди:
- Э шошманг-шошманг, ҳали ҳаммасини айтмадим. Мени фол очишим олти минг сўм туради.
- Астоғвуриллоҳ! Уко, бу пол билон ҳозиллошиб бўмойди. Инс-жинслор си-изи кейин чолиб кетоди, туф-туф-эй! - деди лўли аёл кўксига туфлаб.
- Тўппа-тўғри! - деди Шавкат Хонкелдиевич. - Агар ким қарзини тўламаса, инс-жинслар чалиб кетади. Мана сизнинг фол кўришингиз уч минг сўм бўлганди. Кейин мен сизни фолингизни очдим, олти минг сўмга. Энди сиз мендан уч минг сўм қарздор бўлиб қолдингиз. Инс-жинсларнинг жаҳлини чиқармаймиз десангиз, ҳозир шу уч минг сўм қарзингизни менга берасиз – тамом, орамиз очиқ!
- Воҳ, бай-бай! Бачам... уко бало эконсиз! – деди тиланчи хотин ортига чекиниб. – Иби, топдим! Топдим!! Си-из катоконсиз!!! Ҳалиги катаконлар ишлайдигон бинода ишлайси-из...
- Ҳа, топдингиз, хотирангиз зўр экан. Идорада фолчиларнинг катакониман мен. Келган-кетганни фолини очамиз, - деди Шавкат Хонкелдиевич. – Аммо бу билан орамиз очиқ эмас. Ишхонадаги қоидамиз ҳам шу – кимнинг фолини очадиган бўлсак, то қарзини узмагунича орани очиқ қилмаймиз. Сиз ҳам қарзингизни тўлайсиз, шу билан инс-жинслар ҳам рози бўлади.
- Уко мани эрим касал, манда тўртта бача...
- Опа манда саккизта бача. Сиз гапни айлантирманг, бир кунда минглаб пул топасиз, керак бўлса бизнинг идорада сиздақалар ҳақида миллионта материал бор. Ўша материалларни яхшилаб титсак, ҳизбитгами, ваҳобийгами, акрамийгами алоқангиз бор бўлиб чиқади, тамом-вассалом, бу ёғи қамалиб кетасиз! Келинг, уч минг сўм беринг – қутулинг.
- Балам, бу фол...
- Йўқ, сиз гапни айлантирманг! – деб ўшқирди Шавкат Хонкелдиевич лўли аёлни гапиришга қўймай. – Қарзингизни узасизми – йўқми, шуни айтинг?
- Тиланчилик менга момомдан ўтган, касал бўгонман, инс-жинслар кейин...
Лўли аёлнинг бу гаплари Шавкат Хонкелдиевичнинг кайфиятини буза бошлади. Лекин сиртидан сир бермай кулимсиради-да:
- Майли, ҳазиллашдим-э! Мен сизнинг пулингизни оламанми? Уч минг сўмни ўрнига бошқа нарса берсам ҳам бўлаверадими? – деб сўради. - Уйда битта мато бор, биз барибир уни ишлатмаяпмиз, шуни бераман, бўлаверадими? – деди сўнгра ва тиланчи аёлни ичкарига киришга ундади. - Бу ёққа киринг, келинг, кўринг-чи, келинг, киринг-киринг, кираверинг.
Тиланчи аёл иккиланиб туриб қолди.
- Мана бу ёқда, кўринг-чи, биз буни тўғриси ташлаб юбормоқчи эдик. Энди уч минг сўмни ўрнига сизга шуни бериб юбораман. Бўлаверадими, кўринг-чи?
Тиланчи аёл тортиниб-қимтиниб, ваннахона эшигига яқинлашиши билан Шавкат Хонкелдиевич, унинг билагидан шарт ушлаб, ичкарига тортди-да, ўзи қайта йўлакка чиқиб, эшикни ёпди. Аёл ваннахонага қамалиб қолди.
- Вой-ҳой, нима қилопсиз! – деб бақирди аёл ва эшикни торта бошлади. Лекин Шавкат Хонкелдиевич тутқичдан маҳкам ушлаган ҳолда, иккинчи қўлини халатининг чўнтагига солиб, телефонини олди. Милиция бўлимига қўнғироқ қилди.
- Бошлиғингни чақир, мен Шавкат Хонкелдиевичман, - деди гўшакдан овози эшитилган навбатчига. Сўнг бошлиққа: - Уйимда ўғрини тутдим. Қанчада келасизлар? Зўрға ушлаб турибман, бўпти тезроқ келинглар! – деб буйруқ берди.
Бу гапларни эшитган тиланчи аёл ичкаридан ялина бошлади:
- Жо-он балам... жон уко... бундой қимонг, Худодан қўрқинг! Тўртта бачам бор, ўшаларнинг уволига қолосиз! Хўп, манг, чўнчагимдаги бор пулимни олинг, бир ярим минг сўм пулим бор холос. Жон уко, мани қўйворинг...
Тиланчи аёлнинг бу гаплари кор қилмади. Шавкат Хонкелдиевич 10 минутлар давомида эшик тутқичини ушлаб турди. Шовқин кўтариб, қуролланган тезкор гуруҳ етиб келди. Тўртта жанговар машинада, 40 нафар атрофидаги турли русумдаги ўқотар қуроллари бор, ходимларнинг баъзилари ҳатто қора ниқобда, бронежилетларгача кийиб олишганди. Ҳамма иш кўнгилдагидек бўлди-ю, фақат тиланчи аёлни олиб чиқишаётганида, Шавкат Хонкелдиевичга қараб:
- Илтимос, бир минутга шу қўлимдаги кишанни чечишсинлар, - деди.
Шавкат Хонкелдиевич тезкор гуруҳ бошлиғига имо қилди. Кишанни ечишди. Тиланчи аёл қўлини чўнтагига солиб, ҳали ўзи айтган бир ярим минг сўм пулларни олди-да, кафтида тутган ҳолда, қибла томонга бурилди. Бир нарсаларни пичирлаб, юзига фотиҳа тортди ва пулларни Шавкат Хонкелдиевичга отди.
- Сан Худо бехобар экансан! Манта лўли, локигин сан лўлини ҳам алдайдигон, Худо бехобар экансан, суф сенга-ей!
Тезкор гуруҳ ходимлари тезлик билан тиланчи аёлнинг қўлини қайиришди. Аёл дод деб юборди. Ходимлар бунга эътибор бермай, аёлни орқасига бир тепиб, зинапоядан юмалатиб юборишди. Тезкор гуруҳ кетганидан сўнг Шавкат Хонкелдиевич эшикни ёпаркан, остонадаги пулларга нигоҳи тушди. Ўйчан бироз туриб қолди-да, ниҳоят эгилиб уларни олди. Ошхонага ўтди. Газни ёқиб, пулларни оловга яқинлаштирди. Айни чоғ қўшни хонадаги соатнинг занг ургани эшитилди.
- Ий-э, ҳозир ОРТдан кино бормиди? – деди овоз чиқариб Шавкат Хонкелдиевич ва газни тез ўчириб, шошганича телевизор жойлашган хона томонга юрди. Йўл аро пулларни чўнтагига соларкан: – «Лўли аразласа хуржинига зиён», - деб қўйди.
Юмшоқ диванга ўзини ташлаб:– Ҳали той бола мактабдан келса, сақичга пул дейди. Бола еганидан кейин гуноҳи бўладими... ҳа айтгандай, кинонинг номи нима эди-я? – дея телевизорнинг муруватини босди.