"Менинг биринчи қўшиғим "Лайло" эди... (Иккинчи суҳбат)
Ю.Р.; Сизни Университетда ўқиб юрган чоғларингиздаёқ ўша пайтдаги Давлат Хавфсизлик Комитети (КГБ) назарига тушганингизни эшитгандим. Тафсилотлари қандай?
Дадахон Ҳасанов: 1961 йилнинг охирида биз ўзимиз ўқиб юрган Тошкент Давлат Университетининг журналистика факультетида "Ҳамзачилар" ижодий уюшмасини ташкил қилдик. Биз ўшанда ҳаммамиз Ҳамзага айланиб қолсак, деган орзу билан уюшма тузганмиз. Уюшмага факультет талабалари қатнашарди. "Ҳамза" деган деворий газета ҳам ташкил қилгандик. Унда совет даврига қарши руҳдаги шеър ва мақолалар чиқарди. Газетани шоир Файзи Шоҳисмоил тайёрларди. Мен Уюшмага маданият ва маърифий ишлар бўйича раис ўринбосари эдим. Деворий газета олти ой мобайнида чиқиб турди.
Бизнинг уюшмамизда совет даврига тўғри келмайдиган , совет матбуоти босмайдиган тарихий, адабий асарлар, қатағон қилинган шоирлар, ёзувчилар асарлари муҳокама қилинарди. Аҳмад Алиев деган ўқитувчимиз, яқинда қамоқдан чиққан эди. У киши бизга баъзида қатағон даври адабиёти ҳақида гапириб қоларди. Биз ҳам тилимиз қичиб, саволлар берверардик.
Ўша пайтда ҳамма жойда, жумладан домлалар орасида ҳам КГБ агентлари бор эди. 1962 йилнинг ўрталари эди, бир куни ўқишдан сўнг кинога кириб, кеч соат ўн бирларда ижарадаги уйимга қайтаётганимда , уч киши мени қўлларимни боғлаб, машинага босиб олиб кетишди. Улардан иккитаси рус, бири татар эди. Олдинига татар йигит мен билан суҳбатлашди. Қўлида суратим, "Сен Дадаҳон Ҳасанмисан? Университетда ўқийсанми?" деб сўради. "Ҳа!" деганимда, "Юр, машинага ўтир!", деб, кўзларимни боғлаб қаёққадир олиб кетишди. Уч кун қоронғу бир хонада ётдим. Фақат ҳар куни бир марта карам шўрва беришарди. Учинчи куни мени роса урушди ўша хонада. "Агар яна "Ҳамзачилар" Уюшмасига қатнашсанг, пешонангдан отамиз!", дея пешонамга пистолет тирашди. Кейин мени, яна қўлларимни боғлаб уйга олиб бориб ташлашди.
Университетга боргач, мени олиб кетганлар КГБ одамлари эканлигини билдим. Кейин маълум бўлишича, Уюшма раиси Собир Холбековни ҳам олиб кетиб, 15 кун сўроқ қилишган экан.Шундан сўнг Уюшма фаолияти тўхтади. Аъзо талабалар тарқатиб юборилди. Бироқ, ҳеч ким ўқишдан ҳайдалмади.Ўша пайтда, академик Обид Содиқов Университет ректори эди. У бизни ёшликка, соддаликка йўйиб ҳимоя қилган бўлса керак...
"Ҳамзачилар" Уюшмасига Тошкентдаги "Ғунча" кинотеатри орқасидаги Маданият Саройидан жой ажратиб беришган эди. "Тошкент ҳақиқати" газетаси мухбири Ш. Зуҳриддинов уюшма фаолияти ҳақида мунтазам хабарлар чоп этарди. Ўшанда уюшма таъсири жуда катта бўлган. Биз ўша пайтда миллий озодлик ҳаракати нишоналари пайдо бўлганлигини кейин билдик. Мана, ўша йиллардан буён қора рўйхатдаман.Ўшандан буён, менга тинчлик беришмайди ва менга таъқибу тазйиқлар кучайса ҳайрон бўлмайман.
Ю.Р.: Дадахон Ҳасанов журналист ва шоир ўлароқ, қандай қилиб санъаткор бўлиб қолди?
Д.Ҳ.: Уюшмамиз тарқатиб юборилгач, яна жимгина ўқишни давом эттиравердик. Эсимда, талабалар пахта теримига борганда, ҳар куни лирика кечалари бўларди. Бу кечаларда шоирлар шеър ўқирди, мен эса қўшиқ айтардим. Ўзбекистон радиосида ўша пайтда Жонрид Абдулахонов каби ёзувчилар ишларди, улар лирика кечалари ҳақида бир соатлик эшиттиришлар тайёрлагани ёдимда бор.
Аслида санъатга иштиёқ, мени қалбимга муҳаббат билан бирга кириб келган. Мактабда ўқиб юрган пайтимда, бир қизни қаттиқ севиб қолгандим. У қизни ўзимга қандай мафтун қилсам экан, деб орзу қилардим. Уни ўзимга қаратиш учун, рубоб чалишни ўргандим. Олдин мактабда, кейин Университетда анча шаклландим.
Ўша пайтларда, Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов анча машҳур эди. Уларни қўшиқларини айтиб юрардим. Мактабда ўқиб юрган кезларимда доимо қўшиқ айтардим. Кечалари, уч километрли йўлга қўшиқ айтиб бориб келардим. Одамлар ҳозир Дадахон қўшиқ айтиб ўтади, деб қайтишимни кутиб туришар экан. Негадир, мени қўшиқ айтиш услубим кўпчиликка ёқиб тушганди.
Мени йўлим бошқаларникига ўхшамасди, бироз ёввойи йўл эди. Мен катта даврада қўшиқ айтишни талабалик давримдан, 1962 йилда бошлаганман. Шу йили филология факультети қошида бадиий тўгарак ташкил этилди. Рубобчи Қобил Усмонов раҳбаримиз эди. Тўгаракда шеърлардан намуъналар ўқилар, ашулалар айтиларди.
Ю.Р.: Биринчи қўшиғингизни эслай оласизми?
Д.Ҳ.: Албатта. Мени биринчи қўшиғим "Лайло" эди. Тўгаракда, Рауф Парфи ҳам қатнашар эди. У менга "Лайло" шеърини берганда, кўриб уни ашула қилдим. Мен бу қўшиқни, биринчи марта 1964 йилда пахта теримида эканлигимизда айтганман. Қўшиқ мусиқасини ҳам ўзим басталадим.
Кейинчалик, мен қўшиқни советларга қарши кураш воситасига айлантирдим. Чунки, одамлар шеърдан кўра, ашулага қизиқишларини яхши билардим. Чунки, ашула билан одамларга тез таъсир қилиш мумкин.
Ю.Р.: Ишқий лирикадан сиёсий, жанговор қўшиқларга ўтиш жараёни қандай бўлган?
Д.Ҳ: 1965 йили шоир Рауф Парфи менга Чўлпон шеърларини берди. Мен ўша пайтда Чўлпоннинг "Кулган бошқалардир...", "Кўнгил, сен...", "Муҳабатнинг саройи кенг экан..." деб бошланувчи шеърларини қўшиқ қилдим. Ўша пайтлари Чўлпон шеърлари чоп этилмасди, бироқ қўлма-қўл бўлиб ўқиларди. Бу қўшиқларни, кейинчалик концертларда ҳам айтганман, бироқ кўп дакки эшитганман.
Университетда, бизга таъсир этгувчи омиллар жуда кўп эди. Сиёсий дунёқарашим ошишига менга асосан тўгараклар катта таъсир кўрсатган. Таниқли шоирлар Миртемир, Шуҳрат, Шукруллолар билан учрашганмиз. Улар ўзларини қамалиб чиқишлари, сабабларини гапириб беришарди. Мен ўша йиллардаёқ, ўзимизни совет мустамлакаси эканлигимизни билганман ва тузумга қарши нарфратим ошган.
Ўқишни битиргач, "Совет Ўзбекистони" газетасининг адабиёт ва санъат бўлимида ходим бўлиб ишлай бошладим. Бу пайтда мен, ўз қўшиқларим билан анча танилиб қолгандим.Газетада Жуманиёз Жаборов ва Анвар Эшонов каби шоирлар билан бирга ишладим. Эътибор Охунова деган шоирани шеърини қўшиқ қилмаганим учун, у билан зиддиятга бориб қолгандим. У мени бош муҳаррирга ёмонлаб, ишдан кетишимга сабабчи бўлган.
Янглишмасам, 1967 йилда ишдан қувилгач, "Ўзбектелефильм"да редактор бўлиб ишлай бошладим. Орадан икки йил ўтгач, Ўзбек Давлат Филармониясига ишга ўтдим. Чунки, журналистикадан кўра санъатга, қўшиқчиликка ишқим кучайиб кетганди.
Филармонияда ғалати шеърларни қўшиққа солардим.Масалан, Туркистон ҳақида, Амир Темур ҳақида қўшиқлар айтганман. Рауф Парфининг "Тўхта, Сиёвуш!", "Ёшлик, зангор фасл", "Мен оламдан ўтганда жоним" шеърларини, Махтумқули, Аҳмад Яссавий ғазалларини, урушга қарши ёзилган баётларни қўшиқ қилгандим.
Ўша пайтда, ҳеч ким Ватан ҳақида қўшиқ айтолмасди, ҳеч ким Ватан нималигини тушунмасди. Ватан ҳақидаги қўшиқларим ҳукуматга ҳам, бадиий кенгашларга ҳам ёқмасди. Шунинг учун мени концертларга яқинлаштиришмасди. Бу қўшиқларда тузумдан норозилик, совет турмушидан нолиш мотивлари бор эди.Ана шу қўшиқларим туфайли, мени ёмон кўришарди. Бу йўл, бу оҳанг, бу сўз ўзбек қўшиқчилигига тўғри келмайди, совет ғоясига ёт деб айтишарди. Дадахон Ҳасан халқ мафкурасини бузади деб ўйлашарди. Ҳатто Орол денгизи фондига бағишланган концертга ҳам мени қўйишмаган.
Шу зайлда филармонияда икки уч йил ишладим. Ёдимда бор, етмишинчи йилда қизиқ бир воқеа бўлган. Тошкентдаги Свердлов концерт залида (ҳозир бузилиб, ўрнига биржа маркази қурилган) "Ленинни шарафлаймиз" деган кеча бўлиши керак эди. Кечага Комил Яшин, Уйғун, Воҳид Зоҳидов, Ҳамид Ғулом, Рамз Бобожон, Иззат Султон, Зулфия, Туроб Тўла, Зоҳиджон Обидов, Акмал Пўлат, Ўткир Рашид, Ёнғин Мирзо каби машҳур ўзбек шоирлари қатнашган. Афишада уларнинг номлари ёнига, меники ҳам ёзиб қўйилган экан. Кечага кирган одамлар шоирларни гапиргани қўймай, даврага мени чиқишимни талаб қилишган. Халқ "Фақат Дадахон чиқсин, шоирлар керакмас!" дея бақирарди.Биринчи бўлиб, Комил Яшин минбарга чиққанда одамлар шовқин солиб, уни гапиришига имкон беришмади. Бошқа шоирлар ҳам рад этилиб, мулзам ҳолда орқага қайтишди. Улар уятдан залдан чиқиб кетишганди ўшанда. Улар кетгач, мен икки соат қўшиқ айтганман.
Филармония директори Дадаали Соатқулов эди. У концертдан чиқиб кетаётганимда қўлимдан ушлаб, "Ука, энди эҳтиёт бўлгин, бу шоирлар аждарҳонинг ўзи. Улар сени бир бурдадан еб ташлашади" деган сўзлари ҳамон қулоғим остида турибди. Шундан кейин, кенг миқёсда менга ҳужумлар бошланди... Бир ҳафта ўтиб, Ўткир Рашид имзоси билан "Совет Ўзбекистони" газетасида мени танқид қилувчи феълетон чиқди.
(Давоми бор).