Тошкентдаги анҳорда сузиб кетаётган болалар "Пампарайра" деб куйлашади. Бу кинорежиссёр Элёр Эшмуҳаммедов бундан 35 йил олдин суратга олган "Алвидо ғўр ёшлигим" филмининг лейтмотивидир. (Флобер айтмоқчи дайди оҳангги).
Элёр Эшмуҳаммедов италиян неореализми, француз поэтик киноси ва ўзбек лирикасини кинода жамлаган теран санъаткордир. Элёр Эшмуҳаммедов Каримов иқтидорга келганидан кейин Ўзбекистондан қувилган дастлабки киночидир.
Киномунаққид Имомбек Абдусаидовнинг Элёр Эшмуҳаммедов ҳақидаги мақоласининг биринчи қимини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Буюк ёзувчи, кинодраматург Чингиз Айтматов ўз халқининг маънавиятини, тарихини унитган манқуртлар ҳақида ёзганида, жаҳон аҳли орасида баҳсу мунозалар узоқ йиллар давом этди.
Ўша пайтларда, вақти-соати келиб, ўзбек киноси мансабдорлари орасида, халқ дейишга тилим бормайди, манқурт оломон пайдо бўлишини сира хаёлимга келтирмаган эдим…
Қайта қуриш бошланганидан бери, ўзбек киноси манқуртлари амал курсиси, пул, моддий бойлик учун кўр, кар, соқов бўлиб олишган.
У манқуртларнинг худбинлиги, қўрқоқлиги, қалби кўрлиги туфайли жаҳон аҳли бир вақтлар эътироф этган, бетакрор ўзбек киноижодкорлари унитилди.
Элёр Эшмуҳаммедовнинг "Севишганлар" филмидан кадрлар.
(1976 йил суратга олинган).
Холбуки у кишиларнинг яратган кинофильмлари нафакат ўзбек, балки жаҳон киносининг олтин фондига кирган. Халқаро кинофестивалларда эса жуда кўплаб мукофотлар олган.
Ўзбек киносининг манқуртларида эса, ўз киноси арбоблари билан фахрланиш, уларни қадрлаш, ғанимат эканликларини англаш туйғуси мутлақо йўқ! Яратилган бетакрор киноларини эса, ўз халқига, ўзга халқларга кўрсатиш, кўз қорачиғидай асраш деган уй-фикр манқурт мияларига келмайди!
Энди қиёслаш учун бир мисол келтирсам.
Озор кинодраматурги, кинорежиссёри Рустам Ибрагимбеков адашмасам керак, туркий халқлар ичида Америка киноакдемиясининг «Оскар» мукофотини олган ягона инсон. У кишини Муаллим, яъни Устоз деб эзозлаймиз, ўта ҳурмат қиламиз.
Рустам ака СССР киноматографиячилари Союзини МДХ ва Балтия киночилари Союзларининг Конфедерациси сифатида парокандаликдан сақлаб қолиб, бир неча йилдан бери раҳбарлик қилиб келаяпти.
Москва шаҳрида, Лос-Анжелесда яшаб ижод қилаяпти. Худди жаҳон ижод аҳли Парижда яшаб ижод қилгандай. Озор йигити бўлишига қарамай бир неча марта Россия Давлат мукофотига сазовор бўлган. У киши олган халқаро мукофотларни эса, узоқ вақт санаб, санокдан адашиб кетишимиз мумкин.
Рустам ака ҳар йили Москвада миллий кино Халқаро кинофестивалини, Бокуда эса «Фестиваллар фестивали» деган кинофестивалини ўтказади. Бокуда ўтадиган кинофестивалга эса энг яхши, Халқаро кинофестивалларда мукофотлар олган кинолар кўрсатилади.
Яқинда Рустам ака, кинодраматург, кинорежиссер сифатида Қозоғистан, Америка Қушма Штатлари билан ҳамкорликда, қозоқ халқининг маънавияти ва тарихига оид ниҳоятда кенг полотноли, «Кўчманчилар» (Кочевники) деган киноасарни яратди.
Бу кинофильм ижодий кўлами, бюджети жиҳатидан Евроазиядаги энг катта фильм бўлди.
Ана энди, қизиқ бир мисолимни айтай.
Рустам ака Ибрагимбековнинг 60 йиллик юбилейи Озорбайжонда нафақат озор миллатининг, балки туркий халқларнинг буюк тўйи сифатида нишонланди.
Рустам Ибрагимбековни Низомий даражасидаги даҳо деб баҳолашди. У кишининг ўзидан, ижодидан чексиз фахрланишди.
Рустам аканинг киноларини қайта ва қайта намойиш этишди.
Етти иқлимдан келган илм, кино, адабиёт ва бошқа соҳа вакиллари юбилей тантанасидан салкам бир ҳафта олдин келиб тантана қилишди.
Рустам аканинг 60 ёшини нишонлаш учун бир неча миллион доллар пулни, писта пулидай қилиб сарфлашди.
Осмонга бир неча кун мушаклар отишди.
Бокуда бошланган тантаналар Московда ҳам худди Бокудагидай бир неча кун давом этди.
Энди, мисолимнинг ундан ҳам қизиқ жойи келди, деб ўйлайман.
Ўзбек киносида ҳам худди Рустам акага ўхшаб кинолари билан жаҳонни забт этган инсонлар бор. Шулардан бири жуда кўп Халқаро мукофотларни олиб келган ўзбек кинорежисссери Эльёр ака Эшмуҳаммедов! У кишининг юбилейини ўтказишни ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмади… Элёр акани туғилган кунлари бўлганида ўзбек киноманқуртлари биттагина табрик телегаммаси юборишга ярамади…
Ўзбекистондан чиқиб кетган ижодкорларнинг барчасини Ўзбек киноманқуртлари: «Ватанини ташлаб кетган диссидентлар» ёки «Мухолифотдаги қора кучлар…» деб ҳисоблайди. Қурқувдан тиззалари қалтираб: «Балки диний оқимга мансубдир… Балки Халқаро террорчидир…» деб гумон қиладилар. Бу ҳам майли: «Оч қорним, тинч қулоғим… Яна тағин «папамиз»нинг қаҳрига учраб турмада чириб кетмай…», деб ҳамма томонларини маҳкам жиловлаб олганлар…
Шу сабаб бўлса керак ўзбек киноманқуртлари оғизларига талқон эмас, эритилган мум солиб олганлар.
Улар Элёр аканинг «Севишганлар 2» фильмини яратилганидан қувониб, фахрланмадилар. Тошкентда премьерасини ўтказмадилар…
Бизнинг қаҳрамонимиз Элёр ака эса, бешикдаги болага ўхшаган, беозор, бир ижодкор одам. Сиёсатни ёмон кўради. Сиёсат билан шуғилланмайди. Ўткинчи, сассиқ, фоҳиша сиёсатдан кўра, ижод қилишни, кинолар яратишни афзал кўради.
У кишини 1986 йилда бўлиб ўтган собиқ СССР Киночилари Уюшмаси қурултойида Бошқарув котиби этиб сайлашади.
Шундан кейин Элёр ака Москва шаҳрида домий яшашга кўчиб ўтди. Московда уйланади. Ҳозир 17 ёшли ўғиллари Академияда ўқияпти. Элёр ака Россия фуқароси. У киши, ўзбек киноманқуртлари гумон қилганидай «диссидент, террорчи, эктремист, мухолифотчи эмас!».
Ҳа майли, бу дунёда нималар бўлмади, бу дунёдан кимлар ўтмади…. Ҳаммаси ўтади… Ҳамма ўтади… Ҳеч ким бу дунёга устун бўла олмайди…
Фақат ижод қолади…
Имомбек Абдусаидов,
мунаққид ва кинорежиссёр,
"Ўсар филм" киностудиясининг асосчиси.
Москва, 20 июль 2006 йил.