Гулчеҳра Муродали
Тошкент 24/07/2006 Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ҳукумат этиборидан қатор ижодкору-зиёлилар четлаштирилган. Уларни билган инсонлар фикрича, бу зиёлилар ўзларининг ҳур фикрлиликлари, ҳамду-санога тоқатсизликлари, халқнинг оғир ҳаётига беэтибор эмасликлари билан ҳурматга сазовордирлар. Мустақиллик учун курашган, мухолифатда бўлган бу ижодкор зиёлилар хукумат “қора рўйхати”дан жой олишган. Улардан бири ёзувчи Зоҳир Аълам.
“Ёзяпман, ёзганман, лекин у нарсаларимни ҳозирги аҳволда чиқарсам, менинг бошимга балолар тушади деб ҳисоблаганим учун, ҳеч қаерга олиб бормайман, бермайман. Берганимда ҳам ўзбекистон матбуотида ҳеч шубҳасиз чиқмайди. Энди бир-иккита дўстлар айтишди, чет элда чиқарайлик деб. Ўзимнинг анализим бўйича, агар шу нарсани чет элда чиқарадиган бўлсам ҳам у балолар барибир ёғилиши мумкин, қаттиқ, шунинг учун чиқмайди”.
Бу 1970 йиллар адабиётга ўзининг насрий асарлари билан кириб келган ёзувчи Зоҳир Аълам фикрлари эди.
“Зоҳир Аъламнинг ижодида кўнгил эрки масаласи биринчи ўринда туради. Зоҳир Аълам асарларида тарихий мавзу жуда чуқур ишланган. “Бухородаги биринчи намоз” ҳикоясининг ўзи катта бир қисса ҳажмидаги жуда жиддий асар. Замонавий мавзуда бўладими, тарихий мавзуда бўладими инсоннинг маънавий, руҳий комиллигисиз, кўнгил маърифатисиз жамиятни поклаб бўлмайди, деган катта бир фалсафий консепсия ётади асарларида”, - дейди адабиётшунос олим Нўъмон Раҳимжонов.
“Биласизми, ўзбек халқининг яшаш ахволи жуда ёмон. Мен ўзим қишлоққа кўп чиққанман, чиқаман, бундай яшаш мумкин эмас. Менинг олдимга тоғ қишлоғидан бир эски танишим келди. Бир оз ёрдам сўради. Январ ойлари эди, бизнинг қишлоқда, деди, 70 фоиз одам лавлаги билан сабзи қайнатиб еяпти, ейишга нон йўқ, деб айтди. Мен нима учун шунақа бўляпти деб, уларни ўрганганман. Чунки нормал мамлакатда, ҳар йили ҳосил етиштириб турилган Ўзбекистондек бой қазилмаларга эга бўлган мамлакатда, ҳукумат нормал ишласа халқнинг бундай оч яшаши мумкин эмас. Ўзбек халқининг 80 фоизи ишсиз. Мана шу нохақликларни ҳаммасини, сабабларини тушунтириб ёзганман, ва бу нарсаларни очиқ гапириб бўлмайди деб ҳисоблайман. Китоб ҳолатида чоп этишга келсак, ё яхши кунлар келиб қолар, ёки ўртоқларимга, танишларимга, уйдагиларга: мен ўлгандан кейин чиқарарсизлар, деб айтиб қўйганман”, - дейди ёзувчи Зоҳир Аълам.
Қайта қуриш йиллари Зоҳир Аъламни бир гуруҳ ёзувчилар қатори сиёсат саҳнасига олиб чиқди. Бироқ орзу қилинган истиқлолга эришилгач, унинг ўзи адабиётдан ҳам, сиёсатдан ҳам йироқлашди. Бунинг боиси нимада?
“Биринчидан, бу истиқлол мен орзу қилган истиқлол бўлмади. Мен орзу қилган истиқлолга фақат учта Болтиқбўйи республикаси эришди, деб ҳисобладим. Қолган республикалар Россиянинг таъсир доирасида қолдирилди тўлиғича. Озарбайжоннинг халқ сайлаган президенти Элчибек билан Грузиянинг халқ сайлаган президенти Гамсахурдиянинг сиёсат майдонидан четлаштирилиши, Гамсахурдиянинг ўлдирилиши, бу нарсаларни кўргач мен сиёсатдан узоқлашдим. Бу бир сабаби. Иккинчи сабаби, “Бирлик” тузилди, “Эрк” партияси тузилди, менинг назаримда “Эрк” партиясининг раҳбарияти шу партиянинг устав-программасида (у программаларнинг ёзилишида мен ўзим ҳам иштирок этганман) айтилган нарсаларга риоя қилинмади. Ва мен буни “Эрк”нинг 2-съездида гапириб, “Эрк”нинг раҳбарияти, шу жумладан мен унда идеолиогия секретари эдим, ҳозирги ҳукумат билан келишувчилик йўлини тутди, деган гапни айтдим ва мен бу йўлда турган партия билан бирга ишлолмаслигимни айтиб, чиқиб кетдим. Бу 1991 йили бўлса керак”.
Зоҳир Аъламнинг адабий жамоатчилик ичида анчагина шов-шувларга сабаб бўлган “Афандининг қирқ бир пашшаси” асаридан сўнг, ёзганлари матбуот юзини кўрмаган. Адабиётда маълум даврларда бадиийликдан кўра, ижтимоий фикр кучлироқ бўлиши керак, деб ҳисоблайди Зоҳир Аълам.
“Ижтимоий фикр кучлироқ бўлиши кераклиги умуман адабиётда эмас, бизнинг халқимиз ҳаётида ҳозир кучли бўлиши керак. Чунки мана Толстой ҳам айтган: ёзувчи халқ билан хукумат орасида воситачи бўлиши керак, деб. Бизнинг ўзбекистон шароитида ҳозир шу нарса биринчи ўринда туриши керак деб ўйлайман. Ваҳоланки, мен билган ўша шоирлар ҳам, ёки ўзим ҳам, ҳеч қайсимиз ҳукуматни ағдариб ташлаш керак, ўзгартириб ташлаш керак деган гап маъносида эмас. Шу камчиликларни айтамизки, фақат хукумат шу камчиликларни тузатсин, қўлидан келади, маблағи бор деб ўйлаймиз”.
“Зоҳир Аълам жамият воқеа-ҳодисаларига муносабатдами, тарихга муносабатдами у чуқур, катта бир файласуфона ўзининг нуқтаи назари бор. У энди европа адабиётини, кейин Юнон адабиёти, тарихи, фалсафасини, Шарқ фалсафасини чуқур ўрганган, ўзлаштирган, синтезлаштира олган катта бир истеъдод. Зоҳир Аълам ижоди ўқувчиларнинг дидини бойитишдаги, жамиятнинг дидини такомиллаштиришдаги хизматлари билан катта гўзаллик ҳодисаси сифатида қадирланади, аҳамият касб етади”, - дейди адабиётшунос олим Нўъмон Раҳимжонов.
Абдулла Қаҳҳорнинг “Адабиёт – атомдан кучли, лекин бу кучни ўтин ёришга сарфламаслик керак”, деган машҳур гапи бор. Хўш, бугунги ўзбек адабиёти атомдан кучлироқ кучини нималарга сарфламоқда?
“Ўзбек адабиёти ҳозирча даврни тўлиқ акс эттирадиган асар яратолмади, деб ўйлайман”,-дейди адиб. “Лекин вилоятлардада, Фарғона водийсида юрдим кўпроқ, ўша ерда ва Тошкентда ҳам иқтидорли одамлар бор. Ва эҳтимол кейин бугунги кунлар ҳақида барибир ҳақиқат айтилади. Одамларнинг изтироби, поймол бўлган ҳаётлар, бахтлар, тақдирлар, неча миллионлаб одамнинг чет-элда сарсон бўлиб юргани кейинчалик айтилади. Шу маънода мени қаттиқ изтиробга солган нарса, Бўстонлиқ раёнига чиқиб тураман, тоғ зонаси, гўзал зона, ўзимча ҳисобладим, иккитагина қишлоқдан беш юзтача уйланган, уйланиши керак бўлган йигитлар ҳаммаси Россияга кетган. У ерда ишлашаяпти. Кетган одамларнинг энг ортиғи 10 йилдан ошиб кетган. Бола-чақани ташлаб кетишган, у ерда уйланишган, бола-чақа қилишган. Бу ердаги бола –чақаси катта бўлди, 10-синфни битирди, буни хаммасини бечора ёшгина, эридан қолган жувон қиляпти. Хумсон қишлоғи билан, Чинор қишлоқларида отасиз ўсган болаларни кўрсатиш мумкин. Мана бу ҳам фожеа”.
www.voanews.com/uzbek