Бош сахифа

Лойиха ҳақида

Хабарлар

Мақолалар
 
Бадиий адабиёт

Бош саҳифага қайтиш


 
 

ҲАЖВИЯЛАР

 
 
 
Ушбу матн
995 марта ўқилди.
 
 
Хостинг от uCoz
 

«ОЛА ҚАРҒА» (Ҳажвия)
 

Охири бўлмади. Иш билан таъминлаш идорасига бордим.
-Меҳнат дафтарчангизни беринг, -деди дўмбоққина аёл.
-Қайсини?- дедим.
-Сизда нечта дафтарча бор?—ҳайрон бўлиб сўради у.
-Иккита, -дебман шошилганимда.
-Иккита! -унинг ҳайрат тўла кўзларида ўт чақнагандек бўлди.
-Ҳа, мана булар, -деб узатвордим.

Идора ходими муфаттишдай дам менга қарайди, дам дафтарчадаги ёзувни бошбуртим билан солиштириб кўрди. Ниҳоят, бошини кўтариб менга юзланди.

-Яхши, сиз ишламаган идораю билмайдиган касб-кор ҳам қолмабди шаҳримизда, -деди у афт-ангоримга қараб.

-Ундай бўлса, бизга мурожаат қилмасалар ҳам бўларкан-да, -деди аёлнинг қаршисида ўтирган нозиккина йигит. Қаерларда ишлаган эканлар?

Дўмбоқ аёл пайтавага айланиб қолган дафтарчани қўлига олди. Мен эсам «қарағай аканг мен бўламан» дегандек йўталиб ҳам қўйдим.

Аёл дафтарчада қайд қилинган касб-корларни эринмай ўқий бошлади:
-Ҳм, беморхонада қоровул, пожарник, автобусда паттачи, мактабда боғбон, темирйўлда стрелкачи, чилангарга шогирд, ҳаммомда гўлах, автомойкада мошин ювувчи, ўликхонада контролер, масжидда усилителчи, бозорда ҳаммол, дурадгорга шогирд, пахта қабул қилиш пунктида тарозибонга ёрдамчи, банкда инкассатор, санэпидстанцияда дориловчи, меҳмонхонада эшик оғаси, овчилар жамиятида назоратчи, чойхоначи, маданият боғида каруселчи, театрда суфлёр, туз конида врач ёрдамчиси…

У тин олди.
-Туз конида нима иш қилардингиз?—деб сўраб қолди ҳалиги йигит.
-Дўхтирга ёрдамчи эдим, -дедим. –Даволанишга келган эркак беморларни тузга кўмардим. Ишим сделний эди: ҳам дуо қилишарди, ҳам чой-чақа беришарди беморлар.

-Нимага ишдан кетдингиз бўлмаса?—ҳайрон бўлиб сўради дўмбоқ аёл.

-Бир одамни тузга кўмиб, чойхонага ўтсам, таниш беморлар ош қилишаётган экан, паловхўрлик қилиб, бояги беморни ёдимдан чиқарибман. Ярим кечада аллаким топиб келибди бечорани. Бўлмади, мажбур ишдан кетдим, -дедим хафақон оҳангда.

-Демак, бошқа корхоналардан ҳам шунақа ишкал билан жуфтакни ростлаган экансиз-да, -деди йигит.

-Нега ҳаммасидан бўларкан? - дея аччиқлангандек бўлдим. Кейин гапимни исботлаш учун бўлган воқеани сўйлаб бердим:

-Пажарни атделда ишлардим, оддий пажарник бўлиб. Бир куни шаҳардаги универмагга ўт кетди. Аланга осмонга ўрлаяпти. Шариллатиб сув сепаяпман. Шу пайт қўлимдаги катта босимли шланг узилиб, ёнғинни томоша қилаётган бир болага бориб урилди. Кейин билсам, у милиса бошлиғининг арзандаси экан. Жанжал бўлиб кетди. Охири, милиса зўр чиқди, экипажимизни тарқатиб юборишди. Мен яна ишсиз қолдим…

Менга ўхшаб иш излаб келган бир кишининг овози эшитилди:
-Оббо, ноинсофлар-ей!

-Театрда ҳам суфлёрлик қилган экансиз?

-Ҳа, шундай: бир куни «Тоҳир ва Зуҳро» спектаклини қўяётган эдик. Тоҳир ария айтаётганда мени йўтал тутса бўладими?! Тоҳир шартта арияни тўхтатиб, йўтала бошлади. «Нега йўталасан?—десам, у ҳам Зуҳрога қараб, «Нега йўталасан?» деса бўладими?! Залда кулги, қий-чув… Яна мен балога қолдим,-дедим.

-Қизиқ бўлган экан, --деди ёш йигит.—Айбсиз гуноҳкор бўлган экансиз-да!
-Э, нимасини айтасиз?!—дедим чуқур хўрсиниб.

-Бечора, -деди кимдир.

-Моргда нима қилгансиз?—сўради дўмбоқ аёл.

-Моргдан илгари руслар қабристонида гўрков эдим, -деб масалага ойдинлик киритдим. –Буниси дафтарчамда қайд қилинмаган. Зарил бўлса, справка олиб келаман, -дедим тупугимни ютиб.—ҳаҳ, қандай ажойиб замон эди-я. Ҳар куни поминка! Ҳам пул беришади, ҳам қуйиб туришади. Зўр эди. Кимгадир менинг ана шу вазифам зарил бўлиб қолган шекилли, иккита ҳарбий форма кийган одам келиб, қуролини ўқталиб: «Яхшиликча кетмасанг, ковлаган чуқурингга ўзингни тириклайин тиқиб ташлаймиз» деб қўрқитишди. Очиғи, қўрқиб ишдан кетдим. Лекин мен сизга айтсам, морг ҳам ёмон жой эмас экан. У ердагилар хоҳлашса, ўликни беришади, хоҳлашмаса, «Мурдани кесамиз», деб эгаларини қўрқитишади. Жарақ-журуқ пул оқиб келадиган анҳор экан—морг дегани. Бир куни эркак ўрнига аёлни бериб юборибман. Дўхтирлар ўликнинг бирканисини нотўғри бойлаб қўйишган экан… Барибир калтак менинг бошимда синди.

-Йўлини топганга чойхоначилик ҳам сердаромад замонавий касб, -деб луқма ташлади кимдир. –Ҳар куни томиб туради, емоқчи бўлсанг—олдингда, емаганинг—уйингда…

-Ваҳ-ваҳ, -деб юборганимни ўзим ҳам сезмай қолдим Шўролар даврини эслаб. –Ўша вақтларда чойхонадан одам аримасди: буёғи Тошкентдан, уёғи Андижондан. Коса-товоқ, ўтин-ўчоқ талаш бўп кетади. Ана шундай қалтис дамларда ўзим регулировка қилардим: кичикни акаю каттани тоға деб. Бир шогирдчамиз бор эди, исми қурсин, бир бало ғилай, ўша ишни расво қилди. Яширинча арақ сотиб, олтинчи атделни қўлига тушиб қолса бўладими? Ўша вақтдаги милиса ҳозиргидай эмас эди: на чой-чақа олади, на илтимосга кўнади. ўлиб қолган закунчи. Охири бўлмади: сухой закон ишни қилди. Ғилайга жарима солишди. Назоратни сусайтириб, инқилобий ҳушёрликни қўлдан берганим учун мени ҳайдаб юборишди. Ишдан бўшатишди.

-Ҳа, ўша вақтларда сиёсат зўр эди, жонажон партиямиз нима деса, ҳамма ёппасига «лаббай» дерди, биров қулоғини қимирлатиб кўрсин-чи, онасини уч қўрғонда кўрарди, -деди қабулхонада ўлтирганлардан бири.

-Э, нимасини айтасиз, -дедим.

-Иш стажингиз йигирма йил бўпти, йигирма битта жойда ишлаган экансиз, -деди дўмбоқ аёл.

-Яна ўн тўққизта касбни эгалласангиз, йигит деган номга…

Мен овоз келаётган томонга олақараш қилгандим, бояқишнинг дами ичига тушиб кетди.

-Ўша даврларда бунақа одамларни газитларда «Читтак» деб ёзишарди,- деди қотмадан келган, қўл-оёғи косовдай ингичка аёл бепарволик билан.

Тутуним чиқиб кетди.

-Мен читтак бўлсам, сен… Сен… Сен оёғини осмонга кўтариб ётадиган синчалаксан, -дедим зарда билан. Ва, дўмбоқ аёлнинг қўлидаги ҳужжатларимни шартта юлиб олдим-да, хайрлашмай жўнаб қолдим. Ичимдан эса бир гап вулқондек отилиб келарди: «Шунча ишлаб, читтак бўлган эканман, ана энди ола қарға бўлиб яшаганим бўлсин!»

Мирзо ҲАКИМ,
Тожикистон.

 
 


 

 
   
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Муаллифларнинг фикри таҳририят нуқтаи назари билан тўғри келмаслиги мумкин.
Матнлардан фойдаланганда уларнинг
www.jadidlar.orgдан олингани кўрсатилиши шарт.