Бош сахифа

Лойиха ҳақида

Хабарлар

Мақолалар
 
Бадиий адабиёт

Бош саҳифага қайтиш


 
 

МАДАНИЯТ

 
 
 
Ушбу матн
1364 марта ўқилди.
 
 
Хостинг от uCoz
 

Гўзал ва бетакрор тамаддун
 

Гулсевар Замон

ББС радиоси

Одамларнинг Ислом тамаддуни ҳақида билишлари жуда ҳам муҳим
Уч йиллик қайта таъмирлаш ишларидан сўнг Лондондаги Виктория ва Алберт музейининг исломий санъат намуналари коллекцияси янги, ўзига хос жойини топган десак хато бўлмайди.

Музейнинг Исломий Яқин Шарқ бўлими таъмир ишлари учун 5,4 миллион фунт стерлинг хайрия қилган саудиялик бадавлат тадбиркор оиласи
шарафига энди Жамил
галереяси деб аталади.

Виктория ва Алберт дизайн ва безак санъати музейи бўлиб, 1852 йилда ташкил топган.

Ва бошланишиданоқ, Ислом оламидан келтирилган санъат намуналарини бағрида жо этиб келган.

Ҳозир янгидан очилган Жамил галереясида ана шу мусулмон дунёсининг турли бурчакларида ва турли даврларида яратилган 400 га яқин буюм қўйилган.

Исломий санъат нима?

Кўргазмадан турли санъат асарлари намуналари ўрин олган

Арабистон, Туркия, Эрон ва Марказий Осиёдан келтирилган кулолчилик, тўқимачилик, темирчилик, шиша ва ёғоч ўймакорлиги санъати намуналари биргаликда бир бутун галереяни ташкил этади.

Бу ерга келувчилар Мамлук султонлари ҳомийлигида ёздирилган улкан Қуръон нусхасидан ҳайратга тушадилар.

XV асрга тааллуқли Мисрдаги масжид минбари - ёғоч ва фил суягидан ўйиб ишланган нақшлар, яна Мисрда Х асрда яратилган биллур идиш, Эронда ишланган кулолчилик намуналари, уларга солинган тасвирлар, бўёқлар жилоси асрлар ўтиб ҳам инсонларни лол қолдиради.

Эронда ХIII асрда яратилган сопол идишга ошиқ-маъшуқлар, яна бирига жангга отланаётган суворийлар суратлари чизилган.

Бир томонда ХIX асрда ишланган яна бир қатор тасвирий санъат намуналари қўйилган... Аммо, инсонлар ва ҳайвонлар тасвирлари жуда ҳам кўп кўзга ташланмайди.

Буни Исломда инсонлар, ҳайвонлар тасвирларини чизиш ман этилгани билан изоҳлаш мумкинми?

Галерея раҳбари Тим Станлейни суҳбатга тортаман.

“Исломий санъат дин дегани эмас. Биз уни анчайин кенгроқ талқин этган бўлардик. Исломий санъат ҳам диний, ҳам дунёвий санъатни ўз ичига олади. Ислом бошқа динлардан фарқ қилади, чунки Муҳаммад Пайғамбар унга асос солар экан, сиёсий тизимни ҳам яратганди. Хуллас, бир сўз билан айтадиган бўлсак, бу исломий империялар даврида яратилган санъатдир”, - дейди у.

“ХVI-XII асрларда Эронда сафовийлар, Туркияда усмонлилар ҳукумронлиги остида инсону ҳайвонлар тасвирларини яратиш мутлақо муаммо бўлмаган”.

Адабил гилами

Ардабил қадим дунёнинг энг катта ва гўзал гилами
Залнинг қоқ марказида 16 асрда сафовийлар шоҳи Таҳмасп замонида Эроннинг шимоли-ғарбидаги Ардабил вилоятида тўқилган улкан гилам ташланган.

Бўйи 10 метрдан ортиқроқни, эни 5 метрдан кўпроқни ташкил этувчи ушбу гилам қадимда яратилган энг катта ва мисли кўрилмаган даражада чиройли гиламлардан бири деб кўрилади.

Гилам ярим соатда ўн дақиқа бериладиган чироқ ёруғида ўз жозибасини янада ёрқинроқ намоён этади.

“Бу бебаҳо санъат намунаси, мен айнан мана шу гиламни кўриш учун келдим,”- дейди галереяга ташриф буюрганлардан бири.
(Қуйида гиламнинг катталаштирилган суратини кўриш мумкин)

Ўзбекистондан Инглистонга....

Галереяда Ўзбекистондан келтирилган буюмлар ҳам кўп
Боя айтганимиздек, Жамил галереяси жуда катта ҳудудни қамраб олади - ғарбда Испаниядан Марокашгача, шарққа томон Афғонистону Ўзбекистон, у ёғи араб дунёси...

Менинг энг эътиборимни тортгани Ўзбекистондан келтирилган буюмлар бўлди.

Самарқанд, Шаҳрисабзда тикилган эркаклар чопонлари... қатор кулолчилик намуналари...

Узум барглари тасвири туширилган лаганлардан бирининг Амир Темур даврида Дамашқдан Самарқандга олиб келинган ҳунармандлар қўли билан ясалгани айтилибди.

Бухородаги XIV асрда яшаб ўтган чингизий хонлардан бири Боёнқулихон мақбарасидан келтирилган кошинлар мажмуаси...

Ниҳоятда гўзал геометрик шакллар, жимжимадор ёзувлар билан безатилган ушбу кошинлар ҳақиқий санъат асаридан олинган парчалар десам муболаға бўлмайди.

Уларнинг қаршисида катта нақшинкор қабр тоши ҳам турибди.

Мен бу буюмларнинг қандай қилиб бу ерга келиб қолгани билан қизиқаман.
Кошинларни ҳақиқий санъат асари парчалари дейиш мумкин
“ХIX асрда асори-атиқаларнинг чекланмаган бозорлари мавжуд эди. Айни аср охирларида, яъни 1899 йил Виктория ва Альберт музейи бир савдогардан кошинлар мажмуасини сотиб олганди. 1900 йилга келиб биз хусусий коллекционердан яна бир қисм кошинларни сотиб олганмиз”,- дейди Тим Станлей.

Албатта, Жамил галереясидан ўрин олган буюмлар мусулмон оламида яратилган санъат уммонидан бир томчи десак янглиш бўлмайди.

Аммо, шунда ҳам ташкилотчилар бугунда террору, зўравонликлар манзарасида Ислом борасида турли қарашлар ўз аксини топаётган Ғарбда айни маданият намуналари бу ерга келувчилар учун фарқли тасаввур уйғотар, дея умид қиладилар.

“Биз ўйлаймизки, ҳозирда одамларнинг Ислом тамаддуни ҳақида билишлари жуда ҳам муҳим. Бу тамаддун гўзал ва бетакрор, бу тамаддун ташқи дунё учун жуда ҳам очиқ бўлган ва менимча, айни ҳолат барчамизга ўрнак бўлиши керак”- дейди Тим Станлей.

 
 


 

 
   
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Муаллифларнинг фикри таҳририят нуқтаи назари билан тўғри келмаслиги мумкин.
Матнлардан фойдаланганда уларнинг
www.jadidlar.orgдан олингани кўрсатилиши шарт.