Ноуман Смайлз Гарчи ушбу китобнинг муқовасида менинг номим зикр этилган бўлса-да, аслида бу матн Алтоир Маъдий исмли кишига тегишли. Буни менга BBC Жаҳон Хизматининг Марказий Осиё ва Кавказ Бўлимида хизмат қилувчи жаноб Ҳамиджон Исмоилов келтириб берди. Ўзининг «кескин вазиятли нуқталарига» сафаридан қайтар экан, жаноб Исмоилов деярли ўқиб бўлмайдиган инглизча ҳуснихатли бир қўлёзмани қўлимга тутқазди. Дўстим Мисс Эми Спёрлинг билан биргаликда бир оз таҳрир қилиб чиқдик бу қўлёзмани: ҳикояларни жой-жойига қўйдик, асосий қаҳрамонлар рўйхатини туздик, чунки инглиз ўқувчисига бу номлар бутунлай нотаниш эди, қолаверса, асарда жудаям кўп исмлар учрайди. Биз асар услубини ўзгартиришга уринганимиз йўқ, лекин муаллифнинг тилшунослик қоидаларидан чекинган ўринларига қўл теккизганимиз, баъзи жумлаларни тушунарли ҳолга келтирганимиз бўлди. Қуйида асар ҳақида қисқача ҳикоя қилган ҳолда, матнни жойлаштирганимиз йўлни намойиш этаман:
Рўмонни ҳикоя қилувчи шахс Марказий Осиёдаги (балки Шинжонда) ҳарбий экстремистик гуруҳ томонидан гаровга олинган таржимондир. Унга жангариларнинг баёнот ва мурожаатларини таржима қилишга рухсат берилади, асарда у бузуқ инглизчада ўзининг гапларини баён этади, унга кўра, жангарилар тушунмайдиган ягона тил шу эди. Ҳикоячи нима сабабдан у ерда эканини англашга интилар экан, ўз ҳаётининг кейинги икки йилини эсга олади. Икки йил бурун биринчи бора у Шинжонга Лук исмли америкалик олимга тилмочлик қилиш учун келган эди. Бу олим Кўк Турклари-- Марказий Осиёдаги қадимги халқ, дунёдаги зардўштийлик, манахеизм, иудаизм, буддизм, ислом, шоманизм каби барча динларга амал қилган халқ билан қизиқарди.
Шинжонда Лукни ҳибсга олишади. Тилмоч бир мўъжиза туфайли ўлимдан сақланиб қолади. У тилмочлик ишини давом эттиради, унинг ҳаёти, замонавийроқ қилиб айтадиган бўлсак, футболдан шоу-бизнесгача бўлган барча айқаш-уйқашликларини акс эттирарди.
Рўмоннинг иккинчи қатлами Кўк Турклари ҳақида аввалроқ тадқиқот олиб борган кишиларнинг ғаройиб ва сирли тақдирлари борасидаги ҳикояларни ўз ичига олади. Лук билан қандай воқеа содир бўлганини билиш мақсадида, ҳикоячи ана шундай тадқиқотчилардан: яҳудий Зев, рус роҳиби Валаамов, буддист Тензиг ҳамда мусулмон Ат-Тоҳарийларни ўрганади. Бу йўлда у художўй турклар тўғрисида кўплаб маълумотлар йиғади, лекин ҳикоячи ўша туркларни тадқиқ этган кишиларинг ҳаётлари фожеа билан тугагани, яъни ё ўлдирилганлари ёхуд сазойи қилинганларини аниқлайди. Лекин нима учун, деган савол орқали ҳикоячи ўз тақдирини англай олишида ёрдам бера оладиган бирор жавобни излайди...
Рўмоннинг учинчи қатлами аввалги икки қисми билан боғланган ҳолда Кўк Туркларининг ўзлари ҳақида ҳикоя қилади. Туркларнинг ҳукмдори султон Билга-Ҳоқон, қаҳрамон шаҳзода Кул-Тегин ҳамда Донишманд, Кекса Тонгюқуқлар биргаликда Тинч океанидан Қора денгизга қадар чўзилган заминда дашт салтанатини барпо этдилар. Бироқ шаҳзода Кул-Тегин вафот этиб, унинг жанозасига қўшни мамлакатлардан элчилар кела бошлашади. Жанозадан сўнг ҳоқон уларга қарата шундай дейди: «Умрим бино бўлиб, қанча-қанча маконни ўз тасарруфимга олдим, аммо замонни енгиб бўлмас экан. Мана биродаримдан айрилдим. Энди сизнинг кўмагингизга таяниб, абадийлик устидан ғалаба қозонмоқчиман. Ўзингизда мавжуд бари ақлу-заковатни ҳузуримга келтиринг!» Шундай деб ҳоқон уларни гаровга олади ва уларинг ҳар бири ўз Муқаддас Китобларини таржима қилишга киришадилар. Гарчи китоблар муқаддас бўлса-да, лекин элчилар барча қатори одам; бири иккинчисини заҳарлайди, учинчиси тўртинчисини сотади, бешинчиси олтинчиси билан зинога қўл уради... Салтанат чириб, таг-туги билан қулайди. Алал-оқибат султоннинг ўзини хоинлар ўлдириб кетишади. Биргина Оқил Тонгюқуқ ҳамма нарсани тушуна билади; Салтанатни сақлаб қолишнинг имкони йўқлигини англагач, у қандай қилиб ғалабага эришиш йўлини топади. У буни Буюк Қайтарув дея номлайди. Тонгюқуқ элчиларни уларга ўхшаш кишилар билан алмаштириб, ҳар бирини ўз сафдошлари билан бирга турли мамлакат, ирқ ва эътиқодлар орасига юборади. Ҳеч ким бу ишдан хабар топмайди. Буларнинг бари тарихнниг биз билмаган саҳифаларини ташкил этади, чунки улар ғайритабиий, Кўк Турклари эдилар, шу боис, кимда-ким бу сирни қисман бўлса-да ошкор этар экан, у ўлимга маҳкум эди.
Магар кейинчалик сизга маълум бўладики, бу каби барча нарсалар тўғрисида тилмочнинг ўз айтар гаплари ҳам бор...
Балки нима учун бу лойиҳа устида иш бошлаганимни билмоқчидирсиз. Яхши, айтсам айтибман-да, мен жаноб Исмоилов билан кўп йиллардан бери ошна-оғайниман, у менинг деярли унутилаёзган китобим «Одатлар ва қолиплар» ни ўзбекчалаштирганди. Шундан буён жаноб Исмоилов мени ўзининг «Мажолисун-нафоис» адабий-фалсафий гуруҳининг фахрий аъзолигига лойиқ кўрди. Муҳтарам ўқувчи бу тўғрида қуйидаги сайтдан тўлиқроқ маълумот олиши мумкин: http://www./ferghana./ru/another.html/
Nobless oblige, яъни шароит шуни тақозо этади, дейишади французлар. Шунга ўхшаб, Ҳамиджон менга қўлёзмани бераркан, уни ўз номим ёки Мисс Эйми Спурлинг номи остида чоп этишни илтимос қилди, йўқса, деди у, -- «саҳродан чиққан садога ҳеч ким қулоқ тутмайди». У балки ҳақ эди.
Ўзимга келсак, бу борада ҳеч бир муаммом йўқ. Юқорида тилга олганим китобда шундай ёзганманки, муаллифлик бу фақат иқтисодий аҳамиятга эга бўлиб, унинг ижодкорлик билан мутлақо алоқаси йўқ. Аллоҳ ҳамма мавжудот меники дея, уммонлар барча дарё менга тегишли деб ва дарахтлар тўкилган барглар устидан ҳокимликни даъво қилмайди. Магар буни бир ўйин деб ҳам ўйламанг. Мен бузуқ инглизчага бунчалик даражада тақлид қила олмаган бўлардим, агар қила олганимда, ўзимни «Мажолисун-нафоис» аъзосидан юқорироқ санаган бўлур эдим.
Ноуман Смайлз, Ҳартфордшир.