Бисмиллаҳир роҳманир роҳим! Шуни айтишим керакки... маъзур тутгайсиз, буни инглизчада айтмасам бўлмайди. Биламан, менинг инглизчам бузуқ, жайдари, ҳашаки инглизча, лекин дунёниннг ярмидан кўпи мана шундай инглизчада гаплашади-ку дея ўзимни овутаман. Нафсиламрини айтганда, мен буни инглизчадан бошқа кўпгина тилларда етарлича гўзал ҳикоя қилиб беришим мумкин эди. Афсуски, бу борада анча чегараланганман. Шу кунгача мен инглизчада «Мен буни жуда яхши кўраман» эмас, «Мен буни яхши жуда кўраман» деб келдим. Сизга айтмоқчи бўлганим шуки, нотиқлик ёки услубнинг аҳамияти йўқ мен учун. Қолаверса, тил грамматикага амал қилиш эмас, балки муомала воситасидир, шундай эмасми? Ўзимизникилар айтганидай, айтсам тилим, айтмасам дилим куяр. Мана шу нарса мени ҳикояни бошлашга руҳлантирди. Ва ниҳоят инглизча менинг тасарруфимдаги ягона бир тил эдики, уни атрофимдаги кишилар мутлақо тушунмасди...
Деярли бир ой олдин мени гаровга олишди. Ўшандан бери қанча вақт ўтганини аниқ айта олмаслигимга сабаб тоғлар орасидаги кичик метеорологик уйчадаги тутқунликда вақтни аниқлашнинг имкони йўқ эди. Биз бунда икки кишимиз: мен ва Ли исмли бир хитой йигит, ён атрофда ўз мустақиллиги учун курашаётган жангарилар гуруҳидаги турли-туман одамлар. Умуман олганда, улар бизга ўзларини яхши кўрсатишга интилишади, сабаби, биз чет элликмиз, магар баъзан ҳукумат учоқлари улар устига бомба ташлаш учун ёпирилиб келганда, жудаям қўпол ва ёқимсиз бўлиб кетишади. Бундай пайтда улар бизни ушлаб, бошимизга қоп кийгизиб, яқинроқдаги ғор ёки бошқа пана жойга судраб кетишади. Биз эса кун билан туннинг фарқига бормай ётамиз. Бомба тушишини ҳисобга олмаганда, ҳаётимиз, агар уни ҳаёт деб аташ мумкин бўлса, бир-бирига боғланган ҳолда бир хилдаги бошпана остида ухлаш, қачон берилишини кутиладиган овқат -- асосан музлаган картошка, сувда қайнатилган макарон, баъзан эса дудланган гўшт, қотган нон ҳамда Хитой кўк чойидан иборат. Ҳожатхона ташқарида бўлиб, бизни егулигимизга қараб кунига икки-уч маҳал бошимизга ҳалигинақа қопларни ўраб-чирмаб, у ёққа олиб чиқишади.
Бошқа пайтлар биз фақат ўтирамиз, баъзан китоб ўқиймиз, сўзлашишга рухсат йўқ, лекин қочиб кетган баъзи метеорологистлардан қолган шоҳмотни ўйнамоқ мумкин. Қизиқ, лекин одам зоти ҳар нарсага кўнар экан, фақат тақдирим шу экан-да дея ўйлансагина, бундай турмушга кўниш осон кечади. Миянгиз бўш, на қўрқув ва на умид ҳисси мавжуд. Ёлғиз яланғоч ҳолдаги бемаъни умр. Бошқа ҳолларда сиз бундай шароитда бўлиш қанчалик ҳаяжонли экани ва унинг мавжудлик борасидаги тажрибангизни не қадар бойитиши ҳақида ўйлаган бўлардингиз. Ҳафсалангизни пир қилишга тўғри келади. Ён атрофда нуқул бир-хиллик. Тўғрисини айтганда орадан фақат бир ой ўтиб, ўзимга нима бўлганилиги ҳақида ўйлашга ва таҳлил қилишга ҳаракат қиляпман. Нега мен бу ерга тушиб қолдим? Дунёдаги энг баланд тоғлар орасида, номаълум бир жойнинг қоқ ўртасида, қандайдир сабаб билан урушиб юрган ғазабнок одамлар орасида нима қилиб юрибман ахир? Мен ўзи кимман?
Бундан икки йил аввал Шинжон -- Уйғуристонда Индианадаги католик институтидан келган америкалик исломшунос олимга тилмоч эдим. Шинжон қаерда жойлаганини биласизми? Бу Хитойда, Тибет билан Марказий Осиё оралиғида жойлашган. Шундай қилиб биз Шарқий Туркистоннинг борган сари хитойлашиб бораётган турли ўлкаларига бордик. Биз қадимги қўлёзмаларни ахтариб юрардик. Балки ғоят кенг саҳронинг бир қанча воҳаларини кезиб, исталган динга оид қўлёзмаларни топиш мумкин демоқ ҳам тўғри бўлар, негаки америкалик дўстим айтганидай, қадимги уйғурлар ва уларнинг аждодлари -- қадимги ёки Кўк Туркларибарча динларга эътиқод қилганлар. Лук Америкадан олиб келган бир неча буддист таржимон билан бир қаторда биз ҳам Ҳўтандан 17-сасрга тааллуқли қўлёзма сотиб олдик. Бу дастлабки Манихей матнларининг тўплами эди. Қашғар томонга жўнар эканмиз, бир жуфт Исломга оид китоб ҳам топиб олдик ва...
Узр, алаҳсияпман...
Биз Турфонни саёҳатимизнинг сўнгги нуқтаси дея белгилаб олдик. Лукнинu айтишича, Турфон ўзининг жойлашиш ўрни билан машҳур. У денгиз сатҳидан тахминан 150 метр пастда жойлашган. Лук яна бундай пастликларнинг дин ва диний қўлёзмалар билан қандайдир алоқаси мавжуд эканлигини айтди. У бизникидан-да қуйироқ бўлган Ўлик денгизни мисол қилиб келтирди. Келишувимизга кўра, мен олдинроқда бориб, баъзи нарсаларни аниқлашим, алоқа боғлашим ва учрашув ташкиллаштиришим лозим эди. Эрта азонда Лук Урумчи музейига, мен эса турист сифатида олти нафар хитой (назаримда уларнинг бари хавфсизлик хизмати ходимлари эди) билан Турфонга қараб кетдик. Шу бўйи Лукни қайтиб кўрмадим...
Ўша куни ҳавонинг авзойи ҳаддан ортиқ бузуқ, қаттиқ шамол эсар, қумлар уюмининг саҳро ва пасттекисликлар орасида учиб юриши табиий бир ҳолдай эди. Ҳар ҳолда энди ярим йўлга етганимизда кучли шамол машинамиз билан бирга кўтариб четдаги шағалликлар устига учириб юбордики, қандайдир мўъжиза туфайли ҳайҳотдай саҳронинг қоқ ўртасида бир ўлимдан сақланиб қолдик. Шу ернинг ўзида каттакон кўзойнак таққан ва ўзини севгилисини бағрига босаётгандай қилиб кўрсатаётган махфий агентнинг сири очилиб қолди -- у соф инглиз тилида менга сўзлай кетди. Салгина ғурур билан шуни англагандай бўлдимки, у қандай бўлмасин ақалли менинг ҳаётимга жавобгар эди. У *севгилиси*нинг сумкасидан чўнтак телефонини тортиб чиқараркан, қизни бутунлай эсанкиратиб қўйди, чунки у нима қилишини билмай қолди, на ўзини чўнтак телефонга уланган қулоқларидаги икки жиннича эшитгич орқали плеерини эшитаётган қилиб кўрсатишни ва на шеригининг идора билан сўзлашаётганини тўсиб туришни билмас, нима бўлганда ҳам, мен уларнинг ғалати хитойчаларини тушуна олмадим.
Чанг-тўзон ва туманли Турфонга кириш олдидан барчамиз қондошларга айлангандик. У катта қора кўзойнагини бирор марта бўлсин ечмади. Жон исмли (менимча Зянь деган исмнинг бузиб айтилиши) гонконглик хитой ўз *компания*сининг машинасини токзорга қараб буришни буюрди. У ерда мени мазали уйғур таоми билан сийлашди. Тоғ оралаб оқувчи дарё бўйидаги узумзор соясида бир муддатга ҳожатга ўтиб, шу баҳонада бир уйғур йигитдан уларнинг қўлёзма сотувчилари ҳақида сўрашга муваффақ бўлдим. Унинг айтишича, Ўлик Шаҳарнинг нариги томонида бир дарвиши девона бўлиб, ўшанда бирор нима бўлиши мумкин экан...
Шундан кейин биз Ўлик Шаҳарга келдик. Мен ашаддий турист эмасман, шу боис қадимдан қолган қудуқ ёхуд ғайриоддий узум запасларининг мен учун катта аҳамияти йўқ, бари бир гўр. Мен ҳаттоки Жон-Зянь томоша қилиш учун арзигулик дея камоли эҳтиром билан таклиф қилган баъзи машҳур масжидларга ҳам қизиқмадим. Магар Ўлик Шаҳарга келганда... У чиндан ҳам бўлакча эди. Таржимон сифатида жуда кўп тарихий жойларда бўлганман, лекин лой вайроналарни деб ҳеч бир жойга телбаларча ошиқмаган эдим: бу шундай бир Замин эдики, бир кун барпо этилиб, яна бир кун тупроққа айланиши учун вайрон этилган замин. Ташвиш шамоли бор унинг бошида... Ҳам осмонда хира, қора, кераксиз қуёш...
Таажжубки, қуёш ва унинг иссиғи Жон ва унинг командасини менинг ортимдан эргашмасликка мажбур қилиб қўйди. Улар буни сираям ёқтирмасликларини чин кўнгилдан тан олиб, мен бу Йўқлик бўйлаб ёлғиз кезгуним ва кўргунимгача машинада қолишга қарор қилишди. Бироқ мен Урумчидан сайру саёҳат илинжида келган бу туристларнинг бу каби ғаройиб жойларни кўришни рад этаётганларидан таажубда эдим. Кейинги сафар, дейишди улар. Унда янаям яхши, дедим ўзимга-ўзим ва олов пуркаётган лой вайроналар орасидаги сўқмоқдан йўлга тушдим. Қуёш қизитгандан қизитиб келар, мен кўринмас соям устидан қадам ташлаб борарканман, Тарих ёки Вақт оралаб кезаётгандай эдим. Шаҳарнинг нариги томонида таёқни милтиқ қилиб ўйнаётган болалар ёнидан ўтдим, уларнинг ёнига яқин келиб, нарироқда қуруқ дарахт тагида шумшайиб ўтирган қарияга кўзим тушди. Билмайман, нимага буни дарахт деб ўйлаганимни, балки чолнинг таёғи ерга суқиб қўйилгани ва кир-чир ёпишқоқ белбоғи таёқнинг учига илиб қўйилгани учундир. Мен чолга салом бердим. У худди ўзимизнинг эртаклардагидай: *Саломинг бўлмаса, икки ямлаб бир ютардим!* дея жавоб берди. На кулишимни, на қўрқишимни билмай туриб қолдим. Аниқроғи, қўрқиб кетдим ва ўзимни йўқотиб қўяёздим. *Мабодо қадимий ақлу заковатни излаб юрган бўлсанг, анави ёққа юр...* - шундай деб у чанг-тўзонда ўйнаётган болалар томонга ишора қилди. *Мен бунда ўзим учун юрганим йўқ...*, зўрға овоз чиқардим. *Биламан, - деди у, ўн йил аввал яҳудий бир йигит ҳам шу мақсадда келиб эди*, - деди чол ва чанг босган юзини ўгириб оли. Ўлик Шаҳардан узундан-узоқ шамол эсарди.
Кун охирлаб қолганда бир қўлёзманинг парчасини топдим. Бу қоғоз бўлаги эмас, балки каттакон тошга ўйилган қадимги битиклар эди, мен дарҳол уни расмга олдим. Бу ёзувни ўқий олмай, ҳалиги қариядан умид қилдим, у эса тошни аввал ҳеч ким кўрмаганини айтди, бунга сабаб, минг йиллардан бери тош ёзув қисми пастга қараган ҳолда ётарди. Чол жойнамозини унинг устига ёйганди, силлиқ қора тош унинг остида кўздан йўқолди. Ундан тафсилотларни сўраб ўтирмадим, икки кун ичида билағон америкалик дўстимни бу ерга олиб келишим лозим эди. *Мана буни ўқиб кўрсин-чи*, дея кир муқовали бир дафтарни тутқазди қўлимга. Мен хитойлик ҳамроҳларимни эсладим ва дафтарни дарҳол терлаб кетган қўйнимга яширдим.
Кейинроқ бу ақлдан озган чолни алдаганга ўхшаб қолдим: биз уни ҳам, ҳалиги тошни ҳам кўргани бормадик. Бунга мен эмас, Лукнинг Урумчида ғойиб бўлгани сабаб бўлди. *Ҳунгшиан Бингуа* меҳмонхонасида Лукни зудлик билан мамлакатдан чиқиб кетганини айтишди, лекин бу чиндан ҳам шубҳали эди. Қолаверса, у менга на бир хабар ва на ишим учун бир чақа қолдирган эди!
Тошнинг сурати туширилган плёнкани ювдириш учун ўз ҳамёнимдан пул тўлаб, ғурбатхонада бошимни ушлаганча якка ўзим унинг эртага тайёр бўлишини кутиб ўтирарканман, тугмаланмаган куйлагим сабаб қўйнимдаги бояги дафтарча ерга тушиб кетди. Ақалли бу нарсани ўқишга маънавий ҳаққим бор-ку, дея ўзимни овутгандай бўлдим ва дафтар муқовасини йиртиб уни оча бошладим. Афсуски, бу қадимий қўлёзма эмас, балки кундалик бир дафтар бўлиб, унинг биринчи саҳифасида 7 декабрь 1990 йил санаси кўрсатилган эди.
*Мен ушбу ҳар икки ишни орқага суришга мажбур бўлдим, бундан кўзланган мақсад, бирмунча аввалроқ бошлаган ва тугалланиш арафасида бўлган лойиҳа устида ишламоқдан иборат. Менинг қадимий кўк туркларининг сири ҳақидаги китобим ниҳоясига етди ва ҳозирда уни чоп этиш учун ношир излаб юрибман -- бу иш ўтган йилдаги кўпгина вақтимни олди (ўтган йил ёзидан ҳозиргача). Бу борада бир неча қомусий мақолаларим ва 6-аср Турк хонлиги ҳақидаги учта чоп этилмаган мақолам бор. Мен ўша давр кўк туркларининг сеҳрли оламига батамом берилиб кетдим, ҳозир умид қиламанки, уларнинг диний ва шоҳона ҳаётига оид китоб ва мақолаларни келгуси ёз ойи охиригача тартиблаб бўламан. Ана ундан кейин навбатдаги лойиҳага ўтишим мумкин...*
Мен бу гапларни тўғри ўқиганимга шубҳаланиб қарадим. Тўғрисини айтганда, қўлда ёзилган хатларни ўқишга нўноқроқман. Бу ҳуснихат ҳам шу қадар кичик ва тушунарсиз эдики, мен ўзимни қийнамасликни маъқул кўриб, охирги вараққа кўз югуртирдим. Унинг сарлавҳаси *6 февраль 1991 йил* эди.
*Сўнгги икки ой ичида ҳаётим қанчалик ўзгариб кетганигидан таажубдаман. Бу ерга икки ой аввалроқ келган эдим, ўшанда келажакдан умид қилса бўларди. Ҳозир хавфли вазиятга тушиб қолдимки, бу ҳақда эслатиб ўтиш жудям яхшидир. Ҳаётим Шиа Чангникидай тартибсиз бўлиб кетди. Унинг оиласи фақатгина анъаналарининг кучлилиги учун яшаб турибди. Афсуски, биз ўзгаришлар қилиш учун ўзимизда куч топа билавермаймиз. Бир ой олдин қанчалик гўл бўлган эканмиз-а! Унинг вазиятни қандай қабул қилаётганини билиш мен учун жудаям қизиқ. Шунингдек, унинг бу вазиятдаги шахсий ўрни ҳақида ҳам ташвишдаман. Эртага мен уни Турфонда кўриш учун отланаман. У мени оиласи билан танишишга таклиф қилган. Қизиқ, негадир бу учрашувдан ҳайиқиб турибман... бу Турфонда топганим яширин матнни хотиримга соляпти...*
Яна бир карра мен ушбу ёзувларни тўғри ўқиганимга ишонолмай турдим, лекин уни тугатишга ҳам, қайта кўриб чиқишга ҳам вақтим йўқ эди, сабаби, бу пайтда кимдир хонам эшигини тақиллатарди, мен дарҳол у сирли дафтарчани қўйнимга тиқиб, эшикни очишга турдим.
5.
Қаршимда келишган хитой аёли турарди. Аввал айтганимдай хитойчани мутлақо билмайман, шунга қарамай, хижолатдан қутулиш мақсадида ўзимни ҳама нарсага тайёрдай қиёфага солдим. У майин ва мусиқий хитойчада гапирарди -- бу
менга форсча бир шеърни эслатди:
*Ёрим туркийда cўзлар, афсус, туркча билмайман,
Ё Рабки, унинг тили менинг оғзимда бўлса...*
Хитой аёли хонамдаги нимагадир ишора қилди. Уни ичкарига таклиф қилдим. Остона ҳатлаб кираркан, қўнғироқдай овозда бир нималар деб ногаҳон чўмилиш хонасига бошлади ва мени ҳам орқамдан юр дегандай имлади. Ўша пайтдаги ҳолатимни бир тасаввур қилинг! Бегона юрт, мен билмайдиган тил, ишончсиз аёл, кутилмаган таклиф ва айтиб бўлмайдиган вазият -- бундай пайтда нима қилишим керак эди у ерда? Дарҳол миямга икки нарса келди: биринчиси -- бу аёл мени ўлдиргани келган, иккинчиси -- бу ажойиб, хаёлий бир имкониятдан фойдаланиб қолиш. Афсуски, хомхаёл қилибман. Аёл аввал совуқ сув, кейин иссиқ сув жўмрагини буради, улардан отилиб сув чиқди, бир муддат ўтгач, вишиллаган овоз чиқди ва сув тўхтади. *Шу-шу*, тушунтирган бўлди аёл, *Шу-шу*, жавоб бердим мен ҳам. Кейин у қўлидаги соатни кўрсатиб, бир-икки рақамларни кўрсатди ва мусиқий бир нималар дея хонамни тарк этди.
Эшик ёнига суянган кўйи узун корридорда бу хитой аёлининг кўздан ғойиб бўлгунича, нима бўлганини тушунишга ҳаракат қилиб, серрайиб қараб қолдим. Кошки билолсам эди.
Муҳаббат ва Ўлим доим бирга юради, - ўйладим мен икки кун ўтгач уйда Зев исмли яҳудий йигитнинг кундалигини ўқиб ўтирарканман. Ажнабий бўлганим учун кўпгина сўзларни ҳарфма-ҳарф тушунаман, яъни масалан мени инглизчадаги *always* (ҳар доим) cўзининг вақт билан алоқадорлиги эмас, балки макон билан боғлиқлиги *all ways* (барча йўллар) қизиқтиради. Бундай дейишимга асос бор. Яқинда бир ҳалокатли таҳдидга учрадим. Жуда қисқа фурсат ичида жуда катта тажриба мужассам, шндай эмасми? Лекин англадимки, баъзан ҳаёт деганлари водопровод жўмрагидан оқиб тушаётган сўнгги томчиларга ўхшаб кетади... Шу боис, бутунлай ўзни унутганим ҳолда кимнингдир кундалигини муккадан кетиб мутолаа қилишга ҳаракат қилдим.
Айтганча, ҳалокатли таҳдид хусусида айтмоқчийдим. Келинг уни бир тарозига солиб кўрайлик. Ўша куни зудлик билан, секингина, ҳеч қандай кескин ҳаракатларсиз Хитойдан ўз юртимга қайтиб келдим. Эртасига эрталаб мени америкалик тадқиқотчига таржимон сифатида ишга ёллаган компанияга етиб бордим. Улар меиннг ўз мижозларисиз кўрганларидан нечоғли таажжубга тушишгани табиий. Англадимки, улар мижозлари тўғрисида ҳеч нарса билишмайди. Нима бўлганда ҳам ҳаммасини аниқламагунларича менга бир тийин ҳам тўламасликларини айтишди. Шунда Ўлик Шаҳардаги тошни суратга олганим плёнкани унутиб қолдирганимни эсладим. Ҳай майли, шунга шунчами? Ушбу бюро менга тез кунда яна иш таклиф қилишга ваъда берди. Шу дақиқада қанчалик хато кетган эдим-а мен!
Уйга келиб кундаликни ўқишга тушдим. Декабрь тунларининг бирида Зев Шиа Чанг билан танишадиган маълуму машҳур *Ҳунгшиан Бингуа* меҳмонхонаси қаршисидаги такси тўхташ жойига етганимда кимдир менга қўнғироқ қилди. Бу дўстим эди. Яна бир бор инглизчамдаги чегараланишни сезиб қолдим. Аслида *дугонам* дейишим керак эди, лекин у шунчаки дўстим ва шунчаки бир қиздир. У сафарим ҳақида сўради ва жавобимни ҳам кутмай, бирдан йиғлашга тушди ва зудлик билан ҳузурига кириб ўтишимни илтимос қилди.
Умуман олганда мен бу каби аёллар фожиасини ҳечам хуш кўрмайман. Лекин нимадир мени шаҳарни кесиб ўтиб у билан кўришишга ундарди.
У давлатниг юқори маҳкамасида бўлгани, у ерда мени ўлимга маҳкум қилингани тўғрисида маълумот олганини айтди. Аввал бошда, бу менга кулгили туюлди, лекин у йиғлай бошлагач, вазиятнинг жиддийлигини англадим. Мен ундан қайси ташкилотни назарда тутаётганини сўрадим. У ўзини ҳеч кимга ҳеч нима айтмаслик ва мен билан ҳам мулоқотга киришмаслик ҳақида огоҳлантиришгани айтди. У яна улар менинг барча режаларимдан хабардор эканликлари, Францияга кетаётганим, лекин ҳеч ким менга ёрдам бера олмаслиги ва қаерда бўлмай, барибир мени топиб олишлари ҳақида сўзлади... Мен дўстимдан бошқа бирор нарса ололмадим ва умидсизликка тўлиб уйдан чиқиб кетдим.
(давоми бор)