Бош сахифа

Лойиха ҳақида

Хабарлар

Мақолалар
 
Бадиий адабиёт

Бош саҳифага қайтиш


 
 

ҲИКОЯЛАР

 
 
 
Ушбу матн
1083 марта ўқилди.
 
 
Хостинг от uCoz
 

Кўк турклари асири
 
(Давоми)

Шу алфозда кундалик устида ўйлаб ўтирардим. Мен Шекспир драмаларида одамларнинг осонгина ва тез-тез ўлиб туришларига таажуб қиламан. Бошқа бир романда эса биргина ўлим саҳнасига барча тафсилотларини намойиш этиб юзлаб саҳифа ажратилади, магар Шекспирнинг услуби алоҳида: Ҳамлет урушиб ҳалок бўлади, Ромео курашиб ўлади, ўнлаб бошқа одамлар ҳам курашда ҳалок бўлишади ва бу ўлим биргина сатрда ифодаланади-қўяди. Жудаям содда. Ва бирдан ушбу соддалик мени даҳшат ичра ўраб олганини ҳис қилдим. Бир оз чалғиш мақсадида, яна бир неча варақни очдим. *Колумбия Университетидаги уйғур ва туркшуносликнинг янги инқирози чиндан ҳам ачинарлидир, бироқ ҳақиқатнинг кўзига тик қарамоғим керак. Марказий Осиё ва Уйғуристон Америкада анча шов-шувга сабаб бўлган, магар университет бўлимларида уни бир макон сифатида ривожлантиришни исташаётгани сезилмаётир...*

Бемаънилик! Лук ғойиб бўлди, Зев асфаласофилинга кетган чамаси, мен эса хавотирдаман... Жин урсин! Бас!
*9 январь

Мен ўтган асрнинг сўнггида бу ерга келган рус роҳиби Ефрем Валаамов (Валаомов?) нинг охирги мактубини топиб олдим. Тахминим тўғри чиқди. Уни заҳарлашганди. Мана унинг мак...*

Узр, телефонимни автоматик жавоб бериш қурилмасига ўтказиш ёдимдан кўтарилибди. Кундаликни очиқ ҳолда қолдириб, гўшакни кўтаришга турдим. Бу мени Лук учун ишга ёллаган фирманинг бошлиғи экан. *Биласизми, - деди у, -- сиз учун иккита янгилик бор, ёмони шуки, Лукни қўпорувчилик ҳаракатлари учун ҳибсга олишибди, яхши янгилик эса, сиз айни шу фалокатдан қочиб қутулибсиз, қандингизни уринг эркинликда. Яна бир бошқа хабар ҳам бор, лекин бунинг сизга алоқаси йўқ, деб ўйлайман. Сиз Урумчидан чиқиб кетган кун бешта жойда оммавий портлашлар юз берган.* Мен учун иккинчи янгилик муҳимроқ эди: бу билан бошлиқ менга бир мири ҳам тўламаслигига ишора қилди. Лекин шундай бўлса-да, менинг бутун хаёлим бошқа бир рус роҳибида эди...

7.

Кейинги 2 ҳафта ичида Салмон Рушдийнинг ҳаётини яшагандай бўлдим: мен Хитойга кетган дўстимнинг квартирасига кўчиб ўтиб, ҳар тун унинг велосипеди билан эшигимни баррикада каби тўсаман, ҳар лаҳза ўлимимни кутиб ётаман. Ниҳоят Францияга виза олдим ва асарларини ўзимизнинг тилимизга ўгирганим дўстимникига етиб келгачгина, шу ерда, яъни Фонтенеблода яқин ўтган кунлардаги ҳаётим ҳақида ўйлашга имкон топдим. Чарм креслода сокингина ўтирарканман, айни пайтда, инсон фалокат ва сокинликка жуда тез кўникаркан, дея ўйлардим. Кеча устаси фаранг жиноятчидай бекиниб юриб эдим, бугун эса бировнинг кундалигини, сўнгги мактубини ўқиш имконим бор.

«Милостивый государь,
смею надеяться, что сие послание застанет Вас в добром здравии и благополучии, дарах наименее ценимых, покуда судьба не коснется своей шершавой десницей...»

Ҳа, хат русчада битилган ва Зев уни таржима қилиб ўтирмай нусха кўчириб олган эди. Мен ҳам 19-асрга оид бу услубни сақлаган ҳолда таржима қилолмасам-да, бошланишини уриниб кўраман: «Марҳаматли Жаноб, умид қилишга ҳаддим сиғдики, ушбу хабар сизни соғлом ва фаровон ҳолда топажак, энг қадрсиз иқтидорлилик, тақдир ўзининг беўхшов ўнг қўлини сизга теккизгунга қадар...» Русчада бу янада жимжимадор ва антиқа. Шунчалик беўхшовки -- баъзи фалсафий нарсалардан сўнг у яна ёзади:

«Фонусда нурни сақлаб турганингиз учун ташаккур. Менга юборганингиз В. Томсоннинг охирги китоби ниҳоятда қимматли мукофот бўлди. У энг қўрқинчли вазиятларда ҳам яшашим учун куч-қувват бериб турибди. Назаримда у бир неча характер ва сўзларни таҳлил қилишда хатога йўл қўйган, лекин умуман олганда у жуда зўр бир ишни ниҳоясига етказди. Айниқса, менга Кул-Тегинниг сўнгги парчаси маъқул келди:

“Si Ku-tegin n’avait ete, un grande nombre d’entre vous auraient trouve la mort. Mais mon frere Kul-tegin perit, moi-meme je me desolai…”

Агар Кул-Тегин бўлмаганда, ораларингиздаги минглаб кишилар ўлим топган бўлурдилар. Кичик укам Кул-Тегин вафот этди, мен унинг учун ғам-ғуссага ботдим. Кўрар кўзим кўрга айланди, билган илмим номаълум бўлиб қолди. Ўзим эса андуҳ ичраман. Парвардигор вақтни яратди, инсон эса ўлимга маҳкум. Кўп йиллар дарду алам мени ўртади. Кўзларимга ёш келиб, юрагимга қил сиғмади. Наҳот икки шаҳзода, ёш биродарларим ва ўғилларимнинг, қўмондонларим ва одамларимнинг кўзу қошлари йиғидан озор топса, дея ўйлаб ғуссага ботдим.

Йиғлагувчилар ва азадорлар каби, Sитан ва Татаби аҳолиси Удар-сенгунга тегишлидир. Хон Табғач Ичи Лиангга тааллуқлидир. У кўплаб совға-салом ва нокерак олтину кумуш келтирди. Тибет хонидан булон келди. Ортидан, ғарбдаги кунботар томондан, Сўғд, Форс ва Бухородан уларнинг хони Ниан-сянг келди. Ўн-ўқ ўғилларимдан, Турғузхондан денгиз мушуги овловчилар Макрач ва Ўғуз-Билга келди. Қирғизхондан Тардуш Инончи Чўр келди. Мақбара қуриш, тошга ўйиб ёзиш учун Хитой Императорининг устаси Чянг-сенгун келди.

Кул-Тегин Қўй Йилининг ўн еттинчи куни ғойиб бўлди. Унинг жанозасини тўққизинчи ойнинг йигирма еттинчи куни ўтказдик. Ва биз ушбу абадий тошни ўрнатдик...»

Рус роҳиби давом этди:

Мен гўё ўзимнинг жанозамда ҳозир бўлгандай ҳис қилдим ўзимни. Бироқ меники анча қисқа давом этса керак. Ҳеч қандай тош ва унинг устидаги ёзувсиз албатта. Рашидиддиннинг Ат-Тоҳарийдан келтиришича (бу кишини қайсидир бир саҳрода бошларидан жудо қилишган), баъзи яширин ёки йўқотиб юборилган матнга кўра, Несториалик роҳиб ҳам улар билан бирга бўлган. Баъзида, ёлғизлик онларимда мен гўё бу воқеани ва уни жуда яхши биладигандай ҳолга тушаман. Магар яхшиси бас қила қолдим. Қадрли дўстим, Исо Масиҳ йўқотиб юборишни сўраган идиш менинг қўлимда, уни ажойиб бир тарзда сақлаётирман, шундай қилиб суҳбатимиз ниҳоясига етади. Аллоҳ сиздан рози бўлсин, дуо қилиб туринг...»

8.

Жудаям таъсирчан одамман-да. Бу сўзни тўғри ишлатдимми-йўқми, ҳарқалай аввал ишлатмоқчи бўлганим «ишонувчан» дан кўра яхшироқ бу сўз. Айтмоқчиманки, мени ишонтириш жудаям осон. Янги газетанинг ҳар бир сони фикримни ўзгартириши мумкин. Ушбу мурожаатномани Ефрем Валаамовдан ўқиш учун, нечоғли таъсирланганимни тасаввур қилаверинг. Жудаям инсофли одамман шекил, лекин ҳар бир чақириқ ўзимни айбдордай ҳис қилишимга мажбур қилади, гўёки вазиятга кўра ҳаракат қила олмаяпгандайман.

Фонтенеблодаги шоҳона паркда ҳайрат ичра сайр қила туриб, унинг чеккароқдаги қисмига келдим ва қадим дарахтлар остидан оқаётган эрта кузакнинг тип-тиниқ жилғасига тиззалаб эгилдим. Илк сариқ баргчалар сокин оқаётган сув юзасида ўйнар, бу менга саҳродаги воҳанинг аста-секин емирилиш жараёнини эслатди. Ғамгин бўлиб қолдим. Йўқ, ўзим учун эмас, балки ўзим билган неча одамларнинг умри учун. Гўёки нафақат ўзимнинг жанозамда, балки барчамизнинг умумий ҳаётимиз жанозасида қатнашаётгандай чуқур қайғу ичра қолдим...

9.

Дарахтнинг тўкилган барги мисол сирли Ўлимнинг жилғаси аро сурилиб борар эдим. Ким мени ўлдирмоққа қасд қилди? Нега? Наҳот, маълум бир нуқтадан, яъни Лук билан ҳамкорликни бошлаганимдан бери ҳаётимдаги ҳар бир нарса ўлим ҳақида кечган бўлса? Қандай хато ўтди ахир?

Бу саволларми ёхуд қизиқонлигим, билмайман, мени қўлимда мавжуд барча маълумотларни текширишга ундаган нарса нима экан, ҳар қалай ўшандан бери ватимнинг асосий қисмини Париж кутубхоналари ва музейларида ўтказдим. Аввал Ефрем Валаамовдан бошладим.

Мен унинг бир қанча мактублари, мақолалари ва ҳатто Тибет тарихига бағишланган китобини топдим. Буларнинг аксариятини ўқиб чиқиб, аста-секин унинг қиёфасини қайта тиклай бошладим. У Русия вилоятларидан бирида туғилган бўлиб, ота-боболарининг келиб чиқиши татар миллатига мансуб бўлган. (Шу ўринда бир машҳур гапни билиб қўйсангиз ёмон бўлмасди: «Ҳар бир руснинг сирини кўчирсанг, тагидан татар чиқади». У «сири кўчмаган» руслардан эди.) 19-аср бошида дорилфунунни тугатгач, у ўзини руҳоний бўлишга тайёрлади ва кейинроқ роҳиб бўлди. Гарчи у роҳиб бўлса-да, ҳеч қачон турмушни диний ёки дунёвий деб иккига ажратгани йўқ. Александр Пушкин унинг дўстларидан бири эди. 19-аср адоғида уни православ делегациясининг аъзоси сифатида Марказий Осиёга, кейинчалик эса Тибетга юборилди ва у бу ерларда маҳаллий тилларни ўрганиб, қўлёзмалар йиғиш билан машғул бўлди. Сафари сўнггида у Петербургга 15 карвонга юк бўлгулик китоблар келтирди. Номаълум сабабларга кўра, Або Ефрем мансабидан четлаштирилиб, Валаам Роҳибгоҳига жўнатилади ва у шу ерда Валаамов деган шариф олади. Бир неча йил у шарқ қўлёзмалари устида иш олиб борди. Кейинчалик рус ҳукумати унинг режаларини Марказий Осиёни кенгайтириш ва колонизация мақсадларида ишлатиш учун бу шарманда роҳибдан фойдаланишни, уни яна бир бор ярим-махфий юмуш билан ўша узоқ ўлкаларг аюборишг ақарор қилади. Мен Або Ефремнинг жосус бўлган-бўлмагани ҳақида бехабарман, лекин унинг бир қанча қўлёзмаларни рус ва француз тилига ўгиргани, Марказий Осиё тарихи ва турмуши тўғрисида бир жуфт илмий китоб эълн қилгани маълум. Шу тариқа уни Уйғуристонда, аниқроғи, Қошғарда ҳибсга олишган ва у бунда қандай вафот этгани маълум эмас. Шекспир айтганидай, ана шунақа кечди унинг ҳаёти.

(Давоми бор)

 
 


 

 
   
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Муаллифларнинг фикри таҳририят нуқтаи назари билан тўғри келмаслиги мумкин.
Матнлардан фойдаланганда уларнинг
www.jadidlar.orgдан олингани кўрсатилиши шарт.