Бош сахифа

Лойиха ҳақида

Хабарлар

Мақолалар
 
Бадиий адабиёт

Бош саҳифага қайтиш


 
 

ҲИКОЯЛАР

 
 
 
Ушбу матн
1226 марта ўқилди.
 
 
Хостинг от uCoz
 

Кўк турклари асири
 
10.

Лукдан ҳеч бир хабар бўлмади. Гарчи Урумчидаги портлашлар анча ғавғога сабаб бўлса-да, менга шундай туюлдики, Лук билан умуман ҳеч ким қизиқмади. Ҳеч ким унинг учун қайғургани йўқ. Магар Лукнинг ўзи мисол учун Зев тўғрисида бирор нима билар эдими? Дарвоқе, Зевга нима бўлди? Лукка етказишим керак бўлганим кундалик дафтарни ҳар тун ўқиб чиқарканман, илмий қоғозларни ҳисобга олмаганда, у асосан, Зевнинг Ксиа-Чанг исмли ярим хитой, ярим уйғур қизга ошиқ бўлиб қолганлиги ҳақидаги ишқ-муҳаббат ёзишмаларидан иборат эди. Гапнинг лўндасини айтганда, у қизни машҳур «Ҳангшен Бингуа» ёнидаги такси турар жойида учратганди. Ўшанда у бўм-бўш «Ҳолидей Ин»да кечки овқат қилиб қайтаётганди, шу ерда унга бир италян конструктори маҳаллий аҳолининг хиёнаткорлиги хусусида уни огоҳлантириб эди. «Улар кулиб туриб, бошингиздан айириб кетишлари ҳеч гапмас», деган эди саккиз йилдан бери шунда яшаб келаётган италян. Такси турар жойида Зев меҳмонхонанинг нариги тарафидан шошиб келаётган қизга кўзи тушди. Улар айни бир таксининг олдида бир-бирларига урилиб кетай дейишди, шунда Зев унга илтифот билан йўл берди, бунга жавоба қиз уйғур тилида унга ташаккур айтди. Зевнинг ёзишича, у уйғурчани жуда зўр билмаса-да, лекин ўша лаҳзада уйғурча нимадир чиройли гап айтишнинг уддасидан чиқа олган. Бундан қиз ҳайратга тушган. Уларнинг шарқ шеъриятига меҳри баландлигини билган Зев агар бир-икки дақиқа вақтини аямаса қизга уларнинг қадим бир шоирлари тўғрисида қизиқ бир ҳикоя айтиб беришини илтимос қилган. Қизга бу гап ёқиб тушиб, «жоним билан» дея унга қулоқ тутган. У бу ўринда ёлғон ишлатган, чунки у ҳикоя қилмоқчи бўлгани уйғур эмас, балки турк (гарчи иккиси ҳам бир) шоири Фузулий эди. Кунларнинг бирида Фузулий кўзасига қудуқдан сув олаётган бир араб қизини учратиб қолибди. Унинг гўзаллигидан ҳайратга тушган Фузулий сўрабди: Менинг кимлигимни биласанми, эй жонон? Мен туркийда шеърлар битадиган буюк шоирман. -- Мен туркчани билмайман, дебди гўзал. Уч кун ичида Фузулий араб тилида бир шеърий девон тартиб бердики, у бошдан оёқ ана шу гўзалга бағишланган эди. «Икки дақиқада бу ҳикояни сизга айтиб бердим, магар уч кун ичида мен ҳам Фузулий каби сизга бутун бир китобни бағишлаган бўлардим», хулосалайди ўз сўзини Зев. Қиз хахолаб кулиб юборади. Ўша тун улар биргаликда «Ҳуншанг Бингуа» рўпарасида турган таксига ўтириб, атрофни томоша қилишга кетишди.

11.

Мовий осмон остида ва қизғиш ернинг устида одам яралган. Менинг боболарим Буминхон ва Истамихон неча халқлар устидан ҳукмронлик қилиб ўтишди. Улар туркий халқлар бирлигини мудом сақлаб келишди. Дунёнинг тўрт тарафи ёғий эди. Улар бутун дунёни заб этиб, унда тинчлик-осойишталик ҳукм суришини таъминлашган. Елкаларига бош қўйганга қуллуқ қилиб, тиз чўкканнинг қаршисида эгилишди. Улар шундай оқилу доно ва ботир хон эдилар, уларнинг ишлари ҳам ақлга мувофиқ ва қўл остидаги одамлари мард ва жасур эдилар. Шу боис улар узоқ ҳукмронлик қилишди. Сўнгра эса абадий уйқуга кетмишлар.

Аза кунида кунчиқар томондан, табғачлар, тибетликлар, аварлар, романлар, қирғизлар, учқўрғонлар, ўтиз-татарлар, Sитанлар, татабилар, сон-саноқсиз одамлар йиғи ва азага тўпланишди. Улар ана шундай улуғ хон эдилар.

Шундан кейин уларнинг инилари, сўнгра уларнинг оғаларининг ўғли хон бўлишди. Кичик укалар катта акалари каби эмасдилар, ўғиллар оталарига ўхшамасди. Нооқил хонлар ҳукмронликни бошлашди, ҳокимият қўрқоқ хонлар қўлига ўтди, уларнинг тартиби ҳам маънисиз ва одамларида жасоратдан учқун йўқ эди. Турклар ўзларининг покиза эркагу аёллари билан табғачларга асир бўлмишлар. Мен-да бир Хон бўлдим, фақат бадавлат халқ устида эмас, балки на ичи овқатга ва на таши киймга ёлчиган бир халққа. Шундоқ, бир камбағал ва беЧўра халққа хон бўлдим. Кичик укам Кул-тегин билан суҳбат қуриб шундай хулосага келдикки, аждодларимизнинг номи ва шавкатини сақлаб қолиш мақсадида, мен туркий халқларнинг саодати дея тунлар мижжа қоқмадим, кунлар ҳузурга берилганим йўқ. Кичик укам Кул-тегин билан ўла-ўлгунча меҳнат қилдик...

Мен бутун дунёни ўзимга бўйсундирдим ва барча халқлар менга бош эгди...

О, туркий халқлар, эшитяпсизми? Айтмоқчи бўлганимнинг барини ушбу абадий тошга ўйиб ёздирдим... Билга-хон...

12.

Кеча биринчи марта қаерда эканимизни ўз кўзим билан кўрдим. Ҳатто асирликда ҳам кишига ҳордиқ кунини ёдга соладиган кунлар бўлар экан. Қуёш янада ёрқин ва илиқ нур сочяпти, кун анча сокин ва ёқимли. Атрофингиздаги одмлар ҳам бир қадар хушкайфият. Гарчи буни метеоролик бошпанадан кўриш имкони йўқ эса-да, лекин ҳис қилиш мумкин. Икки соатча кейин мени яна ўша бир хил ҳис қоплади -- қўриқчиларимиз шахмат ўйнашар, Ли ва мен китоб ўқиб ўтирардик, лекин бирдан самода ҳарбий самолётларнинг овози эшитилди ва шу билан якшанба кунимиз ўз ниҳоясига етди. Қўриқчилар дарҳол бизни ушлаб, бошимизга қоп кийгизишди-да, бомбадан сақланадиган бошпанага судраб кетишди. Бу орада мен яқинлашиб келаётган ҳуштак овози ва жудаям яқинимизда бомба портлаганини эшитдим. Ҳаммаси бир лаҳзада содир бўлди: отишма, портлаш, тошларнинг ҳар томонга сочилиши -- дўзахни эслатувчи манзара, ҳозир мен уни бирма-бир таҳлил қиляпман: мен Лининг бақирганини эшитаман, тошларнинг қулаши, қояларга отилган танам, ҳуштак овози, эриб бораётгандайман... Лекин ўзим ҳақимда ўйлашга фурсат етмайди, магар шуни аниқ биламанки, миямга келган фикр шу эди: Ли ўлди! Йўқ, у тирик эди, уни судраб бораётган жангари тош босиб ўлганди. Шундай қилиб, биз ҳали бошпанага етиб улгурмагандик, секин силжиб борарканмиз, кимдир Лини туртар, бўралаб сўкар ва лаънатларкан, бошқа бир иккитаси мени тепа бошлади, Мен ғужанак бўлиб олдим, баданимнинг зирқираб оғриши ҳали тирик эканимдан дарак берарди.

Кейинроқ бизни бошпанамизга олиб келишди ва бошимиздаги қопларимиз билан шу ерда қолдиришди. Жангарилар бошлиғи келиб бизни бўшатишни буюрди. Мен юзимни кўролмасдим, лекин Лини анча моматалоқ қилиб қўйишганди. Юзимдан, йўқ, соқолимдан қон оқаётганини сездим. Командир ювиниб олишимизни буюрди, кейин қўриқчиларимиздан бири ҳалок бўлганини эълон қилди. Улар ибодат қила бошлашди. Нигоҳлари бургутникидай ўткир, хушбичим, сийрак соқолли келишган командир имомликка ўтди. Сўнг улар чиқиб кетишди, бир муддатдан сўнг бир чопар келиб, командир бизни ҳам кўмиш маросимига олиб боришни буюрганини айтди. Бир ой ичида илк бор бошимиздаги қопсиз юришга рухсат беришди.

Шундай қилиб, жанозага, оғриққа ва келгусида бўладиган қўрқувга қарамай, ўша кун якшанба эди. Гарчи атрофимиздаги қоялар мовий-қора, устимиздаги музликлар ва чўққидаги қор кўзни қамаштирадиган даражада оппоқ, ортимиздаги қуёш ортга қарашга қўймайдиган даражада ёрқин нур сочаётган бўлса ҳам. Бизни қоплаб олган қора-мовий осмон муздек ҳаводан нафас олган каби вужудимизга чуқур сизиб кирди. Мен шунда жангарилар йиғисини кўрдим. Ўлган биродарлари учун уввос солиб йиғлашар эди улар. Кейин қичқириб осмонга қарата ўқ отишди, сўнг командир бизга болға ва қалин ўткир пичоқ беришни, менга инглизчада, Лига эса хитойчада, ҳалок бўлган биродарлари исми, туғилган ва ўлган йилини қоятошга ўйиб ёзишни буюрди...

13.

Зевнинг кундалик дафтари менга ёд бўлиб кетди. Ундан Шиа Чангнинг биринчи бор уни ташлаб кетгани, эртасига интизорлик билан қизнинг қўнғироғини кутиши, қиз эса бир кун ўтиб қўнғироқ қилгани, уларнинг тунги извошда кўришишгани, Зевнинг қизни ўпгани-ю, алданиб қолгани ҳақидаги тафсилотлар аён эди менга. Бу чиндан ҳам айтса арзигулик ҳикоядир. Нвбатдаги учрашувда Зев қиздан уйига келишини қаттиқ туриб илтимос қилди. Аввалига қиз синглисини баҳона қилиб кўнмади. Лекин дарҳол нимадир харид қилиш Зевдан пул бериб туришни сўраб, таксига ўтирдди-да, магазинга кетди. Зев унинг қайтишини сабрсизлик билан кутди, орадан беш дақиқа ўтди, ўн дақиқа ўтди, бироқ қиз қайтиб келмади. Улар зим-зиё қоронғиликда шаҳар ташқарисидаги кимсасиз бир жойда эдилар, 15 дақиқа ўтгач, Зев безовта бўла бошлади, чурқ этмай турган ҳайдовчи бирдан тоқати тоқ бўлиб, соатига ишора қилди. Зев ундан қиз қаерда қолди, деб сўради инглизчада. Ҳайдовчи инглизчани билмаса-да лекин савол мазмунини илғади ва имо-ишора билан қизнинг кетиб қолганини тушунтирди. Кетган бўлса қайтардир, сўради у яна. Йўқ, деди ҳайдовчи. Ундай бўлса, нега бу ерда қаққайиб турибмиз? Зевнинг кайфи тушиб кетди, қандай бемаънилик, деди у. Ҳайдовчи елкасини қисиб қўйди.

Эртаси куни қизга қўнғироқ қилганда, у ёмғирдан кейинги осмондай тоза ва бокира эди. Зев уни на пул ва на алдангани учун айблади, биргина яна қачон кўришамиз, деб сўради. Қиз тайинли бир кунни айтди, лекин бу сафар тунги клубда учрашишга келишдилар.

Давоми бор

 
 


 

 
   
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Муаллифларнинг фикри таҳририят нуқтаи назари билан тўғри келмаслиги мумкин.
Матнлардан фойдаланганда уларнинг
www.jadidlar.orgдан олингани кўрсатилиши шарт.