14.
Гарчи улар ўчиб кетган матнига ишора қилишган бўлса-да, на Зев, на роҳиб Валаамов Култегин жанозаси тўғрисидаги ҳикояни давом эттирди. Шуни қўшимча қилишим керакки, Або Ефремнинг китобларидан бирида Шаҳзода мақбарасининг таърифини учратгандим. У тўрт юз фут майдонни эгаллаган хитойча услубдаги бинодан иборат эди. Асосий дарвозаларнинг икки тарафида бир-бирига қаратиб қўйилган қўчқорларнинг мармар ҳайкали қад ростлаган. Ичкарига томон кетган тор йўлакнинг охирида ҳовуз бўлиб, унинг ёнида ўйиб ёзилган машҳур тош бор эди. Бу тош каттакон мармар тошбақа устига ўрнатилганди. Орқа томондаги мақбаранинг ўзи ҳам ажойиб меъморчилик услуби билан шоҳ санъат асари каби кўрилмишди. Кул-тегин ва унинг аёлига бағишлаб ишланган сурат ва ҳайкаллар ибодатхонанинг ички томонини безаб турарди. Ташқи томонда муқаддас қадамжонинг атрофида Кул-тегин жангу жадалларда ўлдирган минглаб одамларга ўрнатилан тош ҳайкалларни кўриш мумкин эди... Бироқ Карпини китобига ёзган шарҳида роҳиб Валаамов Абулғозихон ва Ат-Тоҳарийни Манихей ва Зардуштийларга оид матнларни таржима қилган алломалар сифатида алоҳида таъкидлаб ўтади. Шунингдек, у хитой қўлёзмалари, жумладан, Ган-му ва бошқалар хусусида тўхталадики, кўпларининг номи эсимда қолмаган. Шу ерга келганда, Або Ефремнинг айтишича, ҳикоя кутилмаган бир услубда давом эттирилади, у «яширин» деган сўзни қўллайди бу борада.
15.
Мен Абулғозихонни ўқигандим, лекин Ат-Тоҳарийнинг «Тазкиратул-ғаройибатул-қадим»ига тааллуқли ҳикоянинг бошланишини топиб олдим. Яна қаерда денг, Парижда эмас, Фонтенблодан кўчиб ўтганим Бавариянинг Бамберг шаҳрида. Католикшунослик бўлимида мижозим бўлмиш Лук АҚШга кетишидан олдим ўша Тазкиранинг нусхасини берди. Бу ҳақда кейинроқ айтиб берарман. Аввал Кул-тегин азасидан сўнг нима содир бўлганидан сўзласам. Ат-Тоҳарий жуда исломий, бадиий бир йўсинда аза ҳикоясини қуйидагича давом эттиради:
«Саккизинчи кун Билга-хоқон ўзининг оппоқ шоҳона чодирида барча меҳмонларини жамлаб, уларга ҳамдардликлари учун миннатдорчилик билдирди, сўнг у доно вазири Тонгюқуққа мурожаат қилиб деди:
«Мен дунёнинг тўрт бурчини ишғол қилдим, магар суюмли жигарим Кул-Тегиндан жудо бўлганимдан буён, бу ишдан қониқиш ҳосил қилмай қўйдим. Мен курраи заминда неча ўлкаларни ўз тасарруфимга олдим, мен маконни қўлга киритдим, лекин замон тутқич бермади. Сиз тўрт томондан келган энг ақлли кишиларсиз, вақт устидан қандай қилиб ғалаба қозониш мумкинлигини айтишингизни истайман. Бу ишни ўзингиз бошлаб беринг. Сиз атрофимдаги ўнта чодирда қолиб, йўқотиш нелигини билмайдиган ирли бир душман билан олишгайсиз. Шу тариқа жаҳоннниг бори донолигини менга билдиргайсиз ва мен уни абадий тошларга ўйиб ёзгум...
Доно Тонгюқуқ чуқурдан чуқур ғам-андуҳ ичра жим қолди...»
Кейинчалик ёзмишларида Ат-Тоҳарий Билга-хонни бутпарастликда айблайди, Билга, деб ёзади у, туманлик ва жаҳолат ичра яшарди, магар у дунёнинг турли бурчидан жанозага йиғилганлар -- Удар-сенгундан келган Sитан ва Татаби, Табғоачхон номидан кераксиз олтину кумуш келтирган Ичи Лянг, Тибетхон тарафдан ташриф буюрган булонларнинг тақдири нима кечгани тўғрисида ҳеч нарса демайди. Орқа тарафдан, ғарбдаги кунботардан, Сўғд, Форс ва Бухородан келганларнинг, Нян-сянг хоннинг ўғли, Тургишхон тарафдан Он-окнинг ўғиллари тамғачилар Макрач ва Ўғуз-билгаларнинг аҳволи не кечди?
У ҳатто бу кишиларнинг гаровга олинганлиги хусусида ҳам лом мим демайди.
16.
Баъзан Гумбазли Ибодатхонага қараган дераза ёнида ўтириб ўша одамлар ҳақида ўйга чўмар эканман, менга шундай туюладики, улар ҳақида қанча кўп маълумотга эга бўлсам, шунча кам биладиганганга ўхшайвераман. Одам сенга қанча яқин бўлса, уни шунча яхши билмайсан, деганлари тўғрими ё? Мана, масалан, ўзим мени шу турклар билан овораи сарсон қилиб қўйган Лукни яхши биламанми ўзи? Афсуски йўқ.
Бамбергдаги меҳмонхонада Исо Масиҳ ҳақидаги китобни ўқир эканман, Лукнинг оиласига мактуб ёзишга қарор қилдим. У тўғрисидаги энг сўнгги хабарларни ҳисобга олмаганда, балки улар Лук ва Зев ҳақида бирор янги нарса дея олишар. Чунки Лукниниг тақдири Зевники билан жуда ўхшаш бўлиш эҳтимолдан холи эмас.
Ўшандан кейин, эртаси куни Зев меҳмонхона яқинидаг тунги клубга боради. Қизил кийимдаги киши уни ктиб олиб, пастга бошлашди. Саёҳатларга бой ҳаётида Зев кўплаб тунги клубларда бўлган, лекин буниси бўлакча эди. Балки хитойча мусиқа, шарқона атир ҳиди ва ёки Шиа Чангнинг кутилмаганда қоронғилик ва сирлилик ичра ушбу клубнинг ғаройиб эгаси каби пайдо бўлишими, ишқилиб, нимадир уни бутунлай эсанкиратиб қўйди. Томирларида оқаётган тоза яқудий қонмиди ёхуд ажнабийга хос туйғуми уни яхшиси бу ерга келмагани маъқуллигини айтиб турган. Шиа Чанг уни алоҳида хонага бошлаб кириб, хизматкорга Хитой виносидан келтиришни буюрди. У хўп деганча чиқиб кетди. Хизматкор столни тузата бошлар экан, Зев бир-икки сўм пули учун Шиа Чангни айблагани ёдига тушиб, анча хижолат бўлди. Қиз жудаям сахий бўлиб кўринди унга. Столга хилма-хил Хитой мева-сабзавотлари ва турли-туман винолари қўйилди. Аввал қиз илиқ сўзлар айтди ва бирга қадаҳ кўтаришди. Хитой виноси анча аччиқ экан. Зевнинг боши айланиб кетаёзди. *Шу ҳайҳотдай жой сенга қарашлими?* - сўради у овозини кўтариб. *Йўқ, мен бунда шунчаки бир раққосама*, - жавоб берди қиз. *Хўш, ким учун рақсга тушасан?* - сўради Зев дарҳол. *Сенга ўхшаганлар учун*. Бу ҳақоратмиди ёки рағбат? Зев жим қолди, чунки унинг кўз ўнгида беҳаё романлардаги яланғоч ҳақиқат намоён бўлган эди.
17.
Бир ҳафта ичида мен Лукнинг севгилисидан мактуб олдим. Ҳа, бу ҳозирги кунда ҳам тез-тез учраб туради. Мен севгилиларни назарда тутяпман. Бунинг устига, қиз америкалик лейди бўлиб, ота-боболари муқаддас ғордаги Шаҳзода ота ва она бўридан тарқаган туркларнниг энг қадимий манзилгоҳлари саналмиш Олтойдан бўлишган. Қиз буни фахр билан ёзибдики, унинг севгилиси изланиш олиб борган халқлар тарихи билан қизиқишимдан бирмунча хабари бор эди. Унинг ёзишича, афсуски Лукдан ҳеч бир хабар йўқ, у ҳали ҳам таъқиб остида ва гарчи Америка Элчихонаси Хитой ҳукуматига протест билан мурожаат қилган эса-да, у билан кўришишга ҳеч кимга рухсат берилмаётган эмиш. У мен билан кўришиш истагини билдирибди, чунки улар учун Лукни ҳибсга олишларидан аввал у билан охирги марта кўришган инсон мен эдим. Мен қизга факс юбордим ва ҳафта ўтиб у билан Нюреюбергда кўришдик.
Аввал бошдан мен ўзимни айбли сеза бошладим, чунки у блан кўришганимиз ондан бҳаёларча қизни ўзимга қаратишга уриндим. Менинг ўрнимда бошқа киши бўлганда ҳам шундай қилган бўларди: келишган жононлар каби қиз мендан баландроқ, ҳаддан зиёд гўзал ва сарвқомат эди. Яна денг у мен билан кўришгани келди. Айни пайтда мен бу қизни маликадай хаёл қилдим, ўзим эса сўлаги оқиб ётган оч бўридай бир алфозда эдим. Уятим ҳам қолмабди!
Уят-э ўзимга, чунки бирдан барча ишимни унутиб, ақлу ҳушимдан айрилдим, фақат қизга қулоқ тутарканман, унинг нима деётганини тушунмай, ғунчадек лабларига ва унга уйғун равишда ёниб турган қароқларига суқланиб қараб турардим. Ҳатто қаерда турганимизни ҳам унутиб қўяёзибман.