Муҳаммад Солиҳ 1949 йил 20 декабрда Хоразмнинг Урганч туманида дунёга келди. Ўрта мактабни тугатгандан сўнг Совет армиясида хизмат қилди ва 1970 йилда Тошкент Давлат Университетининг журналистика факультетига ўқишга кирди.
1975 йили Университетни битириб, газета ва нашриётда ишлади. 1977 йилда илк шеьр китоби чиқди, ўша йили Москвадаги Олий Адабиёт Курсларига ўқишга кетди ва 1979 йилда курсларни тугатиб Тошкентга қайтди.
Солиҳнинг сиёсий фаолияти 1985 йилдан бошланди.
Солиҳ 1985 йил январ ойида 53 та ёш шоир имзо чеккан илк сиёсий манифестнинг муаллифидир. Бу ҳужжат Ўзбекистон Коммунистик Партияси Марказий Комитети идеолгия котибининг аксилмиллий сиёсатига қарши Политбюрога ёзилганди.
Горбачев бошлаб берган "қайта қуриш"нинг дастлабки кунларидаёқ Солиҳ сиёсат майдонининг марказидан жой олди.
У "Бирлик" ҳаракатининг асосчиларидан бири.
1989 йил "Бирлик"даги бўлинишдан сўнг, Солиҳ Эрк партиясини қурди ва унга раҳбарлик қила бошлади.
1990 йил март ойида Олий Кенгашнинг депутати бўлиб сайланди.
20 июн 1990 йилда Эрк партияси тарафидан тайёрланган Ўзбекистонннинг Мустақиллик Декларацияси Олий мажлисда кўпчилик овоз билан қабул қилинди.
Солиҳ 1991 йило 29 декабрда ўтган Президентлик сайловларида Эрк партиясидан И.Каримовга қарши президент номзоди кўрсатилди ва расмий маьлумотларга кўра 12.7 фоиз овоз олди. Халқ наздида ва сайловни кузатган хорижий кузатувчиларнинг фикрига кўра овозларни санаш жараёнида жуда кўп сохтагарчиликларга йўл қўйилди.
Сайловдан 18 кун сўнгра Президент Каримов буйруғи билан талабалар ўққа тутилди ва икки талаба шаҳид бўлди. Мухолифат газеталари ёпила бошлади. Баьзи мухолиф лидерларга ва Солиҳга "Миллий мажлис" тузишда айблаб уйдирма жиноий иши очилди.
1992 йил декабрдан 1993 йилгача "шаҳардан чиқиши тақиқланган" мақомида яшади.
1993 йил апрел ойи бошида ҳибсга олинди ва Ички Ишлар Вазирлиги ертўласига ташланди. Бир неча кундан сўнгра дунё жамоатчилиги тазйиқи билан озод қилинди.
1993 10 апрелда Эрк партияси раҳбарияти қарори билан аввал Бакуга, у ердан Туркияга кетди.
Бу кечган ўн бир йил ичида Каримов режими Солиҳни ҳеч унутмади. У қаерга кетса, Ўзбек хукумати ўша мамлакатдан Солиҳни тутиб беришларини талаб қилди.
Ўзбекистоннинг талаби билан Туркия ҳукумати Солиҳни бир неча марта ўлкасидан депортация қилди.
Каримов ҳукумати Солиҳга бир неча марта суиқасд қилишга уриниб кўрди.
Муҳаммад Солиҳ 1999 йил Тошкент портлашларида айбланди ва 2000 йили Тошкент тарафидан 15.5 йил қамоқ жазосига ҳукм этилди. Унинг укалари Комил, Муҳаммад ва Абдурашидлар ҳам ҳеч бир сабабсиз 10-15 йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилдилар.
2001 йил Солиҳ Прага шаҳрида Ўзбекистон талабига асосан ҳибсга олинди. Дунё жамоатчилигининг кучли тазйиқи остида 15 кундан сўнг судгача бу ҳибсдан озод қилинди. Чех Жумҳурияти президенти Вацлав Хавел Солиҳнинг янглиш ҳибсга олингани учун узр сўради ва Солиҳни ўз саройида қабул қилди.
Муҳаммад Солиҳ 20 дан ортиқ китоб чоп этди, дунё шоирлари ва ёзувчиларининг асарларини таржима қилди.
Мухаммад Солиҳ ҳақида дунёнинг турли хил тилларида юзлаб мақолалар ва бир нечта китоби чоп этилган.
У оилали, 5 нафар фарзанди ва 3 нафар набираси бор.
Эрк партиясига юрт ташқарисидан раҳбарлик қилмоқда.