Бош сахифа

Лойиха ҳақида

Хабарлар

Мақолалар
 
Бадиий адабиёт

Бош саҳифага қайтиш


 
 

МАКТУБЛАР

 
 
 
Ушбу матн
1417 марта ўқилди.
 
 
Хостинг от uCoz
 

Ёзувчи Мамадали Махмудовнинг суд залидан ёзган мактуби
 
Бу хатни тўқсон тўққиз фоиз ёпиқ ҳолда, юзлаб қуролланган погонли, каскали кишилар қуршовида кечган суд залида ёздим. Унинг бир нусхасини бир амаллаб умр йўлдошим Муқаддас Махмудга бердим. Мақсадим: кўплаб нусхага кўчирилажак бу хатни Сизларга етказиш... Менга қасддан қилинган тўхмат-бўҳтонлару жабр-зулмларни шу қоғозда акс еттирдим...

1999 йил 19 феврал куни кеч соат олтиларда қора ниқоб кийган зўравонлар мени ўғирлаб кетишди.

Воқеа шундай юз берди: мен ‘’Тико”да маҳалламиз (Салар-1) дўконига борган едим. Умр йўлдошим Муқаддас Махмуд ёнимда эди. Дўкондан чиқишим билан қора ниқоб кийганлар алланарса билан менинг бошимга уришди. Кейин мени судраб, буклаб машинага тиқишди. Умр йўлдошимнинг чинқириғи, маҳалладошларимнинг қий-чувлари қулоғмга чалиниб қолди. Бу ҳодиса яшин тезлигида кечди. Ойлар кечароқ билсам, ниқобдорлар ‘’Тико”мизни ҳам ўғирлаб кетишибди. Мени ўғирлашган соатнинг ўзида бу зўравбонликни бутун маҳалла, сўнг Ўзбекистон, сўнг дунё билди...
Ҳар куни ‘’тоталитар тузим’’ деб ёмонлаётганимиз – СССР пайтида ҳам менга бундай ваҳшийлик қилинмаган.

Мустақиллик даврида миллий ёзувчини асоссиз равишда таҳқирлаш – зулмми, адолатсизликми, буни ўзларингиз баҳоларсизлар.

Мабодо 16 феврал воқеасида менинг тариқча ҳам айбим бўлганда эди мен ўз уйимда бўлмас эдим... Менинг ҳам ўзимга яраша ақл-фаросатим бор... Бу пайтда мен, олти-етти ойдан бери, уйдан ешикка чиқмай китоб ёзаётган эдим.

Мадомики мендан гумон қилинса, мени қонун йўли билан чақирса бўлмасмиди? Қонунга қарши ким боряпти?

Ниқобдорлар менга қора ниқобни терс кийдиришганда, мен ҳушимга келдим. Улар мени уриб, сўкиб тагларига босиб олишди. Тағин ҳушимдан кетдим. Тошкентдан номаълум томонга тахминан 2-3 соатча (кейин сездим...) йўл босилгач, мени зулмат ичида уриб, тепиб, судраб, сўкиб, таҳқирлаб номаълум ертўлага олиб тушишди. Ниқобда ҳеч нарсани кўрмадим. Сездим. Фақат эшик яқинида саноғи йўқ ваҳший итларнинг ваҳший вовуллашларию ертўлада тарс-турсларни, аянчли инграшлару, дод-фарёдларни эшитдим.

Вужуд-вужудни ларзага солиб юрак-бағримни сил этувчи бу чинқириқ, инграш, йиғиларга одам боласи чиқай олмайди. Бу олис, овлоқ, номаълум ертўлада ҳар куни шундай...

Мени қўрқув босди, ‘ном-нишонсиз ўлдириб юборишади’ деб ўйладим. Мен инграб юбордим. Тағин мени сўкиб, тахқилаб, уриб тепишди. Менинг қўлларимни орқамга қайириб, кишанлашди. Мен қимирласам, кишан менинг қўлларимни баттар қисарди.

Кейин қанча кун, қанча тун кечди, мен билмадим, менинг қўлларимни кишандан ечишмади. Қишда тақир, заҳ ерда, ўттиз учта та танга-танга тешикдан совуқ иззилаб кираётган бетон зиндонда бир ярим ойча бир ўзим юпун, ҳўл ва қонга беланган ҳолда ўлим билан олишиб ётдим...

Номаълум ертўлада мени юзида холи бор йигит сўроқ қилди. Унинг ёнида доим ниқоб кийган баҳайбат-баҳайбат уч палач тўппонча ва дубинкаларда турди. Сўроққа мени ниқобдорлар ниқобда, кишанда камерадан олиб чиқар, сўнг шу зайлда – ниқобда, кишанда судраб чалажон ҳолда олиб келар эди. .

Юзида холи бор кимса менга ўзини таништирмади.

У мени истаган онда ўлдириши, Ахмаджон Одиловдай қамоққа чиритиши, уй-жойимни ёқиши, бола-чақамни автоҳалокатга йўлиқтириши, уларга турли-туман тазйиқлар қилиши, менинг умр-йўлдошим билан икки қизим ҳам шу зиндонда экани, кўз олдимда зўрлашлари ва ўзига шундай хуқуқ берилганлиги хақида қайта-қайта таъкидлади.

Бундай ишларга олтин, пул аямаслигини айтди. Юзида холи борнинг буйруғи билан, айрим кечаларда балки унинг буйруғусиз ниқобдор уч палач (ниқобдорларга нисбатан палач сўзини юзида холи бор айтган) мени кўз кўриб, қулоқ ешитмаган усуллар билан қийнади. Дубинкаларда уравериб, тепавериб қонга белади. Менинг соғ ерим қолмади. Бутун баданим қорайиб, кўкариб, шишиб кетди. Қўл-оёқларимни куйдирди. Игнадан тирноқларим қорайиб, қўпорилиб кетди. Орқамга қўлларим кишанланган ҳолда мени соатлаб осиб қўйди. Менга аллақандай уколлар қилди. Аллақандай суюқликлар ичирди...

Мен юзлаб марта ҳушимдан кетдим, мени юзлаб марта ҳушимга келтирди.

Мен ҳушимдан кетган онларимда, қишда, совуқда менинг бошимга совуқ сувлар қуйди, бурнимга аллақандай сасиқ нарсаларни тиқди... мен ҳўл уст-бошим билан муз зиндонда ёлғиз ўзим тун-кунларни чидаб бўлмас азобда ўтказдим...

Менинг ҳар куним, ҳар туним қўлларим кишанланган ҳолда олис, овлоқ, номаълум ертўлада шндай қийноқ, азоб билан кечди. Мен бу қоғозда менга берилган мингдан бир азобни ёздим. Мен бунчалик ёвузликлни бирон китобда ҳам ўқимаганман, бирон кинофилмда ҳам кўрмаганман.
Ўз ўлимимга рози бўлдим. Тинимсиз хўрлаш, таҳқирлаш, қийноқлардан ўлим енгил. Фақат бир нарсага – болаларимни кўрмай ўлаётганимга, ўлигимни ҳам уларга бермаслигига ачиндим.

Оғир қийноқлар сўнгида юзида холи бор кимсанинг буйруғи билан қип-ёлонғоч қилиб ечинтиришди, сўнг ўлим стулига ўтқазишди. Сўнг қайтадан менинг қўл-оёқларимга кишан солишди ва ҳамма ёғимни чандиб боғлашди.

Мен ҳаёт билан видолашдим.

Болаларим, набираларим кўз олдимдан ўтди. Бундан менинг юрак-бағрим эзилиб қон бўлди. Оғир, тўхтовсиз хўрсиниклар томоғимга тиқилди. Ҳаётдан ном-нишонсиз кетаётганимдан, жасадим кулга айланажагидан, бундан болаларим, набираларим, умр йўлдошим хабар топмаслигидан хўрлигим келди. Ўзимга-ўзим ачиндим.

Менга ўлим қопи кийдиришди. Палачлар менга 5 марта ўлим қопи кийдиришди. Кейин юзида холи бор кимса:

- Тошкентдан ‘’ҳозир ўлдирилмасин’’ деган буйруқ олдик, деди, менга – энди сени ойлаб қийнаб ўлдирамиз ё айтганларимни ёзиб берасан. Яна мени тунлар, кунлар қийнашда давом этишди. Мен юролмай, ўтиролмай қолдим. Чала жон ётдим. Менинг оёқ-қўлларим яралардан шишиб, йиринглаб кетди. Туфлим оёғимга сиғмай қолди. Дубинкалар зарбидан пайпоқларимнинг тит-пити чиқиб кетди. Мени терговхонасига яланғоёқ ҳолда ўликдай судраб олиб борар, терговдан судраб олиб келар, юзимдан қора ниқобни, орқамга қайирилган қўлларимдан кишанни ечмас эди.

Хотиним билан қизаримни ўртага қўйишди...

Бу олис, овлоқ, номаълум, қўрқинчли ертўлада аёлларнинг оҳ-фарёдларига одам зоти чдолмас еди!
Сўнгсиз қийноқлардан сўнг ‘’истаганини ёзиб бераман, хотиним билан қизларимнинг ор-номусларини сақлаб қоламан, сўнг судда хақиқатни айтаман’’, деб ўйладим. Ва шундай қилдим. Шундай қилишга мажбур бўлдим.

Мажбур этишди!... Ҳатто ‘’16 февралда ҳамма ерни мен портлатдим’’, деб ёзиб бердим.

Шундан кейин мен кўчада юрган ҳар қандай бегуноҳ одамга ҳам мислсиз, даҳшатли қийноқлар билан ундан шундай ёздириб олишлари мумкинлигига ишондим.

16 феврал воқеасини ким қилган? Кимлар?
Бу асл хақиқат вақт кечароқ очилади. Албатта очилади...
Лекин бунда Муҳаммад Солиҳнинг қўли йўқ. Шоир одам, ўз миллатини ўзидан ҳам ортиқ севадиган одам бундай қилмайди. Мен Муҳаммад Солиҳни етарли билганимдан шундай дейишга журъат этдим...

Юзида холи бор менга шундай деди:

- Кўп одамларнинг ҳаётларини сақлаб қолишинг учун ҳам ёзасан, ҳали телевизорда ҳам чиқасан, кейин Муҳаммад Солиҳни ўлдириб келасан...
Айни шу гапларни менга уч марта айтди. Мен қандай одамларнинг ҳаётларини сақлаб қолишим керак эди? Бу менга қоронғу ҳам сирли эди.

Холи бор кимсадан буни сўрадим. У менга жавоб бериш ўрнига ўлимдай совуқ тикилди. Шундан кейин мен унга дедим:

- Мен қотил эмасман, ёзувчиман.

- Сен шаҳшан президентнинг назоратидасан... – деди юзида холи бор кимса, - сенининг ҳар қадамнинг ўлчанган... Истаган пайтда сени ‘’ол’’ дейиши мумкин... Ёз!...Юзида холи бор мендан ҳамма нарсани президент номига ёздириб олди.

Унга бундай эрк, чексиз хуқуқни ким берган, билмадим. Мени тўкиб ташлади, мен бутунлай соғлигимдан айрилдим. Мени халқаро холис экспертлар экспертиза қилишларини сўрайман. Мутлақо махфий равишда турли йўл, усул, найранглар билан, ёлғон, тухмат, бўхтонлар билан ўлдириб юборишлари, менинг оиламга турли-туман тазйиқлар қилишлари мумкин. Бу ҳақда айтишди ҳам...

Мени ва оиламни булар зулмидан ҳимоя этишларингизни сўрайман.

Мен Муҳаммад Солиҳ тўғърисида соҳта нарсалар ёзишга мажбур бўлганимдан кейин, Ўзбекистон республикаси Ички Ишлар Вазири ўринбосари Сайфулла Асадов, тергов Бошқармаси бошлиғи Алишер Шарафиддинов, унинг муовини А. Эгамбердиевлар бир неча марта келиб кетдилар. Улар менга ўзларини таништирдилар ва мен билан одамларча муомалада бўлдилар. Мен уларда президентга садоқатни кўрдим.

Лекин мен ҳали номаълум ертўлада эдим...Ҳали менинг хаётим қил устида эди...Шу сабабли холи бор мендан нимани ёздириб олган бўлса, уларга ҳам шуни ёзиб бердим. Нима ёзган бўлсам, ҳаммасининг тагига соҳта қўл қўйдим...Бу олис, номаълум, ўлим ҳиди анқиган ертўлага врачлар ҳам бир-неча марта келиб кетишди. Мени даволашди. Ҳатто энди ниқобдорлар ҳам соғайишимга қарашди.

Чунки, мени телевидениега чиқаришлари керак еди...Тўҳмат текст... Сохта чиқув...

Баъзан, ниқобдорлардан бири (уни танийман, кўрсам учовини ҳам танийман) маст ҳолда мен ётган зиндонга кирар, мендан доллар талаб этар... мени урар, тепар, сўкар эди. Тунда бу мудҳиш ҳол кечар эди...

мактубнинг давоми бу ерда>>>>

 
 


 

 
   
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Муаллифларнинг фикри таҳририят нуқтаи назари билан тўғри келмаслиги мумкин.
Матнлардан фойдаланганда уларнинг
www.jadidlar.orgдан олингани кўрсатилиши шарт.