Бош сахифа

Лойиха ҳақида

Хабарлар

Мақолалар
 
Бадиий адабиёт

Бош саҳифага қайтиш


 
 

МАКТУБЛАР

 
 
 
Ушбу матн
1132 марта ўқилди.
 
 
Хостинг от uCoz
 

Ёзувчи Мамадали Махмудовнинг суд залидан ёзган мактуби
 
мактубнинг боши бу ерда >>>>

Бу номаълум, қўрқинчли ертўладан ниқобдорлар менга ниқоб кийдириб, мени машинага юзтубан босиб, беш-олти марта ИИВга олиб боришди. Энди холи бор кимса кўздан бутунлай ўчган (мен уни суд маҳали август ойида ИИВ ертўласида тасодифан кўриб қолдим...), энди мен билан С. Асадов, А. Шарафиддинов, А. Егамбердиевлар шуғулланишар эди.

Дубинкалар зарбидан янги шим-кастюмим, кўйлак, майкаларим титилиб, йиртилиб кетган эди. Шу сабабли С. Асадов менга ички кийим, қора кўйлак, галстуг олиб берди. Шу кийимда мени ИИВ биносида телевизорга олишди... Текстни ўзлари ёзиб беришди.

Мен уч кеча-кундуз ИИВ биносида қолиб шу ёлғон, Муҳаммад Солиҳга туҳмат текстни ниқобдорлар зулмида ёд олдим. Мажбуран ёд олдим. Ёд олдиришди...Бу муҳим экан! Жуда муҳим экан!...

‘’Шахсан президентнинг ўзи кўради... Энди сенинг ҳаётинг шунга боғлиқ... Балки эрта-индин уйингга ҳам бориб қоларсан...’’ дейишди... Ҳали мен узоқ ва номаълум ертўлада едим. Ҳали менинг хаётим қил устида эди...

ИИВ биносида мени тўрт марта телевизорга олишди.Телевидение ходимлари мени ниқобда олиб киришди. Ниқобдорларни ҳам. Бир марта эмас, бир неча марта...

Нима учун мени ИИВда тўрт марта телевизорга олишганининг сабабини айтишди...

‘’Президентга ёқмаяпти... Сохта...’’ деб айтаяпти дейишди...Фақат тўртинчи ёзув тўғрисида индашмади.

Тағин мени узоқ, номаълум зиндонга олиб кетишди. Тағин тун ва кунларим ғариблик ва азоб-уқбатда кечарди.

Қоқ тунда бир ниқобдор маст ҳолда менга:

- Агар яна бир ҳафта ўлмай турсанг, кейин узоқ яшайсан, - деди.

Бир ҳафта кечди. Мен ҳали тирик эдим. Тунда ўша ниқобдор темир эшикни шарақлатиб очиб, мен ётган камерага кирди. У маст эди. Сўнгги дамларда менга зулм қилишдан ўзини анча тийган эди у. Баъзан ҳатто унинг юзида кўзида менга нисбатан ачиниш аломатлари ҳам бордай туюларди. Балки, мен янглишаётгандирман. Ҳар ҳолда менга шундай туюларди... У менинг елкамга оғир қўлларини қўйиб деди:

- Старик, агар яна 15 кун ўлмай турсанг 50 йил яшайсан... - деди.

Мен бу қоғозда унинг сўзларини айнан келтирдим.

Бу гаплар... Бу сирли гаплар...

Уларга ҳам кўникиб қолган эдим... ‘’Тангри буюргани бўлади’’ деб ўйладим.

19 февралдан апрел ойининг қайси бир кунигача мени номаълум зиндонда сақлашди. Кейин кутилмаганда ниқобдорлар мени уриб, тепиб, ИИВ ертўласига олиб бориб ташлашди. Шунда қўлимдан кишанни, юзимдан ниқобни олишди.

Апрел ойида, яъни мени ўғирлаб кетишгандан бир ярим ой ўтгандан кейин шаҳар прокуратураси қамоққа олишга санктсия берди. Бир-ярим ойдан кейин. “Устувор қонун’’ ҳурматими, бу?

Энди мен шу гапларни айтишни ўз бурчим деб биламан.

Жадидлардан кейин мен ўз элимнинг миллий ёзувчисиман. Бунга менинг китобларим гувоҳ. Ҳамма асарларимни мен Туркистоннинг миллий озодлиги, Истиқлоли учун ёзганман.

Миллатим, ватаним озодлиги – менининг ҳаётим.

Лекин биз, бизлар орзу қилган, курашган, Миллий Озодликка – мустақилликка еришганимиздан сўнг мен не учундир таъқибдаман, тазйиқдаман, қамоқдаман.

Бу иккиюзламачи ғаразгўй ‘’дўст’’ларнинг ишларими?

1991-1994 йилларда мен Ўзбекистон Республикаси Жамғармаси Бошқарувининг раиси эдим. Бу ташкилотни йўқдан юқорига олиб чиққанимизни эл билади...

1994 йил 3 март куни тонгда қуролланган бир қанча киши менимг уйимга қорадори, тўппонча, ишхонамга ҳам қорадори қўйиб, мени ИИВ ертўласига тиқишди.

Мен ИИВ ертўласида 5 ой 18 кун туҳматдан азоб-уқубатда ётдим.

Ертўлада тутқунни 10-15 кундан ортиқ сақлаш қонунан мумкин эмас.

Лекин...

Сўнг мени яна 9 ой зиндонда сақлашди.

Қама-қама билан одамни, жамиятни тузатиб бўладими? Бу эл бирлигини бузишга олиб келмайдими? Бу узун кечмишдан маълум эмасми?...

Қорадори!...

Тўппонча!...

Бу қадар жўн (примитив), бу қадар ачинарли бу!

Ёзувчини шундоқ нарсалар билан қамаш – фожеа!...

Бу бир менинг фожеамми?...

Бу туҳматга ким ишонади? Ҳатто ёввойи ҳам ишонмайди. Нима мен бангиманми ё қотилманми?!

Қорадори...

Тўппонча...

Касаллик... Буюк касаллик... Туҳмат, қасд касаллиги!...

Терговда бир марта ҳам мендан ’’қорадорини қайердан олдинг, тўппончани қаердан олдинг?’’ деб сўрашмади. Ҳатто номига ҳам сўрашмади.

‘’ЭРК’’ газетасини қайердан олдинг деб сўрашди, азоб беришди.

У пайтда мен (ишдалигимда) ‘’ЭРК’’ газетасини уйимга ким ташлаб кетганини билмас эдим. Шунча газетани ўз хоҳишим билан президент девонига ва ИИВга топширган едим. Бу хақда уша замонда юртдаги тегишли ерларга ўнлаб хатлар ёзганман... Аммо ҳеч бирига жавоб олмаганман...

Яхшиликка ёмонлик бўлди. Мени 4 йилга озодликдан маҳрум этишди ўшанда.

‘’Заказ...’’ дейишди. Президентнинг номини айтишди... Балки президентга туҳмат қилишгандир? Бу ёғи менга қоронғу.

Энди, замонлар кечароқ ‘’ЭРК’’ газетасини уйимга КГБ одами Ахтам Розиқов қўйиб кетгани аниқ бўлди. Буни мен хозирги терговда ҳам, хозирги судда ҳам айтдим. Улар эшитишни ҳам исташмади. Мени қасддан, туҳматдан қамашганига ким, кимлар жавоб беришади?

Ахтам Розиқов Самарқанд шаҳар, Титов кўчаси 1-уйда яшайди. Адолат бўлса мени Ахтам билан юзлаштиришларини ва чин (хақиқат) қарор топишини истардим.

Мени қасддан, туҳматдан қамашганини балки президент билмас? Қуйидагилар унинг номидан иш кўргандирлар?

Чунки мен қамоқда 2 йил, 5 ой, 6 кун ўтирганимдан кейин президент менга Озодлик берди: афв...

Аслида мен ‘’ЭРК’’га ҳам, ‘’Бирлик’’га ҳам аъзо эмасман. ‘’ЭРК’’, ‘’Бирлик’’ газеталарига бир чизиқ нарса ҳам ёзмаганман. Уларнинг ҳеч биридан намойиш, митингларида қатнашмаганман, тегишли идора... буни чуқур текшириш ўрнига менга тухмат қилаяпти. Буни ‘’ЭРК’’, ‘’Бирлик’’ аъзоларидан сўрашса ҳам бўлади. Ахмад Аъзамга ўхшашлардан сўрашса ҳам бўлади.

Мен Муҳаммад Солиҳни турк дунёсининг миллиётчи, йирик шоири, кенг билим эгаси, тўғрисўз одам деб биламан.

Эл, юрт дили бошқа, тили бошқа, манфаат пардаларига чирманган кимсалардан чўчиса бўлади.

Дил, тил бирлиги – элимиз келажаги... Мен президентни кимга, қайерда ёмонлабман? Мен президентни қайси газетада қоралаб ёзибман? Ҳар бир одам каби менинг ҳам президент тўғрисида ўз фикрим бор. Бу менинг шахсий фикрим, нисбий фикрим. Бунинг нимаси ёмон? Фикр билдириш ҳеч бир замон таъқиқланганми?

Мен ҳеч ерда, ҳеч қачон Муҳаммад Солиҳ билан президентни қуршаб олиш тўғрисида гаплашмаганман. Менимча бу бирон ишга илиниш илинжида бўлган Алишер Бегибайевнинг уйдурмаси. Агар шу гапларим ёлғон бўлса: қани аниқ далил-исботлар?

Мен ёнимга одам тўплаган бўлсам, қани ўша одамлар? Ҳеч бўлмаса, биттасининг исмини айтинг.

Мен тўпланган одамларга юз доллардан берибмишман. Қани бунга далил-исботлар? Ҳеч бўлмаса битта исбот борми?

Мен 1998 йилда Юсуф билан Туркияда бозорда учрашган эмишман. Бунга асос борми? Мен умримда фақат бир марта Туркияга борганман. 1992 йилда.

Терговда, судда менга қойилган айбларнинг биттасининг ҳам исботи йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки бунинг ҳаммаси тухмат!

Тўғри, 1998 йил 2 марта мен Киевга, Муҳаммад Солиҳнинг олдига борганман. Хўш, бунинг нимаси ёмон? Мен бошқа ёзувчилар ҳам унинг олдига бориб келишаяпти-ку... Борган одам фитна уюштираверадими? Уюштирса, бунга аниқ исбот қани? Йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки фитна тўғрисида мутлақо гап бўлмаган. Ортиқча хуқуқ берилган тизим нима деса, туҳмат қилса ҳам тўғри бўлаверса - охири нима бўлишини билмадим. Олдин ҳам шу тизим мени туҳмат билан қамаган эди. Яна туҳмат билан қамади. Ишни ҳалол йўл билан очиш керак. Ишни туҳмат билан, хўрлаш билан, қийноқ билан, мислсиз жабр-зулм билан очадими? Мислсиз қийноқ-ҳар қандай туҳматни гуноҳсизнинг бўйнига қўяди. Бу ёвуз усулнинг умри қисқа.

Алишер Бегибаев!

12 йилга кесилган одам озгина ўтирмай қамоқдан чиқди. Бунинг сабаби нимада ёки қаерда?...

Муҳаммад Солиҳнинг қарз гапини – таклифини Алишерга айтдим, холос. У: ‘’акани олдига бирга бориб келайлик’’ деб туриб олди. Алишер билан Муҳаммад Солиҳнинг олдига иккинчи марта бордим. Ўз нафси балоси йўлида бировга туҳмат, жабр қилиш билан бахтга эришиб бўлмайди.

Охир оқибат ўзи қазиган чуқурга ўзи қулайди. Бу ўзбекнинг асрлар давомида синалган мақоли.

Алишернинг бир балоси борки, уни терговга ҳам, судга ҳам чақиришмади...Ўша кезда Алишер Бегибаев Тошкентда эди.

Терговчи Илҳомжoн Турғунов менда айб йўқлигини ич-ичидан биларди. Лекин кўрсатма бўйича иш тутишга мажбур... эди. Мен буни шахсан унинг ўзига айтдим. ‘’Шуни сезибсиз, шунга ҳам рахмат. Илож қанча?...’’ деди у. Энди Илҳомжон бу гапни тан оладими, йўқми, буни Тангри билади.

Моддаларни ҳам талай марта алмаштирди...

Сохта ‘’шерик’’лар ҳам топди...

Спектакл...

Суд... Қора ниқоб кийганлар мени ўғирлаб кетишганидан тортиб, ҳамма гапни судга айтдим. Бироқ у менинг бирор гапимни инобатга олмади. ‘’Ёлғон!’’ деди.

Мени 14 йилга озодликдан маҳрум этди. Спектакл тугади.

Бу кетишда Олий Судда ҳам спектакл ўзгармайди.Мен фақат Сизлардан адолат кутаман.Чуқур ҳурмат билан, тутқун ёзувчи Еврил Турон (Мамадали Махмудов) Ёпиқ суд зали

18 август 1999 й.

 
 


 

 
   
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Муаллифларнинг фикри таҳририят нуқтаи назари билан тўғри келмаслиги мумкин.
Матнлардан фойдаланганда уларнинг
www.jadidlar.orgдан олингани кўрсатилиши шарт.